Биз ҳамкорликда 15 минг нафар инглиз ўқитувчилари малакасини оширишга киришганмиз – Блинкен
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен хорижий ва маҳаллий ОАВ учун ташкил қилинган матбуот анжуманида Ўзбекистонга қилинган илк ташрифидан олган таассуротлари ҳақида тўхталиб, Президент Мирзиёев ҳамда ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Саидовга «илиқ ва самимий қабул учун» ўз миннатдорчилигини билдирди.
«Бизнинг мамлакатларимиз орасидаги шериклик муносабатлари Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин бошланган ва кейинги йилларда янада кенгайиб бормоқда. Бу ердаги барча алоқаларни мустаҳкамлашга интилиш ҳиссини сездим. Бу ҳамкорлик мамлакат ёшларига эътибордан бошланади. Америка Қўшма Штатлари ўтган йил давомида 25 млн доллар сармоя киритди. Биз Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда ўзбекистонлик 15 минг инглиз ўқитувчини малакасини оширишга ва 10 мингта мактабни инглиз тили дарсликлари билан таъминлашга киришганмиз», – дейди у.
Блинкен, шунингдек, Ўзбекистонга ташрифи доирасида ЎзДЖТУга боргани ва у ерда инглиз тилидан таҳсил олаётган ёшлар билан учрашганини айтиб ўтди.
«Бугун мен ўзбекистонлик ёш ўқувчиларни инглиз тили ўрганаётган дарсида иштирок этдим. Бу шунчаки инглиз тилини ўрганиш эмас, балки ўзбекистонликларнинг ёш авлодини иш ўринлари билан рақобатга тайёрлаш, минтақа бўйлаб инглиз тилида сўзлашувчилар билан алоқа ўрнатиш, Қўшма Штатларда академик лидерлик алмашинув дастурлари эшикларини очишдир», – дейди Энтони Блинкен.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter