Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бунақаси кам бўлади: Кремль Байденнинг фикрига қўшилди

Бунақаси кам бўлади: Кремль Байденнинг фикрига қўшилди

Байден аввалроқ дунёга янги тартиб кераклигини айтган эди. Песков Америка президентининг баёнотига қўшилиб, буни «камдан-кам учрайдиган ҳол» деб атади. Шу билан бирга, у дунёда бу тартибни АҚШ қуришини истисно қилди.

Кремль АҚШ президенти Жо Байденнинг дунё янги тартибга муҳтожлиги ҳақидаги баёнотига «мутлақо қўшилади». Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

«Биз жаноб Байденнинг фикрига қўшиламиз, бу камдан-кам учрайдиган ҳолат, биз унинг айтганларига мутлақо розимиз. Дарҳақиқат, дунёга мутлақо бошқа тамойилларга асосланган, глобал бошқарувнинг барча механизмларини бир давлат қўлида жамлаш уринишларидан, ўз иродаси ва қарорларини бошқа давлатларга мажбурлашлардан холи янги дунё тартиби керак», — деди Песков.

Шу билан бирга, у Америка президентининг янги тартибни айнан АҚШ ўрнатиши ҳақидаги фикрига муносабат билдирди. «Бу қисмига биз рози эмасмиз. Чунки уларнинг айтгани Америкага асосланган дунё тартибини, яъни АҚШ атрофида айланадиган дунёни англатади. Энди бундай бўлмайди», — деди Россия президенти матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, Жо Байден 21 октабр куни Вашингтондаги сайловолди нутқида инсоният янги дунё тартибига муҳтожлигини ва америкаликлар етарлича жасорат ҳамда ўзига ишончга эга бўлса, уни барпо эта олишига ишонч билдирганди.

«Менимча, бизда имконият бор. Агар биз етарлича дадил ва ўзимизга ишонган бўлсак, дунёни илгари ҳеч қачон бўлмаган тарзда бирлаштириш имкониятимиз бор.

Урушдан кейинги даврда биз 50 йилни ўтказдик, бу даврда ўрнатилган тартиб жуда яхши ишлади, лекин ҳозирга келиб у ғойиб бўлди. Бизга янги дунё тартиби керак», — деди Байден сайловолди кампаниясида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг