Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Cергей Лавровнинг қизи сафарга чиқди – орқасидан ғавғо чиқди

Cергей Лавровнинг қизи сафарга чиқди – орқасидан ғавғо чиқди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг қизи Екатерина Винокурова қариндошининг тўйини ўтказиш учун Грузияга борди. Аммо Ғарб санкциялари остида бўлган аёлнинг сафари норозилик намойишларига сабаб бўлди.

Хабарларга кўра, Екатерина Винокурованинг турмуш ўртоғи, тадбиркор Александр Винокуровнинг укаси ўз тўйини Грузия шарқидаги Кахетия тарихий ўлкасида ўтказмоқчи бўлган. Қайнуканинг тўйи ўтиши режалаштирилган Kvareli Lake Resort беш юлдузли меҳмонхонаси маросим муносабати билан икки кунга ёпилган.

Россия ТИВнинг қизи келганидан хабар топган грузиялик фаоллар ва мухолифат вакиллари меҳмонхона ёнидаги норозилик намойиши ўтказган. Намойишчилар меҳмонхонадан чиқаётган микроавтобусларга тухум улоқтирган. Полиция 16 кишини ҳибсга олган.

“Мтавари” телеканали Екатерина Винокурова ҳам шу меҳмонхонада бўлгани, аммо кейинроқ Грузияни тарк этгани ҳақида хабар қилган.

Грузия президенти Саломе Зурабишвили тўй ўтказмоқчи бўлган оила мамлакатдан чиқиб кетгани, маросим Грузия ҳудудида ўтмаслиги ҳақида баёнот берган.

Маълумот ўрнида, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва унинг оила аъзоларига нисбатан Ғарб мамлакатлари томонидан санкция жорий қилинган. Санкция уларнинг ушбу мамлакатлар ҳудудига киритилмаслигини ҳам кўзда тутади. Грузия санкцияларга қисман қўшилган, аммо Россияга нисбатан иқтисодий чекловлар киритишдан бош тортган.

Аввал хабар берганимиздек, президент Владимир Путиннинг  фармони билан жорий йил  15 майдан эътиборан Грузия фуқаролари учун Россия киришда виза талаби олиб ташланди. Кремль рус авиаширкатларининг Грузияга учиши бўйича қўйилган тақиқни ҳам бекор қилди.

Грузиянинг Москвага хайрихоҳ экани айтиладиган иқтидордаги партияси бу қарорни олқишлади. Президент Саломе Зурабишвили эса ушбу қадамни “Украинани бомбалаётган Россиянинг навбатдаги провокацияси” деб атади. Мухолифатга кўра, Россия ушбу чора орқали Грузиянинг Европа Иттифоқи билан яқинлашувига халал бермоқчи.

Грузия ҳамда Россия муносабатлари 2008 йил август ойида рўй берган беш кунлик урушдан кейин кескин ёмонлашган. Ўшанда Россия Грузиянинг икки айирмачи ҳудуди – Абхазия ва Жанубий Осетияга қўшин киритган ва пировардида уларнинг мустақиллигини тан олган эди. Бунинг ортидан Тбилиси Москва билан дипломатик алоқаларни узган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг