Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«Борса келмас», Сариқамиш, Судоче, Қоплонқир... Саргузаштларга тўла тўрт кун

«Борса келмас», Сариқамиш, Судоче, Қоплонқир... Саргузаштларга тўла тўрт кун

Фото: «Xabar.uz»

«Айиқларни яхши кўраман, улар 4-5 ой уйқуга кетади, болалайди, овқатланмай, сув ичмай боласини эмизади. Уйқудан уйғонгач, табиат қўйнига чиқади. Бу пайтда айиқ одамга ташланмайди, кучи бўлмайди, болалари эса хавф-хатарни билмайди. Мана шу пайт овчиларга қўл келади, инини пойлаб юриб, ҳолдан тойган айиқни, унинг болаларини отишга ҳаракат қиладилар».

«Катта трассада қаршимдаги машина тошбақанинг устига кела бошлади. Ўзимнинг ва бошқаларнинг жонини хатарга қўйиб уловимни машина қаршисига тўхтатдим. Ҳайдовчининг ранги оқариб кетди, у билан жанжаллашдик. «Нима бўпти тошбақанинг жони қаттиқ бўлади», дейди ҳайдовчи, ишонасизми шу гапи учун ҳайдовчини урворай дедим, айтдимки: «бу тошбақанинг жони бор сизники каби, қизил китобга киритилган...»

Давлат экология қўмитаси, «Qaraqalpaqstan ekologiyası» газетаси ва Ekolog.uz сайти ҳамкорлигида Оролбўйи ҳудуди ва минтақадаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга ташкил қилинган медиатур айиқларга меҳри баланд экология давлат қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев, тошбақани қутқариш учун ҳаётини хавф остига қўйган экофаол Наргис Қосимованинг ҳикоялари билан бошланди. Ушбу медиатур бошқа тадбирлардан мутлақо фарқ қилади, жазирама иссиқ, кечки совуқ, йўл азоби, очлик, ташналик ва ниҳоят кўзланган бетакрор манзил.

«Борса келмас»

Номининг ўзиёқ кўнглингизни алағда қилади. Бекорга борса келмас деб номланмайди ахир. «Борса келмас» туз конининг узунлиги 75 км, эни 70-72 км бўлиб, чуқурлиги 30-60 км.ни, захираси 105 млрд. тоннани ташкил қилади. Ушбу туз конларидан саноатда фойдаланиш мақсадида Қўнғирот сода заводи қурилиб, ишга туширилган. «Борса келмас» шўрхоклиги 21 миллион йил аввал йўқ бўлиб кетган Тэтис уммонининг қолдиғидир. Ишонгингиз келмайди мана шу тақир ерларда бир пайтлар сув мавжланиб оққанига, тагида ҳаёт қайнаганига. Бу ерларда карвонлар изсиз йўқолган, дейишади. Туз конига чўкиб кетиш осон бўлган. Дарвоқе, биз босиб турган мана шу оппоқ ер ҳам шу қадар юмшоқ, сал қаттиқроқ ҳаракат қилсангиз сизни ютиб юборадигандек.

Ривоятларда айтилишича, шўрхоклик ичидаги қадимий қалъага милоддан аввалги IV асрда Хоразмда ҳукмдорлик қилган Фарасманга тегишли бўлган кўп миқдорда олтин кўмилган. Неча асрлардан давомида ушбу хазина васвасасида йўлга отланган кўплаб одамлар изсиз ғойиб бўлиб, қайтиб келмаган. Шунинг учун «борсанг, қайтиб келмайсан» деган гап тарқаб, мазкур жойга шундай ном берилган...

Устюрт кенгликлари адоқсиз, чексиз. Худди осмон билан бирлашиб кетгандек, унинг адоғи кўринмайди. Беш нафар фақатгина бу чўл йўлларига чидайдиган «Нива» уловида йўлда давом этдик. Рўпарамиздан тошбақа чиқди. Тўхтадик, ҳамроҳларимиздан бири тошбақани четга олди. Бу ерда ҳар бир ўтнинг номи, тарихи бор, ҳар бир ҳайвоннинг юрак уриши эшитилиб туради гўё....

Калтакесак, чаён, яна аллақандай ҳашаротлар. Чаённи суратга олаётганимизда экологларнинг «Ҳов чаённи ўлдириб қўйманглар, эҳтиёт бўлинглар», деган овози эшитилди. Ростдан-да чаённи кўрсак дарров ўлдиришга ошиқишимиз бор гап.

Тошбақа нега қизил китобга киритилганига сабаб кўплаб бўш косаларини кўрдик, унинг кушандаларининг бири бургут бўлса, яна бири ҳинд асалхўри, янада аянчлироғи — у тўнкарилиб қолса ўнгланолмас экан.

Устюрт жуда сирли жой, унинг синоатлари кўп. Ҳамроҳимиз журналист, ҳам тарих фанлари доктори, тарихчи Эсимхон Қаноатов Қорақалпоғистоннинг википедияси. Ишонаверинг, ҳар бир ўти билан боғлиқ ривоятни, ҳар бир ҳайвон билан боғлиқ афсонани билади.

Қозоқ чўпонлари қабрлари

Устюрт платосидаги Қоратошда 200 йиллик тарихга эга қабрлар мавжуд. Бир пайтлар бу кимсасиз жойларда кўчманчи қозоқ чўпонлари яшаганига ишонгинг келмайди. Ҳар бир қабрда ўзига хос белги бор. Бири чўмичли уруғи, бошқаси шемекей ва адай уруғига эга бўлган чўпонларнинг қабрлари экан. Ўтган йилнинг 60-йилларигача давом этиб келган массагетларнинг удуми бўйича овулдан бирор оқсоқол ёки ёшулли, баҳодир одам ўлса мана шундай қўрғонча қабристонга уруғини ёзиб қўйишар экан. Уларнинг удуми бўйича ўлган одамнинг руҳи ўша тошга сингиб абадий яшашда давом этаркан.

Ора-орада биз ҳеч қаерда учратмаган ўт-ўланларга дуч келдик. «Мана бу бовирсоқбош», зарғалдоқ ранг бошли ўтни кўрсатиб, «еб кўрингда, бўғирсоқнинг таъми келади, болаликда ер эдик», дейди Эсимхон оға.

«Браконьерларни қувганимиз»

«Азамат, Азамат», рациядан ташвишли сигнал келди, «қара-қара браконьер»... Азамат Айдарбеков «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи директори ўринбосари эканини хайрлашаётган чоғимиз билдик. Исмига муносиб бу йигит, мардлиги, дўстларини ора йўлда қолдириб кетмаслиги, энг қийин вазиятларда биринчи бўлиб ёрдамга шошилиши билан бизда жуда илиқ таассурот қолдирди.

Йўлбошчилик қилаётган ана ўша азамат йигит ёнидаги йўловчиларига, қинғир-қийшиқ йўлга қарамай, икки кўзи билан браконьерларни излашга тушди, машинани қаттиқроқ ҳайдади, «ана, ана сан бу ўй (чуқурлик)дан душ» деган овоз келди яна рациядан, кенг чўлда машиналарнинг чангитиб бир-бирини қувиб кетаётгани саргузашт киноларидаги ҳолатни эслатади.

Менинг хаёлимдан эса агар браконьерларга учрасак, улар бизга ўқ узсачи, деган ҳадикли ўй ўтди. «Улар отиб ташлашдан тоймайди», деганди йўлда инспекторлардан бири. «Менга ҳатто милтиқ ўқталган, чўлни ўртасига боғлаб кетган», деганди яна бири. Ўтган йили қуролланган браконьерлар Қорақалпоғистондаги «Жанубий Устюрт» боғи инспекторларига ҳужум қилишгани ҳақидаги хабар шов-шув бўлгани ҳам кечагидек эсимда...

Аммо кейин маълум бўлдики, биз браконьер деб ўйлаганимиз қулонлар подаси экан.

Қулонлар

Ҳа, Устюртда қулонлар ҳам бор экан. ХIХ асрда Ўзбекистоннинг Устюрт кенгликларида кўп сонда учраган туркман қулонлари ХХ асрнинг 30-йилларига келиб бутунлай қирилиб-йўқолиб кетган эди. Халқаро табиатни муҳофаза қилиш уюшмасининг Қизил китобига ёввойи табиатда йўқолиб бораётган ҳайвонот тури сифатида киритилган.

Кийиклар ўч олади

Ёнгинамиздан жайронлар шиддат билан шамолдай елиб ўтди, суратга олишга улгурмадик, фақат чанги қолди. «Нимага бу ернинг ҳайвонлари бунча ҳуркак, масалан хориждаги қўриқхоналардаги ҳатто шерлар одамларни кўрса югуриб келади» деган саволимга ҳамроҳларимиздан бири биздаги жайронлар, умуман ҳайвонлар болаликдан таъқиб қилинади, деб жавоб берди.

Лавҳалар орқали жайронларни кўриш бошқа, чўл бағрида уларнинг югуриб ўтганини кўриш бошқа, бир бошқача бўлиб кетди одам. Узоқ йўлда ҳамроҳинг суҳбатдош бўлса йўлнинг азоби билинмайди. Азамат яхши суҳбатдош ҳам экан: «Бу ерда икки овчи бор. Иккаласиям кийик овлаган. Шу қадар уста овчилар бўлганки, энг зўр инспекторга ҳам тутқич бермаган. Ҳатто мен ҳам тан берганман. Ортидан қувсангиз ўй(жарлик)га қараб қочади, сизни ўйда адаштириб кетади. Ўша овчилар 10 йилдан ортиқ нечта кийикнинг бошига етади. Ва бир куни машинаси ағанаб ҳалокатга учрайди, ярим танаси ишламай қолади. Яна бир овчи милтиғини ўқлаётганда қўлидан тойиб кетади ва тикка бўлиб қолади. Ўша пайти милтиқнинг учи унинг ияги тўғрисига қадалиб отилиб кетади, иякка теккан ўқ мияга бориб қадалади. Ҳозир ўша овчининг миясида ўқ бор, олиш мумкин эмас, ўлади. Ҳар икки овчиям ҳозир овга ярамай қолган».

Олдингизда елиб кетаётган мағрур жайронларни кўриб, Муҳаммад Юсуфнинг мисралари ёдингга тушади: «Юрак қонинг тўкилган сўқмоқ, Бағри алвон лолақизғалдоқ, Сенга тошлар отди қай гумроҳ, Жайрон, нега кўзинг тўла ёш»... Беихтиёр ўтган йили отилган жайронлар кўз олдинга келиб, кўнглинг алланечук чўкади.

Сариқамиш мўъжизалари

«Борса келмас»дан 250 км.ли йўлларда биргина машина билан юриб бўлмайди. Албатта яна битта машина, озиқ-овқат, эҳтиёт қисмлар, сув бўлиши шарт. Йўлда бир неча марта шерик машиналарни йўқотиб қўймаслик учун тўхтаб олдик.

Бир машина тиқилиб қолган эди, иккинчи машина билан тортиб чиқардик. Бир хил манзара, манзил эса сира кўринай демайди, ўркачли йўлларда силкиниб силкиниб кетаверасиз, кетаверасиз. Осмонда қушлар чарх уриб уча бошлаганини кўриб сув яқинлигини англайсиз. Унинг устига муздай ҳаво, шамол.

Бу ернинг балиқчилари меҳмон кутиб кўникиб қолишган. Машиналардан туша солиб уйчаларга жойлашдик, палаткаларни очдик. Кечаси шамол аралаш ёмғир ёққани сабабли тонгда кўлнинг сатҳи кўтарилган.

Балиқчи Эдуард аканинг айтишича, 2018 йилдан буён апрель-июнь ойларида кўлда балиқ овлаш тақиқланган.

Балиқчиларнинг ҳаёти ташқи оламдан узилган. Аммо суви шўр, қумлик, тузли жойга ҳам бу йил биринчи марта помидор, булғор қалампири экишибди, тупроқ ва сувни машинада олиб келишибди. Уйда чироқ ёниб турибди, кичкинагина қуёш батареясида радио ҳам ишлайди.

Ҳамроҳларимизнинг маълумотига кўра, 1970 йиллар охирида Сариқамиш кўли атрофида тимсоҳми, калтакесакками ўхшайдиган уч метрдан ошиқ ғалати махлуқни балиқчилар, овчилар ва геологлар кўрганини айтишади. Бундай ғайритабиий махлуқнинг пайдо бўлишига Сариқамиш кўлига пахта плантацияларидан оқиб келаётган заҳарли химикатлар таъсир кўрсатиб, мутацияга учраган деган тахминлар мавжуд. Бу гапларнинг илмий асоси йўқ. Лекин ҳали-ҳамон маҳаллий балиқчилар ўртасида Сариқамиш махлуқи ҳақидаги ҳикоялар тилдан-тилга ўтиб боради.

Қоплонқирда қоплон борми?

Қоплонқирга етишимизга ўн беш километрлар қолганида бир машинанинг баллони лойга тиқилгани маълум бўлди. Эндигина не азобларда етиб келган ҳайдовчи Азамат мен ўзим бормасам бўлмайдиганга ўхшайди, деб яна ортига қайтиб кетди. Ўнқир-чўнқир йўллар, эндигина дам олишга чоғланган пайти муаммо пайдо бўлиши... айтишларича 3 соат деганда, одам бўйи чуқур ковлашиб машинани чиқариб олишибди.

Қоплонқирда сукунат бор, ваҳимали сукунат, на телефон, на интернет ишлатмаётганимизнинг иккинчи куни. Бу вазият янада кўнгилни ғашлайди, юракка ваҳима солади. Шунда англайсанки, чексиз ёлғизлик, поёни йўқ йўл...Ёлғизликдан қўрқинчлироқ нарса йўқ. Ўша ерга палаткаларни тикдик, ўт ёқдик. Шамол увиллайди, чақмоқ чақади, яшин... қўрқув пайдо бўлади, сел келиб оқизиб кетсачи, оёғимизнинг остида чексиз жарлик.

Қоплонқирда қоплон борми? Йўқ. 1910 йилда охирги қоплон отилган, отган одамга мукофот берилган. Нақадар аянчли ютуқ ва мукофот.

Қоплонқир Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон давлатлари ўртасида шимол ғарбдан жанубга қараб 190 км.га чўзилган, баландлиги 305 метр.

Бу ерда Устюрт тоғ қўйлари, жайронни учратишингиз мумкин. Мазкур ҳудуднинг баланд-баланд чинклари (жарлик, тепаликлар), бепоён кенгликлари сизга ўзга сайёрани эслатади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир қоплон Қозоғистоннинг устюрт қўриқхонаси фотоқопқонига тушган. Демак, Туркманистон ва Ўзбекистон чегарасига ҳам ўтиб юрган бўлиши керак.

Судочье кўли

Фламинго қушлари билан машҳур бўлган Судочье кўли Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани ҳудудида жойлашган. Умумий майдони 50 минг гектардан ошадиган ушбу кўллар тизимида 240 га яқин турдаги минглаб кўчманчи ва доимий яшовчи қушлар мавжуд.

Судочье кўли ўзининг жойлашиши бўйича Сибирь ва Тундрадан жанубга ва жанубий-шарқга, иссиқ мамлакатларга ва орқага учадиган трансконтинентал мигрант қушларнинг Ғарбий-осиё миграцион йўлида жойлашган.

Фламинго Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган 40 турдаги қушларнинг бири ҳисобланади. Кўлда сариққамишлар ўзига хос шовуллайди, қушларнинг ҳеч қаерда эшитмаган сайрашини эшитасиз. Қорақалпоғистон ҳудудини қўллар диёри ҳам деб аташади.

Ҳудудда питомниклар қурилади, экотуризм ривожланади

— Жанубий Устюртнинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мақомига эга бўлиши ҳудуддаги биологик ресурслар ва табиий ландшафтлар муҳофазасини тўлиқ таъминлашга замин яратади, маршрутлар ва йўл паспортлари яратилади. Ҳудудда ноёб ҳайвон ва қушларни, сув ҳавзаларида эса эндемик балиқ турларини кўпайтириш бўйича питомникларни ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, бу ўз навбатида келгусида улар генофондини сақлаб қолиш имконини беради, — дейди биз билан суҳбатда Қорақалпоғистон Республикаси экология қўмитаси раиси маслаҳатчиси Улбўсин Мирзаназарова. — «Қорақалпоқ экологияси» газетаси томонидан лойиҳа ташкил қилганмиз. «Судоче акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси, «Сайгачий» давлат буюртма қўриқхонаси, жанубий устюрт миллий табиат боғи ҳудудларида, қуйи Амударё давлат биорезервати резерларида туристик маршрутлар ташкил қиламиз. Газета жамоаси билан 500 млн. сўмлик грант ютиб олдик. Эски мажмуа объектларини, туристларга хавфсиз тўлиқ маълумотларга эга лойиҳаларни тайёрлаяпмиз».

Ҳа, айтганча бу тиниб-тинчимас табиат жонкуяри икки марта президент билан учрашган, бир гал қўлини қаттиқ сиқиб кўришган президентга дангал, «мен ишлаётган «Қорақалпоқ экологияси» газетаси учун қачон босмахона қуриб берасиз», деб айта олган.

Биз ортга қайтаяпмиз.... Яна кийиклар галаси шиддат билан ўтиб кетади. Муҳаммад Юсуфнинг қўшиққа айланган шеъри хаёлга келади: «Лабим билан яранг силайман, Сенга дарди шифо тилайман, Кел, туғишган оғанг бўлай ман, Жайрон, нега кўзинг тўла ёш?»...

Табиат бизнинг оғамиз, тўрт кун ичида кўрган кечирганларимиз орқали англаб етганим шу бўлдики, табиат бизга муҳтож эмас, биз табиатга муҳтожмиз, биз табиатнинг ҳукмрони эмас, табиат бизнинг ҳукмронимиз, у биздан бир неча баробар кучлироқ, шафқатлироқ, олижаноброқ...

Барно Султонова, Тошкент —Нукус—Устюрт

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг