Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Буюк Британияни коронавирус пандемиясидан ҳам кучлироқ хатар кутмоқда

Буюк Британияни коронавирус пандемиясидан ҳам кучлироқ хатар кутмоқда

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ҳамда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.

Фото: «PA Media»

Буюк Британиянинг Европа иттифоқидан чиқиши борасида томонлар якуний тўхтамга кела олмаяпти. Музокаралар ижобий натижа бермаса, ўзаро танглик рўй бериши мумкин. Хусусан, Буюк Британия коронавирус пандемиясидан ҳам кучлироқ хатарга рўбарў бўлиши башорат этилмоқда.

Буюк Британия Евроиттифоқ таркибидан расман жорий йил 31 январда чиқди, аммо амалда 31 декабрга қадар иттифоқ таркибида саналади. Бунга қадар Брюссель ҳамда Лондон ўзаро савдо-иқтисодий келишмовчиликларни бартараф этиши лозим бўлади.

Ўтган 11 ой давомида томонлар эркин савдо ва квота масалаларида тил топиша олмади. Ҳафта якунида Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ҳамда Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ўртасида соатлаб давом этган музокаралар ҳам самарасиз якунланди.

Гарчи бош вазир ҳамда Еврокомиссия етакчиси томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда музокаралар давом этиши қайд этилган бўлса-да, аксар таҳлилчилар мулоқот ижобий якунланишига шубҳа билан қарамоқда. Буни инглиз бош вазирининг «Ҳозирги ҳолатда айрим муҳим масалалар бўйича келишмовчиликларимиз жуда кўп» деган фикри ҳам тасдиқлайди. 

Томонлар келгусидаги иқтисодий муносабатлар қай тартибда кечиши борасида якдил хулосага кела олмаяпти. Брюсселга кўра,  Буюк Британия ЕИ таркибидан чиқар экан, иттифоқ ички бозорида эркин савдо ҳуқуқидан маҳрум этилиши керак.

Айни чоқда, балиқчилик борасида ҳам келимовчилик мавжуд. ЕИ Буюк Британиядан ўз денгиз ҳавзаларида европалик балиқчиларга ов қилиш ҳуқуқини беришни сўрамоқда. Акс ҳолда, инглизлар ЕИ балиқ бозорига киритилмайди.

Инглиз ҳукумати ЕИ қўяётган талаблар қироллик суверенитетига дахл қилмоқда деб ҳисоблайди. 

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ўтган йилнинг июль ойида ўз вазифасига киришган илк кезлардаёқ Бирлашган Қиролликни Евроиттифоқдан энг мақбул шартларда олиб чиқишга сўз берган эди.

Аммо «Брексит» битими юридик жиҳатдан кучга киришига атиги икки ҳафта қолган бир пайтда Б.Жонсон жуда мушкул вазиятга тушди.

Гап шундаки, томонлар келиша олмаган тақдирда Буюк Британия ҳамда ЕИ ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар автоматик тарзда Жаҳон савдо ташкилоти доирасидаги умумий тариф ҳамда квоталар асосида йўлга қўйилади. Бу эса Буюк Британия ЕИ мамлакатларига дейлик, буғдой, мева ҳамда сабзавотлар (11,1 фоиз), гўшт (15,7) ва сут маҳсулотлари (35,4 фоиз) сотиш учун қўшимча бож тўлайди деганидир. Британиянинг йирик автомобилсозлик саноати зиммасига эса 10 фоизлик бож мажбурияти юкланади. Бу йилига қўшимча 5,7 миллиард евро харажат қилишни, янада аниқроқ айтганда, улкан бозорни бой беришни англатади. Қиролликнинг молиявий хизмат кўрсатиш жабҳаси, хусусан, банк сектори ҳам мушкул ҳолатда қолади деган хавотир мавжуд. Англия банки раҳбари Эндрю Бейли қайд этганидек, ЕИ таркибидан келишувсиз чиқиш Буюк Британияга коронавирус пандемиясидан ҳам қимматроққа тушиши аниқ.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг