Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев: «Бу ерда сайёҳлар ўзини ўзбек маҳалласида юргандек ҳис қилсин»

Шавкат Мирзиёев: «Бу ерда сайёҳлар ўзини ўзбек маҳалласида юргандек ҳис қилсин»

Фото: «President.uz»

Президент Шавкат Мирзиёев барпо этилаётган «Наврўз» маданият ва истироҳат боғи лойиҳалари билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Анҳор бўйида бунёд этилаётган бу боғдаги барча иншоотлар ўзбек маънавияти, миллий қадриятларини ифода этади. Боғда Наврўз байрами тантаналари, маданий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган амфитеатр, қадимий ҳовлилар, устахоналар, айвонлар, чойхоналар ва миллий анъаналаримиз акс этган этнографик шаҳарча қурилади.

— Наврўзда маданиятимиз ва қадриятларимизнинг барча жиҳатлари намоён бўлади. Бу боғ ана шу бой миллий меросимизни тараннум этадиган жой бўлиши керак, — деди Президентимиз. — Бу ерга сайёҳлар ҳам иштиёқ билан келиши, ўзини худди ўзбек маҳалласида юргандек ҳис қилиши зарур. Ҳар бир бино, ўтказиладиган ҳар бир тадбир ўсиб келаётган ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ўзлигини англашга ҳисса қўшиши лозим.

Давлат раҳбари лойиҳаларни янада такомиллаштириш, Наврўз байрамини халқ сайли тарзида ўтказиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишишни Юнусобод туманида қурилаётган метрони кўздан кечиришдан бошлаган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг