Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бугун қариндошларга яхшилик — уларнинг олдига бормаслик» — Тошкент шаҳар бош имом-хатиби (видео)

«Бугун қариндошларга яхшилик — уларнинг олдига бормаслик» — Тошкент шаҳар бош имом-хатиби (видео)

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров аҳолини коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун имкон қадар кўпроқ уйда ўтиришга чақирди. Унинг видеомурожаати «Telegram»даги @koronavirusinfouz расмий каналида эълон қилинди.

—Биз қадим-қадимдан байрамларни ўтказишда силаи раҳм қилардик. Яъни қариндош-уруғдан хабар олишга тарғиб қилардик. Лекин ҳозирги вазият буни талаб қилмайди. Шунинг учун бугун силаи раҳм қилиш, яъни қариндош-уруғга яхшилик қилиш — уларнинг олдига бормаслик билан бўлади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) мўмин-мусулмонларга таълим бериб айтардиларки, ҳақиқий мусулмон шундай кишики, бошқаларга ўзининг тилидан ҳам, қўлидан ҳам озор бермасин. Ҳақиқий мўмин шундай мўминки, ўзи яхши кўрган нарсасини бошқага раво кўради, ўзи ёмон кўрган нарсани бошқага ҳам раво кўрмайди. Шундай экан, биз мана шу касалликнинг бошқаларга юқиб, тарқалиб кетишини хоҳламасак, имкон қадар кўпроқ уйда ўтиришимиз керак.

Аллоҳ Қуръони каримда марҳамат қиладики, «агар менинг берган неъматларимга шукур қилсангиз, ўшанда сизга неъматимни яна-яна зиёда қилиб бераман». Шундай экан, Аллоҳнинг ҳар бир неъматининг қадрига етмоқ керак. Касалликлардан оиламизни муҳофаза қилайлик. Аллоҳнинг ўзи сақласин, — дейди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг