Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистондан Европагача: чет элда банкоматдан пул ечиш фоизи қанча?

Қозоғистондан Европагача: чет элда банкоматдан пул ечиш фоизи қанча?

Бугунги кунда фуқаролар пластик карталаридаги пулларни банкоматлар орқали нақд пул қилиш хизматидан деярли ҳар куни фойдаланиб келмоқдалар.  

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳудудидаги айрим банкларда нақд пул ечиш бўйича комиссия тўловлари 3 фоизгача оширилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Хўш, Ўзбекистонга қўшни ва бошқа айрим хорижий давлатларда банкоматлар орқали нақд пул ечганлик учун неча фоиз комиссия тўлови амалга оширилади? Бу борадаги хорижий амалиёт Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти таҳлил қилинди.

Аниқланишича, Қозоғистонда картадаги пулларни банкоматлар орқали нақд пул қилишда фуқароларга анча қулайлик яратилган. Ушбу давлатдаги кўплаб банкларда картадаги электрон пулларни бир ойда маълум бир миқдоргача нақдлаштиришда комиссия тўловлари ундирилмайди, яъни текин.

Масалан, «Altyn Bank»ка тегишли бўлган «Gold» пластик картадан фуқаролар 1 ойда 400 минг тенге (9 200 000 сўм) миқдоригача пулни комиссия тўловисиз нақдлаштиришлари мумкин, 400 минг тенгедан ортиқча қисмидан 1% комиссия тўлови ва 500 тенге (11500 сўм) ундирилади.

Шунингдек, «Альфа-банк»ка тегишли бўлган «Alfa Wow» пластик картадан фуқаролар 1 ойда 500 минг тенге (11 500 000 сўм) миқдоригача пулни комиссия тўловисиз нақдлаштириш имкониятига эга, 500 минг тенгедан ортиқча қисмидан 0,95 % комиссия тўлови ундирилади.

Қирғизистонда ҳам картадаги пулларни банкоматлар орқали нақдлаштириш учун комиссия тўловининг миқдори Ўзбекистонда белгиланган фоиз ставкаларидан камлигини кўриш мумкин.

Масалан, «Элкарт» деб номланувчи пластик картадан миллий валютада пул нақдлаштирилганда максимум 0,6 % гача комиссия тўлови ундирилади. Комиссия тўловининг миқдори нақдлаштириладиган пул миқдорига боғлиқ, бироқ 0,6 %дан ошмайди. Қирғизистонда аҳолининг катта қисми ушбу картадан фойдаланишади.

«Элкарт» пластик картаси қайси банкда очилган бўлишига қараб комиссия тўлови фарқланади. Масалан, «Оптима Банк»да очилган пулни банкоматларда нақдлаштириш комиссия тўловисиз амалга оширилади, «Keremet bank»да очилган «Элкарт» пластик картасидан пул нақдлаштирилганда 0,3% комиссия тўлови ундирилади.    

Россия Федерациясида агарда нақдлаштириш пластик карта очилган банкка (шу жумладан, филиалларига) тегишли банкоматларда ёки уларнинг ҳамкорларига тегишли бўлган нақдлаштириш пунктларида амалга оширилса, комиссия тўлови ундирилмайди.

Пластик карта очилган банкдан бошқа банкларга ёки банкнинг ҳамкорларига тегишли бўлмаган нақдлаштириш пунктларида карталардан пул нақдлаштирилганда 1 фоиз комиссия тўлови олинади.

Германияда ҳам банкоматларда нақд пул ечишнинг ўзига хос тизими мавжуд. Ушбу давлатда аҳолининг катта қисми EC-карта («Electronic Cash») дан фойдаланади.

EC-картаси очилган банкка тегишли банкоматларда ва ушбу картани ўқийдиган бошқа махсус банкоматларда картадаги пулларни нақдлаштириш учун комиссия тўлови ундирилмайди.

Қолган банкоматларда эса картадаги пул нақдлаштирилганда ҳар бир операция учун ўртача 5 евро ундирилади.  

Литва ва Эстонияда кўплаб фуқаролар «Swedbank»да очилган банк карталаридан фойдаланади ва улар ушбу банкка тегишли банкоматларда 1 ойда 600 еврогача пулни комиссия тўловисиз нақдлаштиришлари мумкин. Агарда лимитдан ошса, ошган сумма қисмининг 0,29% комиссия тўлови сифатида тўланади. Агарда бошқа банкоматларда пул нақдлаштирилса, 2 %, бироқ 3 евродан кам бўлмаган миқдорида комиссия тўлови ундирилади.      

Хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, пластик карта қайси банкда очилган бўлса, ўша банкка тегишли банкоматларда пул нақдлаштирилганда (1 ойда) маълум бир суммагача комиссия тўлови ундирилмайди ва фақатгина белгиланган лимитдан ошган қисмидан маълум бир сумма комиссия тўлови сифатида ундирилади. Шунингдек, айрим давлатларда картада пенсия ва ижтимоий тўловлар бўйича мавжуд пуллар нақдлаштирилганда комиссия тўлови ундирилмайди. 

Бозор муносабатлари тобора ривожланиб бораётган Ўзбекистон ҳудудида ҳам ушбу тажрибани амалиётга татбиқ этиш давлат иқтисодиётининг ривожланишига ва аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилади.    

Қаҳҳор Жумаев,
Адлия вазирлиги  ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходими.

 

 

 

 

 

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг