Бошсиз қўғирчоқлар
Мастура Абдураим қизи. 1980 йил 27 ноябрда Навоий вилоятида таваллуд топган. 1999 йил Навоий Тиббиёт билим юртини тамомлаган. Икки йилдан буён наср йўналишида ижод қилиб келади. Ҳикоя, эссе ва драбл (қисқа ҳикоя)лари республикамизнинг қатор газета, журнал ва адабий сайтларида чоп этилиб келинмоқда. Сиз қуйида танишадиган «Бошсиз қўғирчоқлар» ҳикояси зўравонлик даҳшатлари ва қурбонлари бўлган қизалоқлар яқинларининг изтироблари ҳақида.
Бошсиз қўғирчоқлар
(Ҳикоя)
Неча кундирки аёл мижжа қоқмади. Туз тотмади. Овқатланиш, қорни очганда нимадир тановул қилиши кераклигини ҳам унутгандек эди. Қирқ кундирки у фақатгина сув ичарди. Ютоқиб-ютоқиб, лабларидан ошириб-тошириб, бўйни, кўксидан оқизиб, ҳансираб ичгани сув эди. Қизчаси кетган кундан, ҳаттоки, унинг жимитдайгина, қонга ботган жасадини, ўша кимсасиз ахлатхонада, кир латталар, исқирт чиқиндилар орасида кўрганида ҳам кўзларидан бир томчи ёш чиқмади. Шу қадар чуқур уҳ тортдики, бу ғайритабиий оҳ, аёлнинг ич-ичидан титраб чиққан ҳайвоний бир ўкириқ билан қоришиб келдида, бўғзига тиқилиб қолди. Аёл уни қўйиб юбориш учун, бошини кескин ортга ташлаб, қалт-қалт титради, нафаси қайтиб, бўғилди, елкалари силкиниб кетди. Эрига қаради. Ота жиноят жойига ихота қилинган лентани қўллари билан чангаллаб олганича, титраб-қақшаб йиғлар эди. Ўкраб-ўкраб, қон йиғлар эди. Аёл тек қотди. Лаблари титради. Боши ёрулгудек гувиллади. Маънисиз кўзларидан ёш чиқмади. Қизалоғи томонга қаради. У ҳамон иркит чиқиндилар орасида ётар, устига ташлаб қўйилган оппоқ чойшабнинг пастки қисми қон шимиб олиб қизариб қолган, қизалоқнинг оёқчалари икки ёнга керилганича қотиб қолган, тиззасидан пасти кўриниб турарди. «Битта туфличаси тушиб қопти!» – пичирлади она, – жуда яхши кўрарди. Оёғидан қўймай киярди.»
«Онажон, мактабга борсам ҳам шу туфлигимни кияман!» – деган эди.
«Ҳали мактабга яна бир йил бор, унгача оёқчаларинг ўсади, туфличанг кичик келиб қолади, қизим. Мен сенга янгисини, бундан ҳам яхшироғини олиб бераман!»
«Йўқ, онажон, оёқларим катта бўлишини истамайман, шу туфлигим яхши, бунақаси ҳеч кимда йўқ!» – деган эди қизалоқ.
Она титраб бошини чангаллади. «Кечагина бўлмаганмиди бу суҳбатимиз» ўйлади у, «ҳа куни кеча, худди шу маҳал, шом пайтида суҳбатлашган эдик. Фақатгина, қуёш бугунгидек қонли эмас эди. Ёки қонлимиди? Мен пайқамадиммикин!? Шу куни эрталабчи? Тонг қандай отган эди? Осмонни бугунгидек, қорамтир булутлар қоплаганмиди? Қуёш нечада чиққанди? У билан нималар қилган эдик? Ҳа…унинг узун сочларини силагандим, ўриб қўйгандим. Ўзи ёқтирган оқ, кенг этакли кўйлагини кийган эди. Кўчада кета туриб, қиқирлаб-қиқирлаб кулган, этаги кенг ёйилиб париллаб айланган, жуда завқланган эди. Кейинчи.., ҳа..ўйинчоқ дўкони ёнидан ўтгандик. Бу ўша оппоқ кўйлакли, сочлари малларанг, нозик шляпачасини бостириб олган, энг чиройли ва қимматбаҳо қўғирчоқ эди. Пулим етмаслигини билдим ва қизалоғимни чалғитган эдим: – Юр, музқаймоқ олиб бераман! Унинг кўзлари чарақлаб кетганди. Кейин астагина пичирлаганди: – Онажон, отамга айтсак қўғирчоқни олиб берармикин?
Ҳа дегандим мен, олиб беради. Маош олсин албатта олиб беради…Қўғирчоқ.., қўғирчоқ…жонсиз қўғирчоқ…»
Хаёллар, айқаш-уйқаш рўёлар ўпқонидан ҳиссиз нигоҳларини узиб олар экан, туйқус аёлнинг кўзидан бир томчи ёш оқди. Тамом у яна қотди, музлади.
***
– Йигирма йил беришди! – деди эри уҳ тортиб.
– Йигирма йил? – истеҳзоли илжайди она, – ҳмм, й-и-г-и-р-м-а й-и- л…Ажойиб!
– Ичкари билан гаплашдим. Соғ чиқмас экан, ўзини ҳам…Ота бўғриқди. Басма-басига чекаётган тамаки тутуни тиқилиб, йўтал тутди. Узоқ йўталди. Елкалари силкиниб-силкиниб йўталди. Аёлига тескари қараб ўтириб олди.
– Бугун кўчага чиқмоқчиман! – ўрнидан туриб кийим шкафи томон юрди аёл.
– Нима қиласан кўчада?! – деярли икки ойдан буён остона ҳатламаган, озиб чўпдай бўлиб кетган хотинига тикилди эркак.
– Қўғирчоқни олиб келаман. – деди аёл ўзига катта келиб қолган, қопдек кўйлагини эгнига ташлаб кўрар экан, – шуниси ярашдими? – лаблари титраб эрига боқди.
– Ярашди! – деди ҳамон тескари қараб ўтирган эркак овози қалтираб, – сенга ҳамма нарса ярашган.., у…у ҳам сенга ўхшарди.
Мен кетдим. Унга тезроқ қўғирчоғини етказишим керак!
– Тезроқ қайт!
Аёл қамоқхонанинг ташқи дарвозаси олдида турарди. Ўша қўғирчоқни қучиб олган, миқ этмай, дарвоза олдидаги икки ҳарбий қоровул йигитларга тикилиб турарди.
– Мен киришим керак!
– Мумкин эмас!
– Мен қўғирчоқни етказишим керак!
– Мумкин эмас!!!
Она туни билан қамоқхона дарвозаси остида ўтириб чиқди. Ёнига келиб ўтирган эрини ҳам сезмади. Ҳиссизгина боқди, аммо ўзи жуда узоқларда эди. Қўғирчоқни қаттиқ қучиб олган, титроқ қўллари билан сочларини силар, кўйлакчаларини текислаб, тўғрилаб қўяр эди. Анчадан буён сув кўрмаган, ёғланиб кетган потила сочлари илк баҳорнинг ҳали қиш забти кетмаган изғирин шамолида ҳар ёнга учар, аёл яна пичирлай бошлаган эди. У тинмасдан сўйланар, аммо ёнидаги эрига гапиряпдими, ёки қизалоғи билан гаплашяпдими, ё алаҳсираяпдими англаб бўлмас эди.
– Ҳар куни мени йўқлаб келаётганингдан жуда хурсандман. Мана, айтганингдек ҳудди ўша қўғирчоқни олдим қарагин, юзлари, сочлари, кўйлаклари, туфличасигача сени ўзинга?! Сен ҳам негадир қўғирчоққа айланиб қопсан. Кеча келганингда жуда қўрқдим. Ортингда турган анави тоғ-тоғ уйилиб ётган қўғирчоқлар кимники? Ёки, улар ҳам сендек қизалоқларми? Нега ҳеч бирининг боши йўқ? Жуда қўрқдим. Совқотдим! Мени қўрқитдинг болам! Сени бошинг қани? Шу сабабли гапиролмай қолдингми?
– Мен…биз уяламиз! Сизларни кўзларингизга қарашдан, гапиришдан уяламиз…
– Ҳа..ҳа…билмаганимни қара бошинг бўлмаганидан кейин, оғзинг ҳам йўқда! Бу табиий ҳолатку, албатта гапира олмайсанда! Аммо, сиз уялманг, ҳечам уялманг…Улар уялишсин! Улар жавоб беришсин! Уларнинг бошлари сапчадек узилсин, жон боламм! Мен сенга қўғирчоғингни юбораман. Албатта етказаман.
Аёл ҳар куни қамоқхонага келар, ҳар доимги гапини такрорлар эди.
– Мен қўғирчоқни етказишим керак!
– Мумкин эмас!!!
Ота тўхтамай ҳаракат қилди. Судьялар, адвокатлар билан учрашди. Қайта апилляцияга берди. Қамоқхона бошлиғи билан ҳам гаплашди. Ҳеч биридан тайинли бир жавоб чиқмади. Умрбод қамоқ жазосига алиштиришнинг иложи бўлиб қолишини, лекин ўлим ҳукми мамлакатда ҳалича жорий қилинмаслигини айтишди. Эркакнинг жизғанаги чиқди. Қизалоқнинг куйиги, аёли тортаётган дўзах азоблари қоқ кўксига урилди. Кўкрагини чангаллаб уҳ тортди. Токи ҳукм ўқилмагунча ҳар куни қамоқхонага, ундан чиқиб қабристонга борар, қизалоғи кетганидан буён, хотинининг бир бора бўлсада қабристонга келмаганидан таажжубга тушар ва шу билан бирга уни тушуниб ҳам турарди.
Она ҳамон қамоқхона эшиги остида, қоровуллар ёнида ўтирар, доимий гапларини такрорлар эди ва доимги жавобни оларди. Бир куни қамоқхона бошлиғи ёнига чиқди. Аёлнинг кўзларига тикилди, лаблари, қўллари титрай бошлади.
– Кетинг!
– Йўқ! Қўғирчоқни етказишим керак!
– Иложи йўқ! Ҳеч нарса ўзгармайди! Ҳеч ким қулоқ солмайди.
– Мен қизалоғимга қўғирчоғини етказишим керак! – қатъий оҳангда сўйлади она.
– Қизим, беш ёш эди. Уни ўғирлашди. Мен туфайли…Чиқиндихонадан топдим. Зўрланган, қўл-оёқлари кесилган…Ўн йилдирки, ўша махлуқ қамоқхонамда. Ҳар куни кўраман. Ҳар куни…Кетинг!
– Мен қўғирчоқни берсам бўлди. Қайта келмайман!
– Мумкин эмас!
Аёл тўхтамади. Ҳар куни, қайта-қайта келаверди. Ўзи ҳам бир аҳволда, қўғирчоғини ҳам юзлари, энгил-боши кирланиб, исқирти чиқиб кетганди. Сочлари хас-ҳашак, патак бўлиб қолганди. Қамоқхона бошлиғи айтганидек ҳеч нарсани ўзгартиришолмади. Ҳукм ўқилди. Маҳкум йигирма йил озодликдан маҳрум этилди. Аёл анча вақт қамоқхона олдида кўринмай қолди. Аммо, қайсидир кунларнинг бирида, ёмғирли куз кунида яна қўғирчоғи билан пайдо бўлди.
– Қўғирчоқни етказишим керак!
– Мумкин эмас!
Қоровуллар алмашиниш вақти келди. Қоровуллар дарвоза олдидан кетишди, аммо, ўрнига бошқаси келмади. Улкан мустаҳкам темир дарвоза қия очиқ қолди. Аёл сергакланди. Бир қўлида қўғирчоқни қучиб, иккинчисига каттагина болтани чангаллаганича, жимгина дарвозадан кирди. Қамоқхона ҳовлисида бошлиқнинг шарпаси лип этдию, йўқолди. Аёл у кириб кетган эшикка томон йўналди. Қамоқхона жим-жит, бирор қоровул кўринмас, маҳбусларнинг алаҳсираб инграгани, пишиллаб оғир-оғир нафас олгани эшитилиб турарди.
Аёл қатор эшиклар оша юра бошлади. Ана, қия очилган эшик! Жимгина, секингина эшикни тортди. Ошиғидан мой томчилаб турган эшик овозсиз очилди. Маҳбус кўнгилни оздирадиган аллақандай жирканч, зах ва совуқ рутубат анқиб турган хона бурчагида кир ётоқда бамайлихотир ухлар эди. Аёл унга яқинлашди. Кўзларида дўзахий олов яллиғланди. Болтани юқори кўтарди. Қўллари қалт-қалт титради. Юзи буришиб, кетидан кескин бўшашди. Болта тиғи хира чироқ ёруғида ялтиллаб кетди. «Қарс» этган товуш келди. Болта аёлнинг қўлидан сирғалиб оёқлари остига тушганди. Маҳбус чўчиб кўзини очди. Улар бир-бирларига тикилиб қолишди. Қирқ ёшли, содда нигоҳли, оқ юзли эркак уйқусираб ҳиссизгина нигоҳ ташлади. Аёл ҳам унинг кўзларига сокингина боқдида, болтани қўғирчоқни ёнига, ётоғи устига қўйди. Хонани тарк этди.
Эрталаб маҳбус хонасидан хабар олишди. Болта ётоқ остида ётар, маҳбус ҳеч нарса бўлмагандек хуррак отарди. Ёнида ётган бошсиз қўғирчоқнинг кийимлари юлқиниб ечилган, ҳар томонда сочилиб ётар, аъзойи бадани эзилиб, қўлсиз-оёқсиз, абгор аҳволда мажақланиб ётарди…
– Кастрацияга! Ўта маҳфий! Операция харажатлари ўз ҳисобимдан. Қизалоқнинг ота-онаси ҳам олиб келинсин! Ҳукм муолажасида биргаликда қатнашамиз. Маҳфийлик таъминлансин!
Бу пайтда аёл қизалоғининг қабри устида, юзини тупроққа босганича ўкраб-ўкраб, юм-юм йиғлар эди…
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter