Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода ота ўз буйрагини фарзандига берди

Бухорода ота ўз буйрагини фарзандига берди

Фото: ССВ матбуот хизмати

Куни кеча Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида пойтахтдан борган бир гуруҳ трансплантолог мутахассислар ҳамда маҳаллий шифокорлар иштирокида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Саккиз соат давом этган мураккаб операция натижасида  когонлик 31 ёшли С.Сафаровга 62 ёшли отаси Х. Сафаровнинг ишлаб турган бир буйраги кўчириб ўтказилди. Ҳозир ҳар икки беморнинг ҳам аҳволи яхши.

— Кўз олдингда жондан азиз фарзандингни дарддан сўлиб бораётганини кўриш энг оғир синов, — дейди Х. Сафаров. — Айниқса, ўғлимнинг бир неча йил ушбу касалликдан азоб чекканини ўйласам, юрагим оғрийди. Насиб бўлса, ушбу операциядан кейин фарзандим яна соғлом ҳаётга қайтади. Бунинг учун шифокорлардан беҳад миннатдорман.

Мазкур жарроҳлик амалиётига бошчилик қилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи, малакали хирург Пўлат Султоновнинг таъкидлашича, 31 ёшли ушбу бемор бир неча йил гемодиализ муолажаси ёрдамида даволаниб келган. Айни вақтга келиб, ташхис терминал босқичга ўтгани сабабли уни ҳаётга қайтаришнинг ягона усули сифатида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти тавсия этилган.

Ҳозир бемор трансплантолог мутахассислар тиббий кузатуви остида бўлиб, унинг буйрак фаолияти тикланишида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Шунингдек, унга донорлик қилган отаси Х.Сафаровнинг саломатлиги ҳам кундан кун яхшиланиб боряпти.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг