БМТ «Жаслиқ»дан қамоқ ёки тергов муассасаси сифатида умуман фойдаланмасликни сўради
БМТнинг доимий координатори Ҳелена Фрейзер «Жаслиқ» ихтисослаштирилган колониясининг ёпилиши борасида баёнот бериб ўтди. Унга кўра, БМТнинг Ўзбекистондаги мамлакат гуруҳи «Жаслиқ» колониясининг тугатилиши тўғрисидаги Президент қарорини олқишлайди.
Ушбу қарор БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича механизмларнинг аввалги тавсияларига, жумладан яқинда бўлиб ўтган Универсал даврий ҳисоботнинг 3-даврида (2018 йилнинг май ойидаги 30-сессияда) айтиб ўтилган «Жаслиқдаги колонияни ёпиш, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси томонидан мониторинг учун тўлиқ ва тўсиқсиз киришни таъминлаш ва БМТнинг Қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазоларнинг олдини олиш бўйича конвенциясининг Факультатив протоколини ратификация қилиш» тавсиясига мос келади.
Жаслиқ колониясидаги аянчли аҳволни 2002 йил ноябрь ва декабрь ойларида БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен Ўзбекистонга ташрифи чоғида танқид қилган. Хусусан, у шундай деган: «Ҳукумат шошилинч равишда Жаслиқ колониясини ёпиш масаласини кўриб чиқиши зарур, чунки у ҳатто ўзининг жойлашган ери бўйича ҳам шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазога яқин қамоқ шароитига тушиб қолган».
Мамлакатдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, ушбу муассасалардаги барча маҳбуслар ўзларининг аввалги яшаш жойларига яқин жойларидаги колонияларга ўтказилиш ҳуқуқига эгалар ва ана шунда уларнинг яқинлари у колонияларга ташриф буюриш ҳуқуқидан осон фойдалана олишлари баробарида, аввалгидек, ўз қариндошларини Жаслиққа кўриб бориб кўришдек узоқ масофани босиб ўтишларига зарурат қолмайди.
Шунингдек, Қийноқлар бўйича махсус маърузачининг аввалги тавсияларидан бирига ҳавола қилган ҳолда, БМТ мамлакат ҳукуматининг 2019 йил 14 мартда қабул қилган Омбудсман тўғрисидаги қонунга муҳим ўзгартиш ва қўшимчаларини маъқуллайди. Янги тартибларга кўра, Омбудсман Ўзбекистондаги барча озодликни чеклаш ва ундан маҳрум қилиш жойларига профилактик мониторинг мақсадидаги ташрифларни фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳамкорликда амалга ошириши мумкин бўлади. БМТ Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олишга салмоқли ҳисса қўшиши керак бўлган тўлақонли миллий профилактика механизмини шакллантиришда кўмаклашишга тайёр. Фуқаролик жамияти экспертларини юқорида таъкидланган профилактик мониторингларга жалб қилиш эса, Ўзбекистондаги ёпиқ муассасалар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун янги ёндашув бўлиши шубҳасиз.
2019 йил ноябрь ойида Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси билан амалий мулоқот олиб боради, унда Ўзбекистон томонидан БМТнинг Қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазоларнинг олдини олиш бўйича конвенциясининг (БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси) бажарилиши тўғрисидаги бешинчи даврий маърузаси кўриб чиқилади. Ушбу конвенция Ўзбекистон томонидан 1995 йилда ратификация қилинган.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича механизмларининг аввалги тавсиялари, жумладан, Ўзбекистон иштирок этган, 2018 йилнинг май ойидаги учинчи Универсал даврий ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистон ҳукуматига БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясининг 22-моддасида кўзда тутилган баённома билан чиқиш, шу орқали Ўзбекистон томонидан мазкур Конвенциянинг бандлари бузилганлигини даъво қилган шахсларнинг мурожаатларини олиш ҳамда кўриб чиқиш борасидаги Қўмитанинг ваколатини тан олиш тавсия қилинган эди. Шунингдек, ҳукуматга БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясининг Факультатив протоколини ратификация қилиш тавсия этилган, унга биноан БМТнинг Қийноқларга қарши қуйи қўмитасига Ўзбекистондаги ёпиқ муассасаларга ташриф буюриш ҳуқуқи берилиши ва Ўзбекистон қийноқларнинг олдини олиш учун мамлакатнинг барча қамоқхоналарига режадан ташқари мунтазам мониторинг ташрифларни ўтказувчи миллий профилактика механизмини яратиши зарурлиги талаб этилади.
Президентнинг Қарорида «Жаслиқ» колониясининг бинолари, иншоотлари ва мавжуд мол-мулклари Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тергов ҳибсхонасига фойдаланиш учун берилиши кўзда тутилганлиги сабабли, БМТ ушбу муассасани дастлабки тергов вақтидаги қамоқхона ёки жиноий жавобгарлик тизимининг бошқа мақсадлари учун бино сифатида яна ишлатмаслик зарурлигини таъкидлашни муҳим деб ҳисоблайди.
«Жаслиқ» колониясида сақланаётган барча маҳбусларнинг оила аъзолари ўз яқинлари ўтказиладиган янги муассасалар тўғрисида ўз вақтида ва тегишли тарзда хабардор қилинишлари зарур.
Ўзбекистонда жиноий қонунчиликни гуманизация қилиш ва ҳибсга олиш билан боғлиқ бўлмаган жиноий санкцияларни кенгроқ қўллашни рағбатлантиришга қаратилган жиноий одил судлов тизимида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатда Пробация хизмати ташкил этилди ва бу қадам ижобий баҳоланишга лойиқдир. Шу билан бирга, ушбу жараён доирасида БМТ келгусида жазони ижро этиш тизимини ислоҳ қилишда ҳамда инсон ҳуқуқлари тамойиллари ва жиноятларнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов соҳасидаги БМТ стандартлари ва меъёрларига мувофиқ қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган санкциялар ва чораларни қўллашда Ўзбекистонга ёрдам беришга тайёрлигини билдиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter