Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бу икки дастур ЕИнинг минтақа хавфсизлигига содиқлигини ифодалайди» – Шарлотта Адриан

«Бу икки дастур ЕИнинг минтақа хавфсизлигига содиқлигини ифодалайди» – Шарлотта Адриан

Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга кўмаклашиш (BOMCA) ва Марказий Осиёда гиёҳвандлик моддалари тарқалишининг олдини олиш бўйича (CADAP) дастурлари амалга татбиқ этила бошлаганига 20 йил тўлди.

15 ноябрь куни шу муносабат билан Тошкентда ташкил этилган матбуот анжуманида ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ушбу икки ташаббус Брюсселнинг минтақавий тараққиёт ва хавфсизликка содиқлигини ифодалашини таъкидлади.

«Сўнгги йигирма йил мобайнида мазкур ташаббуслар улар амалга оширилаётган ҳудудлардаги барқарорлик ва тараққиётни таъминлаб, ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ролни ўйнади. Энг асосийси, ЕИ томонидан молиялаштирилаётган мазкур дастурлар Марказий Осиёда ислоҳотларни ва минтақавий ҳамкорликни олға силжишида муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда», – деди Ш.Адриан.

Дипломат Европа ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари бугун дуч келган геосиёсий таҳдидлар шароитида мазкур дастурларнинг аҳамиятини янада ошганини қайд этди.

BOMCA дастури 2003 йилда амалиётга жорий этилган бўлиб, у минтақа давлатлари ўртасида чегаралар бошқаруви бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Дастурдан кўзланган мақсад сарҳадларни идора этиш бўйича илғор усулларни жорий этган ҳолда, Марказий Осиёда чегара бошқаруви самарадорлигини ошириш, пировардида эса хавфсизликни таъминлаш ҳамда иқтисодий тараққиётга эришишдан иборатдир.

Дастур доирасида минтақа давлатларига техник кўмак кўрсатилади, ҳамкорликда ўқув машғулотлари ўтказилади, семинар-тренинг ва малака ошириш сафарлари уюштирилади.

BOMCA 10 дастури координатори ўринбосари Владимирс Загузовс фикрича, дастур институционал ривожланиш бўйича миллий ҳамкорлик идораларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаб, ЕИ тажрибаларидан келиб чиқиб энг яхши амалиётларни киритган ҳолда чегара, божхона ва ветеринария идораларининг кўникмаларини оширди. Натижада чегаралар хавфсизлиги, уларни бошқариш яхшиланди, сарҳадларни кесиб ўтиш вақти қисқарди.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил ёзда BOMCA доирасида Ўзбекистоннинг бир қатор давлат идораларига техника ва махсус жиҳозлар тақдим этилган эди.

Брюссель мазкур дастур орқали минтақа чегара хавфсизлиги учун 60 миллион евродан зиёд сармоя киритди.

CADAP дастури эса минтақада гиёҳвандлик моддаларига қарши сиёсатни такомиллаштиришга тизимли равишда кўмак кўрсатиб келмоқда.

Дастур директори Эрнест Робелло таъкидича, ўтган йиллар мобайнида тажриба алмашув ва халқаро стандартларнинг миллий ҳамкорлар ишига жорий қилиниши нафақат гиёҳвандлик моддаларига қарши сиёсатни такомиллаштирди, айни чоқда, маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш, тақиқланган моддалар истеъмолининг олдини олиш ва унга тобе бўлиб қолиш натижасида хасталанган кишиларни даволаш соҳаларидаги салоҳиятни кучайтирди. Дастур, шунингдек, Марказий Осиёда профессионалларнинг ҳудудий бирлашмалари ва тармоқлари яратилишини қўллаб-қувватлади ва уларнинг ЕИ ихтисослашган агентликлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг