Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода она ва ўғилга жиноят иши қўзғатилди

Бухорода она ва ўғилга жиноят иши қўзғатилди

Фото: «Xabar.uz»

Бухорода фуқароларга 10 фоизга турли миқдорда қарз бериб, муддатида тўланмаган фоизлар ўрнида уларнинг мулкларини мажбуран тортиб олиш билан шуғулланиб келган она ва ўғилга жиноят иши қўзғатилди. «Xabar.uz» га билдирилишича, она ва ўғил қарздор фуқароларни ўз уйи қурилиш-таъмирлаш ишларига ҳам мажбурлаб келишган.

Департементнинг Бухоро вилоят бошқармаси тергов бўлими суриштирувида бўлган мазкур ҳолат юзасидан Шофиркон туманида яшовчи О.С. ҳамда унинг ўғли С.Ш.ларга нисбатан тўлиқ ҳужжатлар тўпланган.

Ҳолатга кўра, О.С. ҳамда унинг ўғли С.Ш. ноқонуний равишда фуқароларга ойма-ой тўлаш шарти билан турли миқдорда пул маблағларини қарзга бериб келган. Муддатида тўланмаган фоизларни асосий қарздорликка қўшиб, одамларнинг қарздорлиги ҳақида уларнинг иш, ўқиш ва яшаш жойида обрўсизлантириш билан қўрқитган. Бундан ташқари, олинган қарзга тўғри келмайдиган қўшимча тилхатлар ёздириб олиб, одамларни ўз уйида турли қурилиш-таъмирлаш ишларига мажбурлаб, мулкларини тортиб олиш билан шуғулланиб келган.

Ҳуқуқ-тартибот органларига келиб тушган аризаларга асосан, текширув ҳаракатлари олиб борилиб, ҳовли-жойлари кўздан кечирилган. О.С. ҳамда унинг ўғли С.Ш.нинг хонадонидан 10 фоиз ортиғи билан қайтариш эвазига қарз оллган кўпсонли тилхатлар, 9 та фуқаролик паспортлари, шунингдек, бошқа одамларга тегишли бўлган турли тақинчоқлар топилган.

«2023 йилнинг ёз ойида фуқаро О.С.дан ўз эҳтиёжим учун 23 миллион сўм миқдорда қарз олиб, ноябрь ойида олган қарзимнинг 10 миллион сўмини қайтардим. 2024 йилнинг январь ойида эса менинг бошқарувимда, отамнинг номида бўлган «Matiz» русумли автомашинамни ҳовлисига киритиб қўйди. 23 миллион сўмлик қарзини 100 миллион қилиб қайтаришимга мажбуран тилхат ёздириб олди. Белгиланган муддатда 100 миллион сўмни қайтара олмасам, мени автомашинани ўз номлари расмийлаштириб берадиган шароитга солиб қўйишди»,-дейди фуқаро О.Қ.

Худди шунингдек, она ва ўғил Шофиркон тумани, «Мингчинор» оилавий шифокорлик пункти ходими Ж.Ж.ни ҳам қийин вазиятга солиб қўйишган. Ж.Ж. 2022 йилнинг сенябрь ойида ҳар ойда олинадиган қарз суммасининг 10 фоизини бериш шарти билан улардан 1000 АҚШ доллари қарз олган. 2023 йилнинг апрель ойига қадар фоизларни ойма-ой тўлаб келган. Шу давр мобайнида бир ойлик фоиз тўловини амалга ошира олмагани учун Ж.Ж.ни шифокорлик пунктига бориб, шарманда қилиш билан қўрқитишган. Ж.Ж.нинг «Damas» русумли автомашинасини олиб кетиб, ҳовлисига киритиб қўйишган.

«48 миллион сўм беришимни талаб қилишди, йўқса, автомашинамдан «айрилишим»ни билдиришди. Мени мажбуран 48 миллион сўм пулни берадиган шароитга солишди ва шунча миқдордаги пулни уларга беришга мажбур бўлдим. Шундан сўнггина«Damas»имни қайтаришди», — деди Ж.Ж.

Кўпсонли фуқароларга товламачилик ва ўзбошимчалик жиноятини «қўллаб» келишган О.С. ҳамда унинг ўғли С.Ш.ларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 22-моддасига кўра, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-(Товламачилик) ҳамда 229-моддалари (Ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг