Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода ҳаводан сув олиш технологияси йўлга қўйилди

Бухорода ҳаводан сув олиш технологияси йўлга қўйилди

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Исроилнинг «Watergen Ltd.», Холон технологиялар институти билан ҳамкорликда 14 май куни Бухоро шаҳрида «Gen-350» атмосфера сув генератори ўрнатилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Ҳаво намлигидан фойдаланган ҳолда тоза ичимлик сувини ҳосил қилувчи мазкур ҳаво-сув генератори қурилмаси бир суткада ўртача миқдорда 900 литргача тоза сув ишлаб чиқаради. «Watergen» технологияси асосидаги «GENiusTm», «Gen-350» қурилмалари дунёдаги энг кам энергия сарфловчи ҳаво-сув генератори бўлиб (AWG), у кам қувват истеъмоли билан кўпроқ сув ҳосил қилиш имконини беради. Қурилма, шунингдек, бир нечта тўсиқли фильтр каскадлар орқали ҳавони фильтрлайди.

Таъкидлаш жоизки, атмосфера ҳавоси намликнинг улкан резервуари ҳисобланади ва ҳатто қуруқ иқлимли ҳудудларда ҳам одатда 1 кв. м. ҳавода 6-10 гр.гача сув бўлади. Иссиқ қуруқ, чўл ҳудудларидаги ерга яқин жойлашган 1 кв. км. атмосфера қатламларида 20 000 тонна сув буғи мавжуддир.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Сув танқислиги глобал муаммога айланиб улгурган ҳозирги замонда чўл ҳудудларида сувга бўлган эҳтиёжни қондириш, биологик тизимни мувозанатга келтириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сув билан таъминлаш мақсадида ҳаводан сув олиш лойиҳасини амалда синаш республикамиз учун ўта муҳим саналади.

Шундай қилиб, ушбу қурилма Инновацион ривожланиш вазирлиги бошчилигида тажриба тариқасида синовдан ўтказиш учун юртимизда илк бор Бухоро шаҳрида ўрнатилди.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов 12 май кунги Исроил давлати делегацияси билан учрашувида ушбу лойиҳа муваффақиятли амалга оширилган тақдирда 2 ойдан сўнг Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида ҳам қурилмани амалиётга татбиқ этиш масалаларини муҳокама қилди. Вазир, шунингдек, келгусида ҳар бир хонадон учун мўлжалланган ҳаво намлигидан фойдаланган ҳолда тоза ичимлик сувини ҳосил қилувчи кичик ҳажмдаги ҳаво-сув генератори қурилмаларини ишлаб чиқишни йўлга қўйиш бўйича амалий таклифлар берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг