Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бизга «Троя оти» керакмас — Лукашенкога жавоб қайтарилди

Бизга «Троя оти» керакмас — Лукашенкога жавоб қайтарилди

КХШТ (ОДКБ) йиғилишида Беларусь раҳбари Александр Лукашенко Қозоғистонда нотинчликни келтириб чиқарган ташқи кучларнинг назари Ўзбекистонга ҳам қаратилгани ҳақида гапириб: «Қозоғистондаги воқеалар сабоқ бўлиши керак деганимиз, кечирасиз-у, ҳаммадан ҳам аввал Ўзбекистонга тааллуқли. Агар сабоқ олинмас экан, биздаги маълумотларга қараганда, уларнинг нигоҳи Ўзбекистонга ҳам қаратилган», – деди у.

Лукашенконинг бу чиқиши Ўзбекистонни КХШТ таркибига киритиш ҳаракатининг таҳдидли кўриниши сифатида баҳоланмоқда.

«Юқоридаги гап-сўзлардан қандай хулоса қилиш мумкин?

Энг аввало, ҳиссиётларга берилмаслик, аммо совуқ мия билан реал хавфни ҳис қилишимиз керак.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепцияси ҳамда ҳарбий доктринасига кўра, биз ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмаймиз, уларда иштирок этмаймиз ва Ўзбекистонда ҳам бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари бўлишига йўл қўйилмайди. Бу қонунларимиз билан мустаҳкамланган. Буни популист «дўстларимиз» ҳам яхши билишади.

Учинчидан ва энг асосийси провокацияларга берилмаслигимиз керак. Ўзини бизга ғамхўрдек кўрсатиб, ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлганларнинг ўзи барчасининг бошида туриши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бунақа вақтда бизга фақат ва фақат бирдамлик керак.

Тўртинчидан, ҳеч қачон Ўзбекистон ҳудудига бегона давлатларнинг армияси киритилишига йўл қўймаслигимиз, бунга ҳеч қандай имкон қолдирмаслигимиз лозим ва лобуд! Қўшни Қозоғистон тақдири бизга хулоса қилиш учун дарс бўлиши керак. Айниқса эски империалистик мақомини қайта тиклаш йўлида ҳеч нарсадан, ҳаттоки бошқа давлатлар ҳудудини эгаллашдан ҳам тап тортмайдиганларнинг аскарларини Ўзбекистоннинг бир қарич ҳудудига ҳам қадам бостирмаслигимиз шарт!

Бизга КХШТга ўхшаган «Троя оти»нинг кераги йўқ!», дея муносабат билдирди Хушнуд Худойбердиев.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов эса қуйидагича изоҳ қолдирди:

«Мамлакатимизнинг у ёки бу халқаро ташкилот билан ҳамкорлиги масаласи аввало, мустақил Ўзбекистон халқи ва давлатининг миллий манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилинади. Бугунги кунда кузатилаётган хорижий сиёсатчиларнинг ташқаридан туриб «сабоқ» бериши ва маълум қарорни қабул қилишга шаъма қилиши ўта ноўрин ҳолат ва дипломатик хато деб ҳисоблаймиз».

Блогер ва тадбиркор Фируз Аллаев Қозоғистон воқеаларидан сўнг Россия ОАВси ва бошқа бир қатор Лукашенкога ўхшаган советпарастлар чиқишлари хавотирга солаётганини қайд этади.

«Ўйлайманки, ҳозир ҳукуматга ҳам ҳар доимгидан қийин. Энди, йилдан-йилга Россияда умумий сиёсий йўналиш ўзгармагунча босим ошиб борадиган кўринади. ЕОИИ ва ОДКБга бизни қўшиш учун ҳамма карталар ишга солинади.

Бу мақсадда Россия пропагандаси ҳам кучли ишлайди. Шу учун ҳам ҳаммани ҳис-ҳаяжонга берилмасликка, совуққонликка чақираман. Рус ОАВси, айниқса телевидениеси томонидан бўладиган ҳар қандай пропагандага ишонмаслигимиз, ҳар бир маълумотни қайта-қайта текширишимиз жуда муҳим» — деб ёзади у.

Депутат Расул Кушербаев эса Ўзбекистон суверен мамлакатлигини, жаноб Лукашенко ва бошқалар ўзга мамлакатларни нимагадир даъват қилишда энг камида ўша суверенитетни унутмасликлари зарурлигини эслатди.

«Чунки бизнингча Белорусь ҳам Ўзбекистон каби суверен мамлакат ва унинг халқи ҳам бошқалар каби ҳурматда бўлишни истайди», дейди у.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг