Бухорода аҳоли уйлари бузилиб, ўрнига «Korzinka.uz» супермаркети қурилаётгани ростми? Ёки миш-мишлардан глобал муаммоларгача...
Сарлавҳага қараласа, «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов яқинда пайдо бўлган гап-сўзларгагина ойдинлик киритганга ўхшайди. Бироқ таниқли тадбиркор шу бидан кифояланиб қолмабди. Майда гап-сўзларга изоҳ бериши баробарида иқтисодиётимиздаги катта муаммолар хусусида ҳам ўз қарашларини баён этибди. Бунинг учун Зафар Ҳошимовнинг «ичидагини суғуриб олган» ҳамкасбимиз Фозил Фарҳодга раҳмат. Қуйида ўша суҳбатдан айрим иқтибослар келтириладики, унда ўртага ташланган мулоҳазаларда иқтисодда афгор омма билмаган кўп нарсалар ҳақида сўз боради.
***
«...Бухорода иккита савдо уйимиз бор. Иккаласи ҳам ижарада. Яъни, (савдо уйимизни) мавжуд биноларнинг ичида очганмиз. «Korzinka.uz» қурамиз деб, уй-ку у ёқда турсин, бировнинг қоқиб қўйган қозиғини ҳам жойидан қўзғатмаганмиз. Бузилиш деган сўз бизнинг тарихимизда бўлмаган!..»
***
«...Қайси мамлакатларда иқтисод яхши ривожланади? Масалан, инвесторларни жалб қилишда кўпинча «имтиёз», «имтиёз» деган сўзларни кўп ишлатамиз. Бу сўзни жуда кўп мамлакатлар ҳам ишлатади. Шахсан менинг фикрим: гап имтиёзда эмас. Инвестор мамлакатга киришдан олдин: «Имтиёз бормикан?» демайди. Чунки имтиёз шунақа нарсаки, уни бериш ҳам мумкин, олиб қўйиш ҳам. Инвесторлар бир кун-ярим кунга кирмайдики, бугунги имтиёз уларни қандайдир рағбатлантирса... Уларни асосий, умумий шароит, қизиқтиради. Ҳамма қанақа шароитда яшаётгани қизиқтиради. Мен ўйлайманки, юқорироқ солиқларни қўйиб, инвесторларнинг ярмига имтиёз бергандан кўра, солиқларнинг ставкасини тушириб, ҳамма учун бир хил шароит яратиш керак...»
***
«... Давлат қачон ривожланади? Қачонки, судлар мустақил ва адолатли бўлса. Қачонки, қонун устуворлиги таъминланса. Масалан, бугун бизга давлат корхонаси билан шахс, шахс билан корхона, ё бўлмаса, давлат органи билан корхона ўртасидаги муносабатда бир тарафга ёндашмасдан, мустақил ва адолатли ҳукм чиқарадиган судлар керак. Қонун олдида давлат ҳам, фалончи шахс ҳам, фистончи шахс ҳам, оддий инсон ҳам бир хил жавобгар бўлсагина давлат ривожланади..»
***
«...Гарчи бозор иқтисодиёти, деб айтилиб келинган бўлса-да, унда давлатнинг улуши жудаям катта бўлди. Ҳақиқатан мундоқ олиб қаранг! Катта-катта соҳалар давлат монополияси остида қолиб кетган. Ғалвир сувдан кўтарилган бугунги кунда чиқаётган муаммолар ҳам шундан аслида. Иқтисодий ҳаётга давлат жудаям чуқур кириб кетган. Бу нарса яхши эмас. Чунки давлат бошқарувидаги иқтисодиёт унчалик яхши ривожланмайди. Бутун дунёдан маълум. Хитой коммунистик мафкураси билан ҳам хусусий тадбиркорликка, хусусий бизнесга ён босади. Бутун диққат-эътиборини шуларни ривожлантиришга қаратган... Бизда-чи? Ҳамма катта корхоналар: металлургия дейсизми, қурилиш материалларими, жамоат транспортини оласизми, темир йўл, авиация, электр, сув, нефт-газ... Озиқ-овқат ишлаб чиқарилишида давлат корхоналарининг улуши қанчалик кўп? Деярли, 90 фоиз банк тизимини давлат назорат қилади. Яъни, давлат банклари. Ҳамма ёқда давлат бошқаруви бўлгач, бу бозор иқтисодиёти эмас, давлат капитализми!..»
***
«… Бугунги кунда свет, сув, газ ва ҳоказони давлат дотациялари билан тўлайди. Бу дотация осмондан келиб тушмаяпти. Солиқ ва бошқа даромадлар шу нарсаларга сарф қилиняпти... У ҳақиқатан ҳам ижтимоий ҳимояга энг муҳтож, топиш-тутишининг мазаси бўлмаган одамлар манфаатига сарфланяптими?
Ўзбекистондаги бир бадавлат одам ҳамда пенсионер чолу кампирни олайлик. Ҳалиги бадавлат одам 8 хонали хусусий уйида яшайди. Чолу кампир эса 2 хонали квартирасида. Улар бир хонадан иккинчи хонага ўтаётганда чироқни ўчириб чиқади. Битта ювиниш хонаси бор. Ўшандаги сувни ҳам тежашади. Чунки пули кам, шунга қараб яшашади. Ҳалиги бадавлат одамнинг 8та хонаси, 4та ваннаси, ҳовлисида бассейни бор. Чолу кампир совуқ келса-да, «отопление» кутиб ўтиради. Бой шартта АГВсини ёқади-да уйини иссиқ қилади, ҳамма хонасига кондиционер қўйган, ёз келса, хоналарини музлатади. Чолу кампир исиб кетишса, онда-сонда вентилятор ёқишади. Улар ойига 100 киловатт, бой одам 1000 киловатт электр ишлатади, дейлик. Электрга берилаётган дотацияни 1000 сўм деб оладиган бўлсак. Давлат чолу кампирга бераётган имтиёз 100 000 сўм, бойники 1 000 000 сўм бўлади. Бой бунда ўртадаги қозондан 1 000 000 сўм оляпти, камбағал чолу кампир 100 000 сўм. Қаранг, қанчалар адолатсизлик! Электр-энергия сарфида ижтимоий ҳимояга муҳтож чолу кампирга ҳам, бадавлат одамга ҳам давлат тенг дотация беряпти... Ижтимоий ҳимоя манзилли бўлиши керак. Ҳали давлатимиз ҳимояга муҳтож қатламга ижтимоий ёрдам кўрсатиш устида кўп ишлаши керак. Ҳаммага тенг қилиб нархни тушириш билан иш битмайди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлмаган одамлар учун давлатнинг пули бекорга сарф бўлиб кетяпти. Бу бугунги кунда бўлаётган аҳвол. Ҳеч қайси бозор иқтисодиётига тўғри келмайди... »
***
«... «Буханка» нонининг лебераллаштирилишини олайлик. Албатта, кўп одамлар нон қиммат бўлиб кетди, деб гапирди. Ноннинг арзонлиги, биринчидан, давлат харажатини кўпайтираётганди, иккинчидан, деҳқонларимизни қийнаётганди. Улардан зўрлаб арзон нархда буғдой олинаётганди. Натижада, деҳқон инқирозга юз тутаётганди.
«Буханка» арзонлигининг қишлоқ аҳлига, деҳқонга фойдаси йўқ. Шаҳар аҳолисининг даромадлари қишлоқ аҳлиникидан юқорироқ. Шундоқ бўлса ҳам қишлоқ аҳолиси буғдойини арзон нархда давлатга бериб, яна унинг харажатларини қоплаб, шаҳар аҳлига арзон нархда нон етказиб бераётганди. Бу нарса адолатдан эмасди.
Ноннинг арзонлигидан кўпчилик чорвасига ҳам нон берадиган бўп кетди. Биз «магазин»да ишлаймиз, биламиз, одамлар келиб «дамас-дамас» нон опкетишарди. Бой-бадавлат одамлар катта ҳовлилар қуради-да, 30-40та мардикор ишлатиб, уларни «буханка» билан боқади. Кам топадиган, камхарж инсонлар эса яримта, битта буханка ейишади, холос. Бунда ҳам давлат дотацияси манзилсиз, мантиқсиз сарф бўлаётганди. Ноннинг қимматлаштирилгани ҳам аслида бозор иқтисодиётига ўтишнинг кичик кўриниши...»
***
«...Президентимиз 7 декабрдаги нутқларида яна қайтариб, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, давлатни иқтисоддаги ўрнини кескин камайтиришлар ҳақида гапирди. Қаранг, шу ерда сиз билан фикрларимиз туташди: хусусий тадбиркорликка йўл берилса, хусусий корхоналар ривожлантирилса, бозор иқтисодиётига ўтилади...»
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter