Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТ Исроилни қора рўйхатга киритди

БМТ Исроилни қора рўйхатга киритди

Дайр ал-Балаҳ, Ғазо сектори. Исроил ҳужумида жароҳатланган бола.

Фото: AFP

БМТ Исроилни болалар ҳуқуқларини поймол этувчи ва уларга зарар етказувчи давлатлар рўйхатига киритди. Бу ҳақда Исроил расмийларига билдирги йўлланган.

Ушбу хабар расман келгуси ҳафта жума куни БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим этиладиган ҳисоботда маълум қилинади.

БМТ бош котибининг болалар ва қуролли зиддиятлар масалалари бўйича махсус вакили Виржиния Гамба томонидан тузилган ҳисоботда болаларни ўлдириш, ўғирлаш, калтаклаш, шунингдек, мактаб ва шифохоналарга ҳужум ҳақида сўз боради.

Расмий Тель-Авив одатдагидек БМТнинг бу қарорини қоралаб, «Исроил армияси дунёдаги энг ахлоқи юксак армия» экани ҳақида баёнот берган. Аммо БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар бошқача фикрда.

Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирганидан буён уруш давомида 36801 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Уларнинг 15 минг нафари болалардир.

БМТ маълумотларига қараганда, Ғазо секторида ҳар 10 дақиқада бир бола ҳалок бўлмоқда ёки жароҳатланмоқда.

Исроил болаларга нисбатан зўравонлик қилувчи давлатлар рўйхатига тиркалгани ҳақида хабар мазкур давлат армияси Ғазо секторидаги мактабга ракета зарбаси йўллаган ва оқибатда камида 40 киши, жумладан, 14 нафар бола ҳалок бўлган санага тўғри келмоқда.

Исроил армияси кеча, 8 июнь куни Ғазодаги Нусейрат қочқинлар лагерига уюштирган ҳужумда ҳам камида 210 киши ҳалок бўлган.

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) матбуот котиби Жеймс Элдер Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни «болаларга қарши уруш» деб атаган.

БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги бош комиссари Филипп Лаззаринига кўра, сўнгги олти ой ичида Ғазо секторида дунёда охирги тўрт йилда кузатилган барча можаролардан кўпроқ болалар ҳалок бўлган.

Афсуски, даҳшатли статистика кун сайин ошиб бормоқда. Халқаро ташкилотлар Ғазода кўп сонли болалар очлик туфайли ҳам дунёдан кўз юмаётгани, Исроил очликлан қурол сифатида фойдаланаётгани ҳақида бонг  урмоқда. Қайд этилишича, болалар очлик сабаб чорва молларига мўлжалланган озуқаларни истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда. Бу эса заҳарланиш ва бошқа юқумли хасталиклар хавфини оширмоқда.

17 йил қисман блокада шароитида яшаган Ғазо сектори 2023 йил октябрь ойидан буён тўлиқ қамал остида. Ҳудудга сув, озиқ-овқат, ёнилғи кириши чекланган.

Ҳаагадаги Халқаро суд 2024 йил 26 январь куни қабул қилган қарорга асосан, Исроилга Ғазо секторида геноцид ҳаракатларининг олдини олиш ва гуманитар вазиятни яхшилаш учун барча чораларни кўриш мажбурияти юкланган.

Аммо Фаластин томони Исроил халқаро маҳкама қароридан кейин ҳам гуманитар кўмак келишига тўсқинлик қилаётганини айтмоқда.

Аслида, БМТ 2022 йилда Исроилни болалар ҳуқуқларини бузувчи давлатлар рўйхатига киритишга уринган. 2021 йил якунига кўра, Фаластин ҳудудида 78 нафар бола ўлдирилган, 982 нафари жароҳатланган. Ўшанда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроил томонидан болаларга нисбатан зўравонликлар такрорланса, у қора рўйхатга киритилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Болалар ҳуқуқларини поймол этувчи ва уларга зарар етказувчи давлатлар ҳамда гуруҳлар рўйхатига турли даврларда Сурия, Мьянма, Судан, Конго давлатлари, «Ал-Қоида», ИШИД каби террорчи ташкилотлар киритилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг