Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Брюссель Марказий Осиёга ажратаётган 28 миллион евро нима мақсадда сарфланади?

Брюссель Марказий Осиёга ажратаётган 28 миллион евро нима мақсадда сарфланади?

Европа кенгашининг дастурлар бўйича идораси раҳбари Верена Тейлор хоним ҳамда элчи Свен-Олов Карлссон.

Фото: ЕИ ваколатхонаси

Европа иттифоқи Марказий Осиё мамлакатларига уч дастур доирасида 28 миллион евро маблағ ажратади. Ушбу дастурлар Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида ЕИ ва Марказий Осиё ҳамкорлигига бағишланган минтақавий анжуманда расман тақдим этилди.

ЕИнинг Қозоғистондаги ваколатхонаси раҳбари, элчи Свен-Олов Карлссонга кўра, маблағ қуйидаги тарзда тақсимланади: 5 миллион евро сармоялар ва тараққиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларга йўналтирилади; 15 миллион евро минтақада савдо муносабатларини жонлантириш мақсадида сарфланади; 8 миллион евро эса Марказий Осиёда қонун устуворлиги янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Лойиҳалар келгуси йил бошидан амалга татбиқ этилади.

«ЕИ ва Марказий Осиё бўйича қўшма коммунюке қабул қилинганидан беш ой ўтгач, биз кейинги босқичга ўтиб, минтақавий ҳамкорлик йўлида сармоя киритмоқдамиз. Ишончимиз комилки, минтақавий ҳамкорликнинг ривожланиши Марказий Осиё мамлакатларига ўзаро робиталарни янада мустаҳкамлаш, заифликлар ва умумий муаммоларни ҳал қилиш, иқтисодий ўсиш салоҳиятини ошириш, халқаро муносабатлардаги таъсирни кучайтириш, шу билан бирга, мустақиллик ва ўзига хосликни сақлаб қолиш имконини беради», –  дейди элчи Свен-Олов Карлссон.

«Марказий Осиёда фаровонлик учун кенгайтирилган интеграция» минтақавий анжуманида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳукумати, шунингдек, дипломатик ва донорлик ҳамжамиятлари вакиллари иштирок этди.

Машваратда ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси истиқболлари муҳокама этилди.

Минтақавий анжуманда ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси истиқболлари муҳокама этилди. Фото: ЕИ ваколатхонаси

Хабарингиз бор, жорий йил 17 июнь куни Брюссель Марказий Осиё бўйича янги стратегияни тасдиқлади. Янги стратегия Марказий Осиёда барқарорлик, фаровонлик ҳамда қонун устуворлигини қўллаб-қувватлаш, хусусий секторни ривожлантириш, сармояларни жалб этиш ҳамда минтақавий робиталарни янада мустаҳкамлашга қаратилган. 

«Европа иттифоқи ва Марказий Осиё: мустаҳкам ҳамкорлик учун янги имкониятлар» деб номланган ҳужжат Бюрсселнинг минтақа давлатлари билан муносабатлари тарихида янги саҳифа очиши кутилмоқда. Брюссель расмийларига кўра, янги геосиёсий воқелик ҳамда робиталарни мустаҳкамлаш талаби ушбу ҳужжатни ишлаб чиқишга ундади.

«Биз – европаликлар, бу ерда (Марказий Осиёда) асло геосиёсий манфаатлар ёки ўйинларни кўзлаётганимиз йўқ... Бу ерда эканимизнинг боиси шуки, биз ушбу минтақанинг салоҳиятига, энг асосийси ушбу минтақа халқларининг салоҳиятига ишонамиз. Марказий Осиё бўйича янги стратегиямизнинг ўзак-моҳиятини ҳам шу ташкил этади», – дейди Унда  ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Ўзбекистон раҳбарияти ЕИга шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни янгилаш таклифи билан мурожаат қилди. 2018 йил 23 ноябрда кенгайтирилган шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим юзасидан расмий музокаралар бошланди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига кўра, икки ўртадаги кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим 2020 йилда президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга ташрифи доирасида имзоланишини кутилмоқда.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг