Брюсселдан мужда: Ўзбекистоннинг нуфузли ташкилотга аъзолиги бўйича музокаралар жадаллашмоқда
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги бўйича музокаралар жадаллашади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳамда Европа комиссияси ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскиснинг Брюссель шаҳридаги музокараларида маълум қилинди.
Томонлар яқин келажакда Женева шаҳрида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ 5-йиғилишини ташкил этиш юзасидан келишиб олди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги стратегик муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни янада мустаҳкамлаш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
2021 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва ЕИ мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,9 миллиард долларни ташкил этди. Ҳар икки томон қўшимча воситалардан фойдаланган ҳолда савдо ҳажмини ошириш зарур деб ҳисоблайди.
Бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов Брюсселда, шунингдек, Европа Кенгаши президентининг ташқи сиёсат бўйича бош маслаҳатчиси Саймон Мордю билан музокара ўтказган. Ушбу учрашувда ҳам бир қатор долзарб масалалар қаторида ЖСТга аъзолик доирасидаги чора-тадбирлар муҳокама марказида бўлган.
ЕИ хайрихоҳ ҳамкор сифатида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишига яқиндан кўмак кўрсатиш истагида. Расмий Брюсселга кўра, бу ташаббус мамлакатнинг жаҳон иқтисодиёти ва кўп томонлама савдо тизимига интеграциялашуви йўлида муҳим қадам саналади.
2019 йил 11 ноябрда имзоланган ҳужжатга кўра, ЕИ Ўзбекистонга ЖСТга қўшилишга кўмак мақсадида 5 миллион евро грант ажратади.
Аввал хабар берганимиздек, бир муддат аввал ЕИнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс расмий Брюссель Ўзбекистоннинг ЖСТга тезроқ аъзо бўлиши тарафдори эканини маълум қилган эди.
«Ўйлайманки, Ўзбекистон эртами-кечми ЖСТга аъзо бўлиб киради. Инчунин, бу қанча барвақт бўлса, шунча яхши. ЕИ бошқа халқаро ҳамкорлар билан бир сафда нафақат музокаралар ўтказиш, балки ЖСТга аъзоликдан кейинги жараёнларга тайёргарликка ҳам кўмаклашади», – деган эди Евроиттифоқ дипломати.
Ўзбекистон ЖСТга қўшилиш учун 1994 йилда ариза берган ва ишчи гуруҳнинг учта учрашувида қатнашган. Аммо айрим сабабларга кўра бу жараён тўхтаб қолган. 2017 йилда ЖСТга қўшилиш бўйича саъй-ҳаракатлар қайта бошланган.
Мутахассисларга кўра, ЖСТга аъзолик Ўзбекистонда иқтисодий тараққиётга кучли туртки беради. Аввало, янги сармоялар асосида қўшимча иш ўринлари яратилади, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулот сифатини ошириб, дунё бозоридаги кучли рақобатга кўникади. Ўз навбатида, истеъмолчилар арзон ва сифатли товарлар ҳамда хизматларни танлаш имконига эга бўлади.
Мамлакат жаҳон миқёсидаги савдо сиёсати бўйича муҳим қарорларни қабул қилишда иштирок этади.
Халқаро ташкилотга аъзолик, шунингдек, божхона маъмуриятчилиги ва қонунчилик бўйича институционал ислоҳотларни амалга ошириш, тизимдаги коррупция даражасини камайтиришга кўмак беради, дунё миқёсидаги илмий-техник ривожланиш жараёнига интеграциялашувни тезлаштиради.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter