Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТ қўллаб-қувватлаган «Sıfır Atık» қандай ташаббус?

БМТ қўллаб-қувватлаган «Sıfır Atık» қандай ташаббус?

Жорий йил 30 март илк бор дунё бўйлаб Халқаро чиқиндиларсиз кун сифатида нишонланади. Туркия таклиф қилган  “Sıfır Atık” (Zero Waste) ташаббуси доирасида БМТ Бош ассамблеяси жаҳон миқёсида экология ва табиатни муҳофаза қилиш лойиҳаларига эътибор қаратишга қарор қилган.

БМТ маълумотларига кўра, дунё миқёсида бир йилда тахминан 2,24 миллиард тонна қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлади. 2050 йилда бу кўрсаткич 3,88 миллиард тоннага етиши мумкин. 2040 йилда дунё океанларига ташланадиган пластик чиқинди миқдори эса 37 миллион тоннадан ортади.

Мутахассислар тобора кўпайиб бораётган чиқиндилар иқлим ўзгариши каби инсоният келажаги, Ер сайёрасининг истиқболига соя солишидан огоҳлантирмоқда. Шунга кўра БМТ Бош ассамблеяси чиқиндидан холи макон ташаббусини қўллаб-қувватлаган.

«Sıfır Atık» лойиҳаси чиқиндиларни экологик хавфсизлик талабларига кўра тасарруф этиш, иқлим ўзгаришига қарши кураш ва барқарор тараққиётга қаратилган бўлиб, 2017 йилда Туркия биринчи хоними Эмине Эрдўғон шафелигида таъсис этилган.

Лойиҳа исрофгарчиликнинг олдини олиш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, чиқиндини максимал даражада қайта ишлаш, унинг пайдо бўлишини минималлаштиришни кўзлайди.

«Sıfır Atık» саноатдан тортиб пазандаликка қадар – жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамрайди. Масалан, турк ошхонаси асрлар давомида чиқиндидан холи пазандалик фалсафасига таянади. Бунга кўра хилма-хил турдаги таомлар тайёрлашда маҳсулотларни исроф қилмаслик талаб этилади. Масалан, эскирган нондан бошқа таом тайёрланади, қолган палов гуруч пирогига айланади. Дўлма тайёрлаш учун қовоқ ёки бақлажоннинг ички қисми олиб ташланади, лекин пўсти ташланмайди, ундан бошқа егулик ҳозирланади.

Туркия ва Глобал барқарор туризм кенгаши (GSTC) ўртасида тузилган шартномада ҳам маданий меросни асраш қаторида атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш вазифалари белгиланган.

Таҳлилларга қараганда, лойиҳа доирасида чиқиндини қайта ишлашнинг кенгайтирилиши Туркия иқтисодиётига 17 миллиард лира (2,3 миллиард доллар) қўшимча даромад келтирган. Лойиҳа биргина Туркия миқёсида заҳарли газларни миллионлаб тоннага камайтириш, 209 миллион дарахтни сақлаб қолиш имконини берган. Ушбу ташаббуснинг бошқа давлатларда ҳам амалга татбиқ этилиши иқлим ўзгаришлари таъсирини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг