Бухорода оёғи педалга ҳам етмайдиган 12 ёшли болага машинани ҳайдашга берган яқинлари жавобгарликка тортилди
Жорий йилнинг 21 сентябрь куни Бухоро шаҳридаги икки томонлама йўлда вояга етмаган боланинг автомашинани бошқариб кетаётгани йўл ҳаракати инспекторларининг диққатини тортган. Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизмати бошлиғи, капитан Улуғбек Шукурлаевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ҳали оёғи педалга ҳам етмайдиган 12 ёшли жиянига унинг тоғаси Ф.Ш. автомашина рули бошқарувини ўргатиш учун бериб қўйиб, ўзи видеотасвирга олиб кетаётган бўлган.
«Хўш, нега тоғаси жиянига икки автомобил йўлида унга бошқарувни ўргатмоқчи бўлаяпти? 12 ёшида у мактабга автомшинада қатнаши учунми, ўзини тенгдошларига зўр қилиб кўрсатиши учунми, ёхуд кун келиб, автомашинани катталардан яшириб, олиб қочиб кетиб, алал-оқибат мудҳиш ҳалокатга учраши учунми?! Кўп маротаба вояга етмаган шахслар томонидан йўлларда турли русумдаги автоуловларни бошқариш ҳолатларининг йўл ҳаракати инспекторлари томонидан аниқланганига гувоҳ бўляпмиз. Бироқ, ҳар қанча огоҳлантирилмасин, муҳокама қилинмасин, вояга етмаган боласига автомашина калитини тутқазаётган ота-оналарнинг ўзи хавфни юракдан ҳис этишмас экан, бариси бекор. Фарзанди ҳаёти ва соғлиги ота-она учун чиндан ҳам қадрли бўлса, уларга автомобиль рулини топширишга шошилмаслик керак!» — деди Улуғбек Шукурлаев.
Ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганувга кўра, инспектор зудлик билан боланинг онаси ва рул бошқарувини унинг қўлига бериб қўйган тоғаси билан профилактик суҳбат ўтказиб, бундай ҳолатнинг такрорланмаслиги ва бунинг аянчли оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берган. Онаси ва тоғасига нисбатан қонуний баённомалар расмийлаштирилган.
Шунингдек, 12 ёшар боланинг Бухоро шаҳридаги 43-умумиий ўрта таълим мактабида таҳсил олиб келаётгани аниқланиб, у ерда ҳам профилактик тадбир ўтказилган.
Тоғаси ва онаси эса йўл ҳаракатига оид қонуний ҳужжатларда бундай кўрсатмалар борлигини билмас эдим, хабарим йўқ эди, дея жавоб берган. Бу эса, нафақат, уларнинг фарзанди ҳаётига, балки ўзининг шахсий автомашинаси бор ва уни бошқариш ҳуқуқига эга бўлиб туриб, қонун ва қоидаларга эътиборсизлиги ёхуд бефарқлигини англатади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter