Чанг бўрони туфайли «тез ёрдам» чақириш кўпайди – ССВ
Жорий йил 4-5 ноябрь кунлари мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида, хусусан, Тошкент шаҳрида мавсумга хос бўлмаган чанг-қумли бўрон ҳодисаси кузатилиб, бунинг оқибатида атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 5 баробар, куннинг айрим вақтларида эса 30 баробарга ошгани кузатилди.
Ёғингарчилик кутилмаётгани боис мутахассислар ҳаводаги зарарли чанг-ғубор яқин кунлар ичида ҳам сақланиб қолишини таъкидламоқда. Қолаверса, «Ўзгидромет» сўнгги 150 йил ичида Ўзбекистонда бундай ҳодиса кузатилмаганини маълум қилди.
ССВ матбуот хизматига кўра, ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилиб, «Тез ёрдам» хизмати томонидан аҳолига зарур тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.
— 4 ноябрь куни «Тез ёрдам» хизматига жами чақириқлар сони 4082 тани ташкил этиб, 3 ноябрь ҳолатига кўра, мурожаатлар сони 649 тага ошди, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр БЎРИБАЕВ. — 5 ноябрдан 6 ноябрь соат 06.00га қадар умумий чақириқлар сони 4110 тага етиб, нафас олиш билан боғлиқ мурожатлар сони 709 тани (жами чақириқларнинг 17,2 фоизи) ташкил қилди. Шундан аллергик реакциялар билан 36 та, бронхиал астма ҳуружи билан 122 та мурожаат бўлиб, уларнинг 11 таси госпитализация қилинди.
Эслатиб ўтамиз, юртимиз аҳолиси бундай об-ҳаво шароитида зарурат сезганда, ўз ҳудудидаги оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникаларга мурожаат қилиб, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишлари мумкин.
Бундан ташқари, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда туман ва шаҳар бўлимларида зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган.
Қолаверса, аҳоли Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «1003» қисқа рақамли Саll-марказининг малакали мутахассисларидан чангли ҳаводан қандай ҳимояланиш бўйича туну кун керакли маслаҳат ва тавсиялар олишлари мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter