Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бу инсоният учун шармандалик!» – Хитой ташқи ишлар вазири

«Бу инсоният учун шармандалик!» – Хитой ташқи ишлар вазири

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И дунё ҳамжамиятини Ғазо секторидаги гуманитар инқирозни бартараф этиш учун амалий ҳаракатлар қилишга чақирди.

«XXI асрда ушбу гуманитар бўҳронни бартараф эта олмаслик инсоният учун фожиа, цивилизациямиз учун шармандаликдир. Зиддият ҳамда тинч аҳоли вакиллари ўлдирилишини давом этттиришга йўл қўйиб бўлмайди», – деди Ван И Умумхитой халқ вакиллари йиғилишидан кейинги матбуот анжуманида.

Хитой бош дипломати 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида 30 мингдан зиёд фаластинлик ҳалок бўлгани, 70 мингдан зиёди жароҳатлангани, кўплаб бегуноҳ одамлар вайроналар остида қолганига эътибор қаратди.

«Ғазо сектори аҳолиси ҳам бу ёруғ дунёда яшаш ҳуқуқига эга. Аёллар ва болалар ўз оиласи бағрида тинч-осойишта умргузаронлик қилишга ҳақли. Барча асирлар озод этилиши ва тинч аҳоли вакилларига қарши ҳар қандай ҳаракат тўхтатилиши керак», – деди вазир.

Сиёсатчи Ғазодаги фожиа бутун дунё учун янги огоҳлантириш эканини урғулади.

«Фаластин ерлари узоқ йиллардан буён ишғол остида эканини бундан буён эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Фаластин халқининг мустақил давлат тузиш йўлидаги кўп йиллик уринишлари ҳам инобатга олинмоғи шарт. Фаластинликларга нисбатан тарихий адолатсиз муносабат авлоддан авлодга ўзгаришсиз ўтиши мумкин эмас», – дейди Ван И.

Ихтилофни бартараф этишнинг ягона йўли мустақил Фаластин давлатини тузиш эканини қайд этган дипломат Хитой Фаластиннинг БМТда тўлақонли аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини ҳам маълум қилди.

Дипломат дунёдаги барча зиддиятларни сиёсий музокара йўли билан ҳал этиш лозимлиги, оловга мой сепишдан эҳтиёт бўлиши кераклигини уқтирар экан, халқаро аҳамиятга молик масалаларда иккиюзламачиликка барҳам бериш муҳимлигини ҳам эслатди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг