«Биз Украинани Европа оиласида кўришни истаймиз» – Еврокомиссия президенти
Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Euronews телеканалига берган интервьюсида Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши масаласига муносабат билдирди.
«Украина Европанинг айрим жараёнларида, масалан, Украина бозорини ягона ЕИ бозорига интеграциясида иштирок этмоқда. Биз энергетика ва бошқа соҳаларда яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Вақт ўтиши билан Украина ЕИга кириши лозим. Бу мамлакат – биздан ва биз уни Европа уйида кўришни хоҳлаймиз», – дейди Еврокомиссия президенти.
Урсула фон дер Ляйен Украинада давом этаётган Россия босқинига ҳам муносабат билдирган.
«Биз ҳамиша урушга қарши бўлганмиз. Украина ҳам бу урушни истамаган эди. Уни Путин бошлади ва давом эттирмоқда. Бинобарин биз молиявий ва иқтисодий соҳаларда қатъий санкциялар билан жавоб бермоқдамиз», – дейди Еврокомиссия етакчиси.
Қайд этилишича, ЕИ Украинага оғир паллада ҳарбий ва молиявий кўмак кўрсатмоқда, бирдамлик ифодаси ўлароқ юз минглаб қочқинларни қабул қилмоқда.
«Бу мамлакат (Украина назарда тутилмоқда – таҳр.) бизнинг қадриятларимизга хайрихоҳ, у ерда бизнинг таомилларимиз ҳимоя қилинмоқда. Украиналиклар – тинч демократия шароитида яшаш тарафдори. Россия эса унга тажовуз қилмоқда. Шу боис ҳам Украина бизнинг тўлақонли бирдамлигимизга ҳақли», – дейди Урсула фон дер Ляйен.
Еврокомиссия раҳбари демократик давлатлар бир тану бир жон бўлган ҳолда дунёдаги тинч тартибот ва олий қадриятларни сақлаб қолишига ишонч билдирган.
Қайд этиш жоизки, Россия Украина ҳудудига қўшин тортиб кирган илк кунларданоқ Евроиттифоқ давлатлари бир овоздан агрессияни қоралади.
ЕИ ҳаво кенгликлари Россия учун бутунлай ёпилди.
Брюссель яна бир қатор жиддий санкцияларни жорий этди.
Европа комиссияси вице-президенти, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель муаллифлигида чоп этилган мақолада ҳам Россиянинг тинчликсевар қўшнисига ҳамла қилгани буткул номақбул хатти-ҳаракат деб баҳоланади.
«Путин содир этаётган хатти-ҳаракат халқаро ҳуқуқнинг поймол этилиши бўлиб қолмай, инсониятнинг биргаликда ҳаёт кечириш тамал қоидаларига ҳам тажовуз саналади. Унинг Европага урушни қайтариш қарори замирида ҳамма нарсани куч ҳал қилувчи «ўрмон қонунлари»ни ўрнатишга уриниш ётибди. Кўзланган нишон эса наинки Украина, балки Европа хавфсизлиги ва умуман БМТ низомлари ва халқаро ҳуқуққа таянган умумжаҳоний тартибдир», – деб огоҳлантиради ЕИ бош дипломати.
Ж.Боррель бутун мутараққий дунёни адолат, ишонч ва ҳуррият муҳофазаси йўлида бирлашишга даъват этган.
Эслатиб ўтамиз, Украина президенти Владимир Зеленский 26 февраль куни Европа Кенгаши раиси Шарль Мишель билан мулоқот ҳақида хабар берар экан, Украинанинг ЕИга аъзолиги бўйича қарор қабул қилиш ҳозирги паллада тақдируламал аҳамиятга эга эканини таъкидлаган эди.
В.Зеленский 28 февраль куни ҳам ЕИ раҳбариятига мурожаат қилиб, Украинани «Европа уйи»га махсус тартибга кўра тезроқ қабул қилишни сўради.
Украина Конституциясига 2019 йил февраль ойида киритилган ўзгартиришга кўра, мамлакатнинг ЕИ ва НАТОга аъзолиги стратегик мақсад ўлароқ белгиланган.
C.Cалим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter