Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода невара бобосини тўқмоқ билан уриб ўлдирди

Бухорода невара бобосини тўқмоқ билан уриб ўлдирди

Иллюстратив фото

Бухоро вилояти, Ғиждувон туманидаги «Дилкушо» маҳалла фуқаролар йиғинида қотиллик содир бўлиб, унда невара ўз бобосининг бошига тўқмоқ билан уриб ўлдирди.

Воқеа тафсилотлари юзасидан «Xabar.uz» мухбири маҳалла раиси Шуҳрат Ҳусенов билан суҳбатлашган.

Маълум бўлишича, 1995 йилда туғилган А.Ҳ.нинг ота-онаси унинг 2 ёшлигида ажрашишган. Орадан кўп ўтмай, А.Ҳ.нинг онаси М.Ш.ни иккинчи бор қўшни маҳаллага турмушга узатишган. А.Ҳ.ни унинг тоғаси Шавкат Мажидов ўз тарбиясига олган ва оталик вазифасини бажариб келган. А.Ҳ. тоғасининг қарамоғида улғайиб, ўсган.

А.Ҳ. айни кучга тўлиб, меҳнат билан банд бўладиган ёшга етгач, унинг 75 ёшли бобоси (марҳум) Мажид Шарипов неварасини ўз қарамоғига олиб, уни келгусида уй-жой билан таъминлаш масъулиятини зиммасига олган.

«А.Ҳ. жуда одобли, оғир ва босиқ, меҳнаткаш бола. Бобоси ва тоғаси кўмаги билан уйланди. Бобосининг ҳовли-жойида яшаб келишаётган эди. Бир нафар фарзанди бор. Иккинчи фарзандни ҳам кутишаётган эди. А.Ҳ. автомашиналарни тузатиш ва созлаш устахонасида ишлаб, кўпнинг дуосини олиб келаётган йигит эди. Унинг қотиллик содир этгани, тўғриси, ҳаммамизни «шок»ка туширди. Мажид отанинг ҳовлисида унинг яна бир ўғли Дилшод ҳам яшаб келмоқда. Марҳумнинг ўз ўғли Дилшод билан бироз келишмовчилиги бор эди.  Дилшод кўзи ожизлар рўйхатида туриб, унинг фарзанди ҳам шундай жисмоний нуқсони борлиги сабаб махсус интернат-мактабда таҳсил олади. Уларнинг келишмовчилиги, асосан, Дилшоднинг жисмоний ҳолати сабаб кўп даромад топа олмаслигига тақалган. Биз эса Дилшоднинг ҳолидан тез-тез хабар олиб, Мажид ота билан гаплашиб, муросага чақириб турардик. Бироқ, А.Ҳ. ва унинг бобоси ўртасидаги келишмовчилик ҳақида эшитмаганмиз. Чунки, А. жанжалкаш, ёки нафақат, бобоси, балки тоғаю-янгалари билан ҳам тортишадиган бола эмасди», — дейди маҳалла раиси.

Қотиллик содир бўлишидан бир кун олдин отахон иккинчи ўғли билан келишмовчиликка борган.  Маҳалла фаоллари уларни яраштириб кетишган.

Суратда: Марҳум, унинг ўғли Дилшод ва МФЙ раиси.

Ҳолатга кўра, қотиллик тонг саҳарда содир бўлган. Қотиллик содир бўлишидан бир кун олдин, яъни кечки пайт, чамаси, 19:00 ларда Мажид Шарипов ва унинг ўғли Дилшод ўртасида оғзаки жанжал юзасига келган. Ота ўғлига ҳовлидан чиқиб кетишини қаттиқ тайинлаган. Тунги жанжал тонг саҳарда ҳам давом этган. Шу орада бобо ўз қарамоғига олган невараси А.Ҳ.ни ҳам бола-чақасини олиб, ҳовлидан чиқиб кетишини пўписа қилган. Ва невараси ва унинг оиласига тегишли бўлган кийим-кечак ва иш қуролларини ҳовлига чиқариб ташлаган. Оғзаки тортишув қаттиқ келишмовчилик ва жанжалга айланган. А.Ҳ. бобосига бир автомашинани тузатаётгани, уни тузатиб бўлгач, ҳовлидан чиқиб кетишини тушунтиришга ҳаракат қилган. Бироқ, бобо ўз неварасининг ғурури ва шаънига, ориятига тегадиган гаплар билан қаттиқ ранжитган. Оқибатда етимликда ўсган А.Ҳ. жаҳл устида темир тўқмоқ (квалдо) билан бобосининг бош қисмига зарб билан қаттиқ урган. Бобо ўша заҳотиёқ жон берган.

«Мен ушбу маҳаллага ишга келишимдан олдин узоқ йил тумандаги 5-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаганман. А.Ҳ. ҳам шу мактабда таҳсил олган. Ўзимнинг ўқувчим. Бошқа болалардан фарқли ўлароқ, оғир, босиқ, мулоҳазали бола эди. Тоғаси Шавкат акага ота ўрнида суяниб, яхши кўриб, унга меҳри қаттиқ боғланганини  тез-тез гапириб берарди. Етимликда, ота-она меҳрини кўрмай ўсган бола қалбини ҳис қилиш қанчалар оғир. У ҳеч қачон танбеҳ эшитмаган. Тартиб-интизоми, муомаласи жудаям жойида эди. Қотиллик унинг томонидан содир бўлганини эшитдигу, ҳайратда қолдик. Худди у кимнингдир жиноятини «мен қилдим», деб чиққандек ҳолатга кўраман. Бобосининг инжиқлиги, тезфеъллиги тоғдек йигитнинг энди темир панжара ортида анчагина қолиб кетиши кўпчилигимизни ташвишга солмоқда», — дейди маҳалла хотин-қизлари фаоли Зулфия Қосимова.

«Жиноят қандай вазият ёки қандай ҳолатда юзага келганига қарамай, ҳар қандай жиноят жазосиз қолмайди. Ушбу қотиллик юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Ғиждувон туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда. Ушбу моддага кўра, айбдор ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин», — деди Бухоро вилояти прокуратураси ходими.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг