Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бош прокуратура Сирдарёда шифокорлар калтаклангани бўйича баёнот берди

Бош прокуратура Сирдарёда шифокорлар калтаклангани бўйича баёнот берди

Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида тез тиббий ёрдам шифокорлари калтаклангани ҳақида хабар бергандик. Бош прокуратура матбуот хизмати мазкур ҳолат бўйича баёнот берди.

Маҳкама матбуот хизматига кўра, 2020 йил 3 июнь куни кеч соат 23:30 ларда Сайхунобод тумани, Дўстлик маҳалласида жойлашган «Қодир» исмли шахсга тегишли балиқ кўлида қоровул вазифасида ишловчи А.Б. кўлга тушиб, ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида оёғидан тан жароҳати олган.

Шу вақтда унинг ёнида бўлган таниши Э.Н. тез тиббий ёрдамни чақиртирган. Чақирувга кўра йўлга отланган навбатчи фельдшер В.Н. ундан аниқ манзилни сўраганида Э.Н., маст бўлганлиги сабабли, фельдшер билан телефонда тортишиб кетади. Тез тиббий ёрдам автомашинаси айтилган манзилга етиб келган вақтида Э.Н. навбатчи фельдшер В.Н.ни уриб тепиб, унга тан жароҳати етказган. Фельдшер билан бирга келган навбатчи шифокор Ж.О. уларни ажратмоқчи бўлганида у ҳам калтакланади.

Дастлабки тиббий маълумотга кўра, фельдшер В.Н.да бош мия ёпиқ жароҳати, бурун суяги синиши, ўнг қўл бешинчи панжа бармоғининг ёпиқ синиши ва шифокор Ж.О.да бош мия ёпиқ жароҳати, ўнг қош ёрилиши, пешона суягининг ёрилган жароҳати мавжудлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сайхунобод тумани ИИБ ҳузуридаги ТГ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, натижасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси («Безорилик») 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича асосий гумондор процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Сирдарё вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши тергови алоҳида назоратга олинган бўлиб, натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилади.

Шунингдек, баёнотда маҳкама матбуот хизмати мазкур воқеликка оид айрим ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазири шифокорларга қилинаётган тажовузлар бўйича Бош прокуратурага аввал ҳам мурожаат қилгани, бироқ муаммо ҳал этилмагани мазмуни акс этган хабарларга ҳам тўхталиб ўтган.

Маҳкама матбуот хизматининг алоҳида таъкидлашича, бундай маълумотлар ҳеч қандай асосга эмас. Нафақат шифокорларга, балки ҳар бир фуқарога қилинган тажовуз, уларнинг соғлиғи ёки мулкига қаратилган ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар қонун доирасида ҳал қилиб келинмоқда. Бош прокурорнинг Соғлиқни сақлаш вазири номига ёзилган (ва ижтимой тармоқларда эълон қилинган) мактубида ҳам қонун устуворлигини таъминлашда тиббиёт ходимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакилларининг масъулиятини бирдек кучайтириш борасидаги ўзаро сайъ-ҳаракатларга алоҳида тўхталиб ўтилган.

Шундай экан, бу борада қонун устуворлиги таъминланиб, жазо муқаррарлиги таъминланишида шубҳага ўрин йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг