Чарлз III кунига 200 та хатга жавоб берадиган одам қидиряпти
Британ қироли Чарлз III нинг хатлар бўлимига бошлиқ қидирилмоқда. «Хатбоши» қирол, қиролича-консорт Камилла, шаҳзода Уилям ва Кейт Миддлтонга келган хатларга жавоб бериши керак, деб ёзмоқда Daily Mail.
Қироллик оиласи уларнинг хатларига «эҳтиёткор ёндашувчи» ҳамда «дид билан сараловчи» одамни қидираётганини маълум қилган. У таваллуд саналари ва бошқа оилавий айёмлар муносабати билан келувчи мактубларга «одатий жавоблар»дан ташқари, «шахсан жавоблар ёзиш» қобилиятига ҳам эга бўлиши лозим, дейилади кеча қироллик оиласи сайтида пайдо бўлган эълонда. Номзодлар 27 ноябргача ариза топширишлари керак.
Хатбошининг маоши — йилига 60 минг фунт стерлинг (тахминан 70 минг АҚШ доллари). Қиладиган иши қироллик котибиятида ўтириб, ҳафтасига беш кун, жами 37,5 соат ишлаш. Осон ишмас, масалан, марҳум қиролича кунига 200 тагача, йилига 70 мингта чамаси мактуб олган.
Афтидан, Букингем саройига келаётган хатларнинг охири йўқ, шундай экан, янги ходим ҳар куни дунёнинг турли нуқталаридан йўлланган юзлаб мактубларни эплашига тўғри келади.
Қироллик хатбошисига қўйилаётган талаб шу билан тугамайди: одамларни бошқариш бўйича кучли иқтидор эгаси бўлиши, шунча хатларга жавоб ёзишдан ташқари, вақти келганида шахсий котиб ўринбосари вазифасини ҳам бажариши талаб этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter