Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бош прокуратура «ишимиз»ни алоҳида назоратга олди...»

«Бош прокуратура «ишимиз»ни алоҳида назоратга олди...»

Фото: «Xabar.uz»

Давлатимиз раҳбарининг яқинда Бухорога ташрифи чоғида берган топшириқлари асосида Президентнинг вилоятдаги Халқ қабулхонаси ва Бош прокуратура ҳамкорлигида кўҳна масканда ўтказилган оммавий сайёр қабулнинг биринчи куни ҳақида хабар бергандик.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабаридан сайёр қабулнинг иккинчи кунида биринчи кунга нисбатан икки баробар кўп фуқаро қабул қилингани англашилади. Яъни, Бош прокуратура раҳбарияти томонидан биринчи куни 312 нафар фуқародан жами 245 та ариза қабул қилинган бўлса, иккинчи куни 697 нафар фуқаронинг жами 450 та шикояти рўйхатга олинди. Мурожаатларнинг 41 таси жойида ҳал этилди, хусусан 12 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 7 нафар фуқарога даволаниш учун йўлланма берилди, 1 нафар фуқаронинг уй-жой масаласига оид аризаси қаноатлантирилди, 8 нафар тадбиркорга 670 млн сўмлик кредит ажратилди, 5 нафар фуқарога моддий ёрдам ва нафақа тайинланди.

Мурожаатларнинг 122 таси суд қарорлари юзасидан бўлгани боис (маъмурий – 7 та, иқтисодий – 11, фуқаролик – 24, жиноят ишлари – 80) барча «дело»лар чақиртирилиб, ўрганиладиган бўлди. Шунингдек, суриштирув ва терговга оид 63 та «иш» юзасидан қонунийликни таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўриш топшириғи берилди.

...«Xabar.uz» манбаси сайёр қабулга келган маҳаллий тадбиркор Муҳаббат Хайитова билан қисқа суҳбатлашди. Суд қарори сабаб фаолияти берк кўчага кириб қолган тадбиркор умрида биринчи марта «тирик» Бош прокурорни кўриб, қабулдан сўнаётган умиди қувватланиб чиқаётгани боисми, яхшигина ҳаяжонда, дея алоҳида таъкидлайди манбамиз. Унинг сўзларига қулоқ солинг-а: «Вақтли келгандим, шундаям навбатга 68-чи бўлиб ёзилдим, то навбатим келгунча соат 15 дан ошди... Муаммоим? «Ozpromtek-Buxoro» шўъба корхонаси раҳбариман. Корхонамиз муассисини бир одам фирибгарликда айблаб, ёзавериб танг қилди, унинг шикоятлари бир эмас, уч бор тергов йўли билан текширилди, бироқ тасдиғини топмади. Шундан кейин фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига мурожаат қилди у. Ишонасизми, уч бор тергов йўли билан текширилиб, тасдиқланмаган важларни фуқаролик суди қаноатлантирсами?! Энг ёмони, суд муассисимиз мол-мулкига қўшиб, бизнинг корхона ҳисоб-рақамигаям банд солиб қўйган. Ҳолбуки, уставимизда корхона таъсисчининг мажбуриятлари бўйича жавобгар эмаслиги белгилаб қўйилган... Бир йилки, солинган банд сабаб фаолиятимиз орқага кетди: 15 нафар ишчимизнинг ярмидан кўпроғини бўшатишга мажбур бўлдим... Бош прокурор ишимизни алоҳида назоратга олишини айтди, зора, тушов ечилиб, бемалол ишласак...»

Манбамизга кўра, сайёр қабулнинг иккинчи кунида Бухородан ташқари бошқа вилоятлардан келган мурожаатчилар ҳам тингланди. Бироқ мутасаддилар билан мухтасар мулоқот қилишга имконият топилмади. Чунки, мурожаатчилар сони кўплиги боис қабул иш вақти тугади, деган сабаб билан тўхтатиб қўйилмади, аксинча, алламаҳалгача давом этди. Бу ахборотни Бош прокуратура матбуот хизматининг қуйидаги маълумотлари мантиқан тасдиқлайди: «Икки кунлик сайёр қабул давомида жами 1009 нафар фуқаро қабул қилинди, улардан 695 нафари ариза билан мурожаат қилди. Келиб тушган мурожаатларнинг 78 таси жойида ҳал этилди, қолган 617 та мурожаатлар алоҳида назоратга олинди...»

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг