БМТ камбағалларни «туя устида ит қопиши»дан огоҳлантирди
2022 йилнинг илк ойи давомида дунё бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари нархи рекорд даражада қимматлади. БМТнинг нарх-наво индекси ана шундан далолат бермоқда.
Январь ойи давомида ўсимлик мойи, гўшт, дон ҳамда сут маҳсулотлари баҳоси кескин кўтарилган. БМТ нарх ошиши кўрсаткичи шу тариқа давом этса, 2011 йилдаги аксилрекорд такрорланишидан хавотир билдирмоқда.
БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича мулозими Йозеф Шмидҳубер нарх қимматлашувидан энг аввал қашшоқ ва камбағал қатлам азият чекиши, тирикчилик қаттиқлашиб, рўзғор танглашувидан огоҳлантирган.
Туркиядан Парагвайга қадар дунё бўйлаб кузатилаётган инфляция вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Украина, Тайвань, Эрон каби мамлакатлар уруш хатари остида экани эса товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатига тўсиқ бўлмоқда. Боз устига, ўтган йили ёғингарчилик кам кузатилди, кўплаб минтақаларда қурғоқчилик рўй берди. Бу эса жорий йилда ҳосилдорлик кўрсаткичи тушишидан дарак беради.
Иқтисодий таҳлилчилар коронавирус пандемиясидан кейин эндигина оёққа туришга уринаётган учинчи дунё давлатлари нарх ошиши туфайли янги синовга рўбарў келади деган хавотирда.
Аввалроқ БМТнинг озиқ-овқат идораси 2021 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари баҳоси 28 фоизга ўсганини маълум қилган ва дунё давлатларини бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга ундаган эди.
Куни кеча East Fruit нашри жорий мавсумда Ўзбекистон бозорида янги олма нархининг ғайритабиий даражада юқори экани сабабларини таҳлил қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter