Болтиқбўйи давлатлари Россияга қарши махсус трибунал ташкил этишга чақирди
Эстония, Латвия ва Литва Европа Иттифоқини халқаро ҳамкорлар билан биргаликда Россиянинг Украинадаги ҳарбий жиноятларини фош этиш ва айбдорларни жазолаш учун махсус трибунал ташкил этишга чақирди. Бу ҳақда уч давлат ташқи ишлар вазирлари номидан Литва ТИВ сайтида чоп этилган баёнотда сўз боради.
«Биз барчамиз ҳимоя қилишга интилаётган қоидаларга асосланган халқаро тартибни қўпол равишда бузишга қаратилган ҳаракатлар – геноцид, ҳарбий жиноятлар, инсониятга қарши жиноятлар ва агрессия жазосиз қолмаслиги керак. Акс ҳолда, халқаро тартиб издан чиқиши тайин», – дейилади баёнотда.
Бир замонлар Москванинг зулм-зўравонлиги ўз танасида ҳис этган Болтиқбўйи мамлакатлари вазирларига кўра, Халқаро жиноий суд ва бир қатор давлатлар томонидан Украинадаги ҳарбий жиноятлар юзасидан олиб борилаётган терговлар давом этиши шарт. Чунки улар жиноятларни ҳужжатлаштириш ва далиллашда муҳим аҳамият касб этади.
«Махсус трибуналнинг ташкил этилиши Халқаро жиноий суд фаолиятини тўлдиради. Халқаро жиноий суд геноцид, ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар учун айбдорларни таъқиб этса, махсус трибунал агрессия жиноятига масъул бўлган Россия олий сиёсий ва ҳарбий раҳбариятини жавобгарликка тортади», – деб ҳисоблайди уч давлат ТИВ.
Таъкидланишча, босқиннинг асосий илҳомчилари, ташкилотлари ва гумашталари муқаррар жазога тортилмоғи лозим.
Аввал хабар берганимиздек, Украина жорий йилнинг 27 февралидаёқ Россияга қарши Ҳаагадаги Халқаро жиноий судга даъво аризасини киритган.
Халқаро маҳкама бош прокурори Карим Хон расмий Киев сўровига кўра Россия мансабдор шахсларига нисбатан эҳтимолий оғир жиноятлар юзасидан суриштирув-тергов бошлаган.
Жорий йил сентябрь ойида Европа Иттифоқида раислик қилаётган Чехия ташқи ишлар вазирлиги Россия томонидан Украинада содир этилаётган жиноятларни тергов-тафтиш этиш учун халқаро трибунал ташкил этиш таклифи билан чиққан эди.
Буюк Британиядаги сиёсатчилар, жумладан, собиқ бош вазирлар Гордон Браун ва Жон Мейжор ҳам Россия раҳбариятига нисбатан Иккинчи жаҳон урушидан кейин нацистларни жазолаш учун ташкил қилинган Нюрнберг жараёни каби махсус маҳкама ташкил этиш лозим деган фикрда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter