Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бошпана», ташқи қарз, инвестиция ва 3 миллиард доллар — Президент бир қатор масалаларга аниқлик киритди

«Бошпана», ташқи қарз, инвестиция ва 3 миллиард доллар — Президент бир қатор масалаларга аниқлик киритди

Архив фото

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари бўйича селектор йиғилиши ўтказмоқда. Давлат раҳбари йиғилиш давомида бир қатор масалаларга тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Xabar.uz» мухбири хабар бермоқда.

Бошпана ҳақида

Қишлоқдаги одамлар ўзи яшайдиган жойни «бошпана» дейди. Бу — уй-жой дегани. Биз 27 йил давомида қурилиш соҳасига эътиборсиз бўлдик. Охирги йилларда вазиятни ўнглаш учун кўплаб қарорлар қабул қиляпмиз.

Гарчи ўтган йил жуда қийин ўтган бўлсада, халқимиз учун ишлашда давом этамиз. Ҳатто энг оғир ўтган пандемия йилида ҳам қишлоқ жойлардаги шароитни яхшилаш учун 21 триллион сўм ва уй-жой ипотека кредити учун 11.5 триллион сўм, умумий тарзда 31.5 триллион сўм ажратилмоқда. Бу эса 3 миллиард 50 миллион доллар деганидир.

Эътиборли томони — ушбу ишлар ташқи қарзни кўпайтирмаган ҳолда амалга оширилади. Барча лойиҳалар ички имконият эвазига бажарилади.

Ривожланиш стратегияси ҳақида

Куни кеча Европадан келган мутахассислар билан мулоқотда бўлдик. Улар орасида социализмдан очиқ иқтисодиётга ўтган давлатнинг собиқ раҳбари ҳам бор эди. У билан узоқ суҳбатлашдик, амалга оширилаётган ишлар ҳақида гаплашдик.

Бу дунёда хато қилмайдиган одам бўлмайди, ҳамма ҳам адашади. Бизнинг мақсадимиз — кам хато қилиш. Бунинг учун бошқа давлатлар тажрибасини ўрганиш керак. Туну-кун изланишдамиз. Насиб қилса, юртимиз учун энг мақбул бўлган йўлдан кетамиз.

Инвестиция ҳақида

Уч йил олдин Ўзбекистонга 1 миллиард доллар ҳам тўғридан-тўғри инвестиция киритилмас эди. Ҳозир эса биргина Хоразм вилоятининг ўзига 1 миллиард 300 миллион доллар инвестиция киритилмоқда. Аммо бу ҳали кам. Хоразм аҳолисини рози қилиш учун бундан ҳам кўпроқ маблағ бўлиши шарт.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг