Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Битта кубок учун 32 жамоа: «Самовий олимпиячилар»

Битта кубок учун 32 жамоа: «Самовий олимпиячилар»

Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолаларни сайтимизда эълон қилишда давом этамиз. Навбат Уругвайга!

Лақаби: «Чарруа», «Самовий олимпиячилар».

Конфедерация: КОНМЕБОЛ.

Бош мураббий: Оскар Табарес.

Сардор: Диего Годин.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Макси Перейра (124).

Тўпурар: Луис Суарес (50).

Уй стадиони: Сентенарио.

ФИФА рейтингида: 17 (2018 йил 17 май).

Энг юқори ўрин: 2 (2011 йил июль).

Энг паст ўрин: 76 (1998 йил декабрь).

Илк расмий ўйин: Уругвай – Аргентина 2:3 (Монтевидео, Уругвай; 1901 йил 16 май).

Энг йирик ғалаба: Уругвай – Боливия 9:0 (Лима, Перу; 1927 йил 6 ноябрь).

Энг йирик мағлубият: Уругвай – Аргентина 0:6 (Монтевидео, Уругвай; 1902 йил 20 июль).

Жаҳон чемпионатидаги иштироки: 12 марта (чемпион: 1930, 1950 йиллар).

Америка кубоги: 39 марта (чемпион: 15 марта).

Илк жаҳон чемпиони ва…

Кўпчилик Уругвайни футбол бўйича биринчи жаҳон чемпиони сифатида яхши билади. Бу тўғри, аммо мамлакат футболи унгача ҳам жуда ривожланган эди. 1924 ва 1928 йилги олимпиада баҳсларида ҳам айнан уругвайлик футболчилар ғолиб бўлишгани бунга яққол мисол. 1934 ва 1938 йилги жаҳон чемпионатларининг Европада бўлиши иқтисодий жаҳатдан унчалик бақувват бўлмаган давлат учун ортиқча харажат сифатида баҳоланади. Зеро, кўпгина мутахассислар борди-ю Уругвай 1930-йиллардаги яна иккита жаҳон чемпионатида қатнашганида шубҳасиз чемпион бўлишини айтишади.

Бразилия таслим этилди

Иккинчи чемпионлик дастлабкисидан йигирма йил ўтиб азалий рақиб Бразилия майдонларида қўлга киритилди. Байрамона безатилган муҳташам «Маракана» стадиони мезбонлар томонидан эришилажак дастлабки ғалабага тайёргарлик кўрарди. Адемир, Нилтон Сантос, Жаир, Зизино каби ўша давр юлдузлари Уругвайни янчиб ташлашга тайёр эди. Ҳал қилувчи финал баҳси олдидан Рио-де-Жанейро ва унинг атрофидаги шаҳарлар мезбонлар ғалабасини ифода этувчи турли кўринишдаги плакатлар билан тўлиб кетган бўлса-да, ўйин уругвайликларнинг ғалабаси билан якунланди. Стадионга йиғилган юз минг мухлис мамлакат тарихидаги энг катта (2016 йилнинг ёзигача, албатта) шармандаликнинг гувоҳи бўлишди. Ҳал қилувчи тўпни келиб чиқиши италиялик бўлган Алсидес Гижжа киритди.

Кейинги «ҳаёт»

Уругвай футболининг кейинги муваффақиятлари кўпроқ клублар миқёсида қўлга киритилган. Пойтахтнинг «Насионал» ва «Пенярол» жамоалари Либертадорес кубогини тез-тез қўлга киритиб туришарди. Терма жамоа эса шундан кейин жаҳон чемпионати совриндорлари қаторидан жой ола билмади. Икки бор улар бронза медалларга яқин келишган эди. Аммо 1970 йили Мексикадаги чемпионатнинг ярим финалида Хуан Мухико ва Виктор Эспарраго каби етакчиларига эга уругвайликлар Пеле бошлиқ Бразилияга ютқазишган бўлса, 2010 йили ЖАРда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Нидерландия тўсиғидан ўта олишмади. Аммо Диего Форлан, Луис Суарес, Диего Лугано каби футболчилар билан бир йилдан сўнг Америка кубогида зафар қучиб, ўн беш йиллик совринсизликка чек қўйишди.

Асосий юлдуз

Бугунги Уругвайда иккита асосий юлдуз бор. Бири Эдисон Кавани, иккинчиси Луис Суарес! Агар биттасини танлаш керак бўлса, тарози палласи барибир «Барселона» ҳужумчиси томонига оғиб кетади. 30 ёшли ҳужумчи тўпурарлик қобилиятининг юксак чўққисига айнан Каталония клубида эришди. У биринчи марта ЖАРдаги чемпионатнинг Ганага қарши чорак финалида дарвозабондан ўтган тўпни қўли билан қайтариб, қайсидир маънода жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолган ва бутун дунёга машҳур бўлиб кетганди.

Бразилиядаги чемпионат унинг янги қирраларини очди. Рақибининг қулоғини ташлаб олиши уни футболдан тўрт ойга бадарға қилди. Ана шундай ҳолатда ҳам дунёнинг энг кучли клубига трансфер қилинган футболчи кейинчалик футбол тарихидаги энг кучли «трио»нинг аъзосига айланди. Суарессиз Уругвай қандай бўлишини «Копа Сентенарио»да кўрдик. Кавани терма жамоага етакчилик қила олмади. Ҳатто жароҳатланган шериги билан бўлган рақобатда ҳам у мағлубиятга учради. Суарес бўлмаса «Чарруа»га нафақат тўпурар ҳужумчи, балки ўйинга дард, куч ва мазмун олиб кирадиган одам етишмайди.

Саралаш баҳслари

Биринчи даврада Эквадор ва Бразилия билан баҳслардагина очко йўқотган Оскар Табарес шогирдлари саралаш баҳсларини анча ишончли тарзда бошлашди. Кейинги қоқилиш Лионел Месси бошлиқ аргентиналикларга қарши меҳмондаги ўйинда юз берди.

Жисмоний толиқиш ва бош мураббийнинг бетоблиги терма жамоа ўйинларига жиддий таъсир кўрсатди. 2017 йилни 3 та кетма-кет мағлубият билан бошлаган Уругвай терма жамоасининг аҳволи ёмонлаша бошлади. Айниқса, аутсайдер Венесуэлага очко тақдим этилиши вазият жиддийлашаётганидан далолат берарди. Аммо асосий рақобатчиларнинг оқсашлари Уругвай терма жамоаси аҳволини сўнгги тур олдидан жуда яхши ҳолатга олиб келди. Улар жаҳон чемпионатига чиқиш учун маҳаллий «Сентенарио»да мотивациясиз қолган Боливия терма жамоаси билан камида дуранг ўйнашлари кифоя қиларди. Вазифа ортиғи билан уддаланди, сўнгги баҳсда 4:2 ҳисобида ғалаба қозонган «Чарруа» кетма-кет учинчи марта жаҳон чемпионати финал қисмига йўлланма олди.

 Сўнгги бешта ўйин

Сана

Рақиб

Ҳисоб

Гол

муаллифлари

Шаҳар

1

2017 йил 11 октябрь

Боливия

4:2

Касарес, Кавани,

Суарес 2 та

Монтевидео, Уругвай

2

2017 йил 10 ноябрь

Польша

0:0

Варшава, Польша

3

2017 йил 14 ноябрь

Австрия

1:2

Кавани

Вена, Австрия

4

2018 йил 23 март

Чехия

2:0

Суарес, Кавани

Цзинан, Хитой

5

2018 йил 26 март

Уэльс

1:0

Кавани

Наннин, Хитой

Рақиблар

Уругвайликлар бўлажак чемпионат қуръасидан хурсанд бўлишлари турган гап. Сабаби гуруҳ баҳсларида улар кучсизроқ жамоалар билан рўбарў келишади. Масалан, биринчи саватдаги мезбон Россия ўрнида Бразилия ёки Германия терма жамоалари бўлиши ҳам мумкин эди. Гуруҳдаги қолган жамоалар ҳам жаҳон чемпионатида тажрибасиз ҳисобланган Миср ва Осиё вакили Саудия Арабистонидир.

Бутун Россия аҳли сўнгги тургача Уругвай терма жамоаси кейинги босқич масаласини ҳал этишидан умидвор бўлса ажаб эмас. Зеро, учинчи турдаги мотивациясиз Уругвай билан биринчи турда ҳар қандай ҳолатда ҳам очко олишга интиладиган Уругвайнинг фарқи бор.

Ўзаро ўйинларга келсак, Уругвай терма жамоаси гуруҳ баҳсларидаги жамоалар билан бирор марта ҳам расмий ўйинларда учрашмаган. Агар Россияни собиқ СССРнинг вориси сифатида баҳоласак, 48 йил олдин Мекискада бўлиб ўтган жаҳон чемпионати чорак финал баҳсида уругвайликлар кичик ҳисобда ғалаба қозонишган

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг