Бухорода собиқ вилоят раҳбари лавозимдан бўшади
77 ёшли Когон тумани ҳокими Муҳиддин Эсонов соғлиги ёмонлашгани сабабли лавозимдан озод этишни сўраган. У турли йилларда 13 йил давомида вилоят ва яна икки туманга ҳоким бўлган.
Қайд этиш жоиз, Муҳиддин Турдиевич Ўзбекистоннинг Биринчи президенти томонидан 2011 йил 27 декабрда Бухоро вилояти ҳокими этиб тайинланган ва 2011-2016 йилларда Бухоро вилоятига ҳокимлик қилган. 2016 йилда президент Шавкат Мирзиёев фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 15-банди ва 102-моддасига кўра, лавозимидан озод этилган. Бир муддат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи сифатида ишлаган Муҳиддин Эсонов Бухоро туманига раҳбарлик қилган ва 2020 йилда Когон туманига ҳоким этиб тайинланган.
Маълум бўлишича, кейинги пайтларда вилоят ва туманларда 13 йил давомида ҳокимлик қилиб келган Муҳиддин Эсонов соғлиги ёмонлашганлиги боис, лавозимдан озод этишни сўраб, мурожаат қилган.
Унинг ўрнида Ғиждувон эркин иқтисодий зонаси дирекцияси давлат унитар корхонаси директори Отабек Қозоқов Когон тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда жорий йилнинг 13 март куни Халқ депутатлари Когон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари бўлиб ўтган сессиясида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов маълум қилди.
«Когон тумани географик жойлашуви, бой табиати, тарихий аҳамиятига кўра вилоятимиздаги истиқболли ҳудудлардан ҳисобланади. Мана шу имкониятлардан самарали фойдаланилганлиги сабабли Когон тумани сўнгги йилларда Муҳиддин Эсонов раҳбарлигида вилоятдаги иқтисодий жадал ривожланаётган туманлар қаторидан жой олди. Ўзининг бой раҳбарлик тажрибаси, бошқарувчилик қобилияти, қатъияти ва талабчанлиги билан туманда жонбозлик кўрсатди. Бунинг учун биз чин дилдан миннатдорлик билдирамиз. Бугун соғлиги туфайли сессияда иштирок эта олмаган бўлса-да, ўйлаймизки, бундан кейин ҳам узоқ йиллик тажрибаларини янги ва ёш ҳокимлардан аямайдилар», — деди сессияда Ботир Зарипов.
Сессияда вилоят ҳокими Ботир Зарипов туманнинг янги раҳбари бошчилигида ҳудудни ҳар жиҳатдан ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишларга батафсил тўхталди.
Маълумот ўрнида: Когон туманига янги тайинланган ҳоким Отабек Қозоқов - 2005 йилда Тошкент молия институти (кундузги), 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси (кундузги), 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини (кундузги) тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2005 йилда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият «Миллий банк» Бухоро вилояти бўлими Когон тумани филиали мижозларга хизмат кўрсатиш сектори етакчи мутахассиси сифатида бошлаган. Шунингдек, «Миллий банк» Когон тумани филиали кредит иқтисод бўлими бошлиғи-бошқарувчи ўринбосари, «Миллий банк» Ромитан тумани филиали бошқарувчиси, Бухоро вилояти инвестиция бошқармаси бошлиғи, Бухоро вилояти ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири лавозимларида ишлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter