Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Биродар Абдураимов: «Равшан Ҳайдаров узр сўрагунча ишдан кетгани яхши эди»

Биродар Абдураимов: «Равшан Ҳайдаров узр сўрагунча ишдан кетгани яхши эди»

Ўзбек футболининг 20-асрдаги энг яхши футболчиларидан бири бўлган Биродар Абдураимов Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Осиё ўйинларидаги муваффақиятсиз иштирокини кескин танқид қилди. Бу ҳақда у «Sports.uz» нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Биз бошқа спортчиларимиз каби футболчиларимиздан ҳам муваффақиятларни кутгандик. Ҳеч бўлмаса финалга чиқишни кутгандик. Афсуски, улар ўзларига юклатилган вазифани уддалай олишмади. Умуман олганда, терма жамоамизнинг иштироки ҳақида нима дейиш мумкин? Мураббийни қилган ишини қаранг! Мағлубиятга учрагандан кейин бошини эгиб кечирим сўраши нимаси? Сен мураббиймисан, унда ютқазгандан кейин ариза ёзиб, ишдан кетмайдими? Ҳаммани олдида қўлини кўксига қўйиб узр сўраб нима қилади? Бу кимга керак? Ахир ютқазиб бўлишди-ку, ундан кўра ўз ихтиёри билан ишдан кетгани яхши-ку! Бундай иши билан кимни алдаяпти?

Тан олиш керак, терма жамоамизнинг мағлубияти ҳаммамизни хафа қилди. Аслида бизга гуруҳимизда енгил рақиблар тушишган экан. Шунинг учун йигитлар гуруҳда катта қийинчиликка дуч келишмади. Аммо Жанубий Корея билан учрашувда жамоа аъзоларига эътирозлар бор. Ўша ўйинда худди жавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олгиси келмагандек туюлди. Қолаверса, ўйинлар пайтидаги қизил карточкалар ҳам жамоамизда тартиб-интизом борасида муаммолар борлигини кўрсатди. Мураббий эса албатта бундай камчиликларни бартараф этиши керак эди. Яна бир гап: ҳамма бу термамизни олимпия жамоаси дейишяпти. Аммо бу қанақасига олимпия жамоаси бўлсин?! Ахир бу ўз номи билан Осиё ўйинлари-ку! Шу боис термамизни олимпия жамоаси демаслик керак. Биз 1994 йили чемпион қилган жамоа ҳам олимпиячилар эмасди. Ўшанда ҳам ҳақиқий терма жамоани олиб кетгандик. Шундан бери қачон яна терма жамоамиз чемпионликни қўлга киритаркин деб кутиб яшаяпмиз. Орадан қанча йиллар ўтди. Афсуски, ҳамон ўша натижа ягоналигича қолиб кетяпти.

Бу сафарги жамоамиздан эса ростакамига умидимиз катта эди. Бутун халқимиз яна бир бор жамоамиздан қаҳрамонлик кўрсатишини кутишганди. Муҳими, уларга ишончимиз катта эди. Осиё ўйинларига кетишдан олдин Тошкентда нима дейишгани ёдингиздами? Чемпионликни қўлга киритиб қайтамиз дейишганди. Қани, чемпионлик?! Нега гапининг устидан чиқишмади? Бизда ҳамма имконият бор эди. Лекин жамоамиз ўз олдига қўйилган вазифани эплай олмади. Буни гапириш биз учун оғир. Аммо улардан муваффақиятни кутгандик-да! Ўзбекистон медаллар тўплаш борасида кучлик бешликка кириб олгани ҳақида айтдим. Қанийди, футболимиз ҳам Осиёда мана шундай кучли бешликда бўлса эди?! Энди бўлар иш бўлди. Бор эътиборни 2020 йили Токиода бўладиган Олимпиада мусобақасига қаратиш керак. Бунинг учун тайёргарликни ҳозирдан бошлаш лозим. Керак бўлса, термага бошқа тажрибалироқ мутахассисни олиб келиб, унга жамоани ишониб топшириш керак», — деб айтган Абдураимов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг