Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шарофиддин Тўлаганов

Чаталхёюк – инсоният яшаган илк шаҳар(ми?)

Чаталхёюк – инсоният яшаган илк шаҳар(ми?)

Замонавий Туркияда «Тарихга садоқат» лойиҳаси ҳаётга татбиқ қилиб келинмоқда. Гап шундаки, мамлакат ҳудудларида ҳар бир қадимий обида давлат муҳофазасига олинган. Мана шундай тарихий ёдгорликлардан бири ибтидоий одамларнинг Чаталхёюк (Çatalhöyük) тураргоҳи ҳисобланади.1993 йилда қазишма ишларида иштирок этган археолог Иэн Ходдернинг фикрича, қўрғон эрамиздан аввалги 7100-5600 йилларга оид деб қаралади. Неолит даврига оид мазкур тураргоҳ 1956 йилда инглиз археологи Жеймс Мелларт томонидан топилган. Гап шундаки, 1956 йилда профессор Жеймс Мелларт (ўша пайтда у аспирант эди) томонидан топилган Чаталхёюк тураргоҳи неолит давридаги одамлар ҳаёти борасидаги тасаввурларни бутунлай ўзгартириб юборди. Тарих ҳақидаги фикрлар ҳам ўзгарди. Меллартнинг тан олиб айтишича, ўшанда у шов-шувли топилма кашф қилишини кутмаган эди. Шунчаки, у бир ўқитувчининг таклифи билан Ҳожилар қишлоғи яқинидаги атрофи текислик бўлган иккита тепаликни текшириб кўрмоқчи бўлган. Чунки маҳаллий деҳқонлар бу тепаликдан вақти-вақти билан турли топилмаларга дуч келиб турган.

Анатолия қадимий цивилизацияларни ўрганувчи олимларнинг эътиборига тушмаган эди, аммо инглиз археолог олими  Ж.Мелларт илк кашфиётидан беш йил ўтиб, яъни 1961-1963 йилларда олиб борган қазишма ишлари туфайли бу ерда Чаталхёюк деб аталмиш қадимий одамларнинг тураргоҳлари топилди. Кўплаб олимлар бу қўрғонни инсониятнинг биринчи шаҳри деган фикрни ўртага ташлаган. Айрим олимлар эса илк цивилизация дейди. Чунки, шу кунга қадар Ер юзидаги илк цивилизация шумерларга тегишли дея тан олиб келинарди. Яъни, Месопотамияда ташкил топган деҳқончилик маданияти аввалига Яқин Шарқ, сўнг Туркия ва Европага тарқалган деган қарашлар мавжуд эди. Замонавий Туркиянинг марказий ва жанубий минтақаси бўлмиш Анатолия ўша даврда «ёввойи чекка ўлка» сифатида кўрилиб келинарди. Энди эса айнан Анатолия инсоният тамаддунининг илк ўчоғи сифатида кўрила бошланди.

Чаталхёюк туркчадан таржима қилинса, «Санчқи кўринишидаги қабрлар қўрғони» деган маънони англатади. Жаҳон цивилизациясининг қадимий ёдгорликлари сирасига кирувчи мазкур тураргоҳдан 13 та маданий қатлам топилган.

Олимларнинг сўзларига қараганда, қўрғонда кўчалар бўлмаган, уйлар бир-бирига боғланиб кетган. Шу сабабли ҳам олимлар «одамлар ўз уйларига томдан тушган бўлиши керак» деган фикрга келдилар. Уйларнинг деворларига одамлар, ҳайвонлар акс этган суратлар чизилган.

Бу ердан топилган «Ҳосил илоҳи» статуэткаси айни дамда Анқарадаги Анатолия цивилизация музейида сақланмоқда экан. Мажмуага кираверишда ҳайкалнинг нусхасини кўришимиз мумкин.

Чаталхёюк қўрғонида одамлар бундан икки минг йил аввал ҳам истиқомат қилгани айтилади. У иккита қўрғондан ташкил топган. Шарқий қўрғон катта ва қадимий бўлса, Ғарбий қўрғон сал кичикроқ. Айни пайтда ҳар икки қўрғонда қазишма ишлари олиб борилмоқда (қиш фасли бўлгани боис қазишма ишлари вақтинча тўхтатилган). Олимларнинг фикрича, қадимда битта уй одамларга 60-70 йил хизмат қилган. Шундан сўнг аста-секинлик билан эски уйлар устига янги уй қурилган. Шу тариқа тепалик ҳосил бўлган. Археологларнинг фикрича, иккита қўрғонда 10 минг одам истиқомат қилган. Улар томонидан 2 мингга яқин уй қурилган.

Эски уйлар устига янгилари қурилаверган. Уйларда эшик-дераза бўлмаган. Фақат томга чиқиш туйнуги ва нарвон бўлган. Мана шу туйнук орқали уйдан ташқарига чиқилган ва уйга кирилган. Туйнук вентиляция вазифасини ҳам бажарган. Олимларнинг фикрича одамлар томма-том юрган. Деворлар лойдан қурилган. Томга эса ёғоч ишлатилган. Битта уйда ўнлаб кишилар истиқомат қилгани тахмин қилинади. Уйлар қабристон вазифасини ҳам бажарган – кимдир вафот этгудек бўлса, шу ернинг ўзига кўмилган. Олимларнинг фикрича, аввалига жасад бир неча кун очиқ ҳавода қолдирилган. Уйга эса фақат инсон суягини кўмишган.

Қўрғондан бирорта устахона, каттароқ майдон, маъмурий бино топилмади. Шу сабабли ҳам тарихчилар Чаталхёюкда марказий бошқарув бўлмаган деган фикрни ўртага ташладилар. Шунингдек, олимлар бу ерда матриархал жамият ҳукмронлик қилган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Аммо қўрғонда патриархал ва матриархал жамият бўлмаган. Одамлар тенг ҳуқуқли бўлган дегувчилар ҳам топилади.

Қўрғонлар майдони 13 дан 20 гектаргача. Айни дамда атиги 5 фоиз ҳудудда қазишма ишлари олиб борилмоқда. 1958 йилда бошланган тадқиқот вақтида 200 тага яқин уй қазилган бўлиб, кейинчалик ишлар тўхтатиб қўйилди. Фақат 1990 йилларда қазишма ишлари қайта тикланди. Аммо секинлик билан олиб борилди. Янги тадқиқот гуруҳи қазишма ишларига масъулият билан ёндашди. 2000-йиллар бошларида қазишма ишларида турли мамлакатдан келган ва маҳаллий аҳоли вакилларидан иборат 200 дан ортиқ киши – олимлар, волонтерлар қатнашди.

Қазишмада иштирок этган олимларнинг фикрича, Анатолияда қишлоқ хўжалигига мослашган одамларнинг тураргоҳлари мавжуд бўлган. Одамлар чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланишган. Аммо Чаталхёюк аҳолиси ёзма қуролдан фойдаланмаган, шу сабабли ҳам ўзларидан бирорта ҳам ёзма манба қолдиришмаган. Ёзма манбаларнинг йўқлиги сабабли ҳам қўрғон аҳолисининг нималар билан шуғуллагани, диний қарашлари ҳақида маълумот олишнинг имкони бўлмади. Археолог қазишмалар вақтида топилган барча артефактлар ҳамон ўрганилмоқда. Бироқ қўрғоннинг сирлари сирлигича қолмоқда. Масалан, нима учун уйларнинг эшиги йўқ, одамлар уйга нима учун том ошиб кирган, нима учун уйлар девори буқаларнинг гипсдан қилинган бошлари билан безатилган?

Қазишма ишларида қатнашган ҳамда инсон ва ҳайвон қолдиқларни ўрганиб чиққан остеологлар (антропологиянинг суякларни ўрганувчи йўналиши олимлари)нинг фикрича, одамлар мол, қўй ва эчкилар боққан. Буғу, ёввойи эшак, ёввойи буқа, тўнғиз ва леопардларни овлаган.

Чаталхёюкка бориб, у ердаги шароит билан танишган ҳар бир сайёҳ ибтидоий одамларнинг санъатига қойил қолади. Ибтидоий одамлар томонидан ишланган статуэткаларда ўтирган ва турган инсонлар, ҳайвонлар (қўй, буқа, леопард) акс этган.

Маълумки, одамлар бир жойда узоқ асрлар мобайнида истиқомат қиладиган бўлса, ер сатҳи аста-секин баландлаб бораверади. Шу тариқа, тарихчилар тили билан айтганда, маданий қатлам пайдо бўлади.

Хоналардан топилган инсон суяклари ўрганилганда, эркаклар ўртача 35 йил, аёллар ўртача 30 ёшгача яшагани маълум бўлди. Аммо узоқ умр кўрувчилар ҳам бўлган.  Оқсоқоллар 60 ёшгача яшаган бўлиши мумкин. Болалар ўлими юқори бўлган.

Қўрғон аҳолиси тўқ яшаган. Тош асри бўлгани учун ҳам одамлар бой ва камбағалга бўлинмаган эди. Маълумки, одамлар бронза асридан бошлаб табақалана борган.

Бугунги кунда неолит даврига оид энг йирик ва яхши сақланган қўрғон дея тан олинган Чаталхёюкда археологик тадқиқотлар халқаро ташкилотлар, жумладан Туркия Миллий география жамияти, Британия археология Институти кўмагида олиб борилмоқда.

Чаталхёюкдаги қазишма ишлари  ибтидоий одамларнинг ўзига хос шаҳар ҳаётига ўта бошлаганидан далолат берувчи  анжомлар топилгани боис қўрғон инсоният яшаган илк шаҳар сифатида тан олинган. Шу сабабли ҳам бугунги кунда Чаталхёюк ЮНЕСКОнинг маданий мерос рўйхатига киритилган.

Шарофиддин  ТЎЛАГАНОВ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг