Бу сафар халқ учун кўп яхши янгиликлар бор. Пропискага оид янги лойиҳа муҳокама учун эълон қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев прописка тизимини соддалаштириш кераклигини гапирган ҳамда Фармон асосида белгилаб берган эди.
Аммо маълум муддат ўтиб эълон қилинган лойиҳа айрим жиҳатлари билан пропискани соддалаштириш эмас, балки аксинча оғирлаштиришга қаратилганини танқид қилиб чиққан эдик.
Бугун пропискага оид янги лойиҳа эълон қилинди ва бу олдингисига қараганда ер билан осмонча фарқи бор. Албатта халқ учун яхши томонга.
Хўш нималар ўзгариши мумкин?
- «прописка» тушунчаси бекор бўлиб, ўрнига «рўйхатдан ўтказиш» тушунчаси киритилмоқда;
- кўп бора биз алам билан тилга олган қоида, яъни Тошкентдан уй сотиб олаётганда пропискасиз шахсларга давлат божининг ўта қиммат ставкасини тўлаш ҳақидаги талаблар бекор қилинмоқда;
- биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларни нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда;
- эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқариб ташланмоқда;
- илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади;
- оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади;
- ❗️МАНА БУ ҲАМ ЖУДА МУҲИМ! Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтирилмоқда;
- фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилмоқда;
- доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари (1), давлат хизматлари марказлари (2) ёки Ягона портал (3) орқали амалга оширилади ҳамда унинг муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилади.
- доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиш ва буни рақамлаштириш кўзда тутилмоқда;
- доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилинмоқда.
Муҳокама жорий йил 11 апрелга қадар давом этади. Яна таклифлар бўлса билдиришингиз мумкин.
ЭСЛАТМА: ҳозирча бу таклифлар лойиҳа кўринишида холос, расман кучга эга эмас. Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилингандан кейингина юридик кучга эга бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter