Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бунақасини кўрмаган эдим...

Бунақасини кўрмаган эдим...

Фото: Bakhtiyor Mustanov

22 июнь. Уруш бошланган кун. Қанчалар ёқимсиз сўз.

Бу урушга Ўзбекистондан 1 433 230 киши сафарбар қилинди. Уларнинг салкам ярим миллиони ҳалок бўлди, 132 670 киши бедарак йўқолди, 640 000 киши ногирон бўлиб қайтди.

Уларга юртимизда ҳайкаллар қўйилган, Хотира майдонлари ташкил этилган.

Нарпай туманидаги ёдгорлик мажмуаси «Хотира китоби»даги бир ёзув эса мени ларзага солди...

Нарпай туманига қилган ижодий сафаримиз давомида бизга ҳамроҳлик қилган туман ҳокимининг ўринбосари Абдуқаҳҳор Тожиев бизни уруш қурбонлари хотирасига ташкил қилинган ёдгорлик мажмуасига бошлаб борди. Мажмуанинг яратилиши ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Фото: Bakhtiyor Mustanov

− 2017 йилда туман ҳокимининг ташаббуси билан, мард тадбиркор йигитларимизнинг ҳомийлигида халқимиз ҳашар қилиб 20 кунда мана шу муҳташам ёдгорлик мажмуасини бунёд этди, − деди ҳоким ўринбосари Абдуқаҳҳор Тожиев. – Мана энди уруш қатнашчиларини хотирлаш, уларнинг руҳи олдида таъзим қилиш учун ажойиб ёдгорлик мажмуасига эга бўлдик. Ёш келин-куёвлар никоҳдан ўтгач, шу ерга келиб, бахтимиз учун курашган боболаримиз руҳини шод қилиб, уларга эҳтиром кўрсатмоқда.

Қаерга борсам, Хотира китобларига термуламан. Шаҳидларнинг исм-фамилияларини ўқийман. Уларнинг ёшини кўриб, ҳайрон бўламан. Йигирмага кирган ўғлимнинг бир ўзини Тошкентга юборишга иккиланар эдим. Хотира китобларидаги минглаб йигирмага кирмаган йигитлар Берлингача боришган, шаҳид бўлишган...

Республикамиздаги кўплаб Хотира китобларидаги шаҳидларнинг ёшларини кузатиб, юртимиздан энг ёш урушга кетган йигитлар 1924 йилда туғилганлар бўлса керак деган ўйда юрар эдим. Ахир шу йилда туғилганлар уруш бошланганда 17 ёшда бўлади-да. 18-19 ёшга тўлганларида урушнинг охирроғида ҳарбийга олинган бўлса ҳам ўшалар энг ёш уруш иштирокчилари бўлса керак дердим.

Аммо Нарпай туманидаги ёдгорлик мажмуаси Хотира китобидаги ёзувларни ўқиб, лолу-ҳайрон бўлиб қолдим. 1925 йили туғилган бир неча йигитлар 1945 йилда шаҳид бўлгани тўғрисидаги ёзувлар бор эди. 1925 йилда туғилган О.Нормуродов 1943 йилда шаҳид бўлган экан. Тасаввур қила оласизми, 1925 йилда туғилган йигит 18 ёшида ҳалок бўлаяпти!

Бу ҳали ҳаммаси эмас экан: Л.Мустафоев деган йигит 1927 йилда туғилган ва 1944 йилда ҳалок бўлган экан!

Фото: Bakhtiyor Mustanov

Мен ҳали бирор жойда 1927 йилда туғилиб, урушга кетган одамни кўрмаган эдим. Буни қаранг, 17 ёшида шаҳид бўлган.

Уруш бошланганда 14 ёшда бўлган бола, 17 га кирганида урушга олиниб, яна шу урушда ҳалок бўлибди.

Шу ёзувни ўқиганимдан бери шуни ўйлайман, кўнглимдан минг хил гап ўтади. Ахир 1944 йил урушнинг тақдири деярли ҳал бўлган, душман чекинган, уруш унинг ҳудудига кўчган эди-ку? Ўзбекистондан ҳали 17 ёшга тўлиб-тўлмаган, бугунги куннинг назари билан қарасак, ҳали гўдак бўлган болаларни урушга олишга кўп ҳам эҳтиёж йўқ эди-ку? Бирорта амалдор ўз ўғлининг ўрнига жўнатиб юбордимикан? 17 га кирган бола «Урушга бораман» деб оёқ тираб туриб олдимикан? Урушда акалари ўлган бўлса, ўшаларнинг қасосини олиш иштиёқи билан ёндимикан?

Нима бўлганда ҳам менинг билишимча, Ўзбекистондан энг ёш урушга кетган йигит, энг ёш уруш қурбони бўлган ҳам шу йигит – Л.Мустафоев бўлса керак.

Аллоҳ шу йигитни ҳам, у қатори урушларда шаҳид бўлган барча юртдошларимизни ҳам раҳмат қилсин!

Нарпай туманидан ҳам минглаб йигитлар урушга кетиб, аксарияти жангу-жадалларда ҳалок бўлишган. «Ой бориб, омон қайт» фильми орқали халқимиз яхши билган Совет иттифоқи қаҳрамони Қудрат Суюнов ва яна бир Совет иттифоқи қаҳрамони Сапар Хушназаров ҳам нарпайлик бўлишган.

Барчалари шаҳидлар мақомида жаннатдан жой олишсин! Худога шукур, урушни биз кўрмадик, фарзандларимиз ҳам, невараларимиз ҳам кўришмасин!

Каримберди Тўрамурод,

«Хаbar.uz» мухбири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг