Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бу йилги феврал ойи сўнгги бир неча юз йилликдаги энг иссиғи бўлди

Бу йилги феврал ойи сўнгги бир неча юз йилликдаги энг иссиғи бўлди

Европа Иттифоқининг иқлим мониторинги хизмати маълумотларига кўра, ўтган феврал ойи бир неча юз йил ичида энг иссиғи бўлган. Олимлар ҳароратнинг рекорд даражада ошиши жиддий глобал оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Европа Иттифоқининг иқлим мониторинги бўйича олимлари ўтган феврал ойидаги ҳарорат саноатдан олдинги даврда худди шу ойдаги ўртача ҳароратдан деярли икки даражага юқори бўлганини аниқлади, деб ёзади CNN.

Бу глобал исиш туфайли табиий иқлим ўзгариши ортиб бораётганидан далолат беради.

«Феврал ойи узоқ рекордлар қаторига қўшилди. Бу, албатта, ажабланарли эмас — иқлим тизимининг доимий исиши муқаррар ва янги экстремал ҳароратларга олиб келади», деди Copernicus директори Карло Буонтемпо.

Жаҳон океанининг ҳарорати ҳам сезиларли даражада ошган. Ўтган ойда ҳарорат 21,06 даража эди. Бу кўрсаткич ўтган йилги рекордни янгилади. 2023 йил август ойида термометр 20,98 даражани кўрсатганди.

Олимларнинг огоҳлантиришича, океанлар ҳароратининг рекорд даражада ошиши жиддий глобал оқибатларга олиб келади. Бу нафақат денгиз ҳаёти учун хавфли, балки экстремал об-ҳаво ҳодисаларига, жумладан цунами, кучли ёғингарчилик ва ҳалокатли бўронларга ҳам сабаб бўлади.

Copernicus олимларининг таъкидлашича, бу кўрсаткичлар дунё ҳамжамиятини атмосферага зарарли моддалар чиқиндиларини камайтириш зарурлиги ҳақида ўйлашга мажбур қилиши керак.

Аввалроқ Сербия, Испания, Португалия, Словения ва бошқа мамлакатлардан келган халқаро олимлар гуруҳи глобал исиш Ердаги энг катта ичимлик суви заҳираларига таҳдид солаётганини аниқлашган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг