Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бунёдкор» аъзоси Достон Ҳамдамов «Анжи» сафига қўшилди. Клуб бундан бехабар

«Бунёдкор» аъзоси Достон Ҳамдамов «Анжи» сафига қўшилди. Клуб бундан бехабар

Достон Ҳамдамов

Фото: «Championat.asia»

«Бу хабарни эшитиб гангиб қолдик! Достон Ҳамдамов чемпионат бошланишига бир неча кун қолганида Туркияда йиғин ўтказаётган Россиянинг «Анжи» жамоаси машғулотларига клуб розилигисиз бориб қўшилибди», — деб ёзмоқда «Championat.asia» сайти. Ҳамдамовнинг бу қарори сайт ижодкорларини нима учун «гангитиб» қўйганига эса изоҳ берилмаган. 

Хабарда айтилишича, 2018 йил охирида шартномаси якунига етадиган футболчига «Пахтакор» таклиф билан чиққанди. «Бунёдкор» уни сотишни режа қилганини оммага эълон қилди. Орада «Анжи» билан ҳамкорлик қилувчи агентлар Ҳамдамовнинг шартномаси тугаётганини билиб, уни махачқалъаликларга тавсия қилган.

«Анжи» шартномада кўрсатилган футболчини қўйиб юбориш суммасини тўлаган ҳолда уни эркин агент сифатида қўлга киритиши мумкин. Аммо футболчи юқоридаги қарорларсиз клубни тарк этди. Бундан на Мурод Алиев ва на Миржалол Қосимовнинг хабари бўлган.

«Championat.asia»нинг қўшимча қилишича, Ҳамдамов «Бунёдкор» билан шартномани бекор қилдириш бўйича адвокатларга мурожаат қилган.

«Балки қонуний тарафдан футболчининг ҳаққи бордир. Айтайлик, 3 ойдан ортиқ вақт давомида клуб маош тўламаса футболчининг ихтиёри ўзида қолади. Лекин инсонийлик-чи? Ҳамдамовни Ҳамдамов қилган ким? Ҳаттоки «Машъал»дан тайёр келган Шомуродов ва Шукуров ОЧЛда ўйнаш амалиёти берган, миллий терма жамоа савиясидаги футболчи бўлиб етишишида катта ҳисса қўшган «Бунёдкор»дан клубнинг рози ризолиги билан кетди, Шомуродов орқасидан клуб пул ҳам ишлаб олди.

Бугун у 22 ёшга тўлди, «Бунёдкор» сафида у 9 йил тўп тепди! Шу йиллар мобайнида клуб уни едирди, ичирди, кийинтирди ва футболчи сифатида танилишида жуда катта роль ўйнади! Наҳот шунча қилинган меҳнат бир оғиз рухсат сўраб кетиш учун камлик қилса? Шундай режанг бор экан, аввалдан қилмайсанми, Қосимов чемпионатга бошқа ўйинчи билан тайёрланмайдими?

Ҳамдамовнинг бу хатти-ҳаракатини гапираётганлар футбол жамоатчилиги ичида кўп. Ўз пайтида Миржалол Қосимов «Пахтакор»дан кетаётганида ўзидан пул қолдириб кетган. Александр Гейнрих ҳар доим янги жамоага боришидан аввал «Пахтакор» билан шартнома тузарди ва ўша клуб уни сотиб оларди, Гейнрих бу билан клубга бўлган садоқатини кўрсатиб келган. Аҳмедовнинг ортидан «Пахтакор» анча пул ишлади. Лекин Ҳамдамов-чи?», — дейилади мақолада.

«Championat.asia» сайти таҳририяти сўнгги сўз ўрнида футболчига «ўйлаб иш қилишни» маслаҳат берган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг