Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бир телба рекорд тарихи: 65 кун қўнмасдан учган самолёт (фото)

Бир телба рекорд тарихи: 65 кун қўнмасдан учган самолёт (фото)

Роберт Тимм ва Жон Кук.

Фото: Howard W. Cannon Aviation Museum

Америкалик учувчилар 1959 йилда ўрнатган рекордни ҳалигача ҳеч ким янгилай олмади. Ақл бовар қилмас, телбаларча парвоз бўлганди ўзиям.

1958 йилнинг 4 декабрида ҳавога кўтарилган самолёт 1959 йилнинг 7 февралида ерга қўнган. 64 кун, 22 соат ва 19 дақиқалик бетиним парвоз!

Қаҳрамонларимиз — учувчилар Роберт Тимм, Жон Кук ҳамда Cessna 172 самолёти. Икки ойдан кўпроқ давом этган парвоз давомида улар Невада штати (АҚШ) осмони узра учиб, 240 минг километр масофани ортда қолдиришган. Бу экватор чизиғидан 6 марта узун — Тимм ва Кук ихтиёрида кучлироқ самолёт ва ҳозирги техник имкониятлар бўлганидами, Ер шарини нақ олти марта (қўнмасдан!) айланиб чиқишармиди?!

Ўшандан буён америкаликларнинг рекордини янгилайман деган биронта мард топилмади. Дарвоқе, 2 йил аввал Zephyr дрони шунга ўхшаш бетиним парвоз қилган, аммо 4 соат камроқ учган экан.

Энг узоқ давом этган ерга қўнмасдан қилинган парвоз ғалати ва ақлга сиғмайдиган воқеа. Хўш, «телба парвоз» кимга ва нега керак бўлган?

Гап шундаки, ўша пайтларда Лас-Вегасда Hacienda деб номланган казиноли янги меҳмонхона очилади, унинг эгалари меҳмонхона рекламаси жойлаштирилган самолёт жуда узоқ вақт учиб кўпчиликнинг эътиборини тортиши керак, деган режа тузадилар. Уларнинг бахтига Иккинчи жаҳон уруши учувчиси Роберт Тимм шу меҳмонхонада ишларди, буёғи тушунарли.

Тимм ёлғиз уча олмаслиги кундек равшан эди, шерикликка Кукни топади, икковлон Cessna 172 самолётини танлашади, фақат бироз ўзгаришлар киритиб, қўшимча ёнилғи баки ўрнатишади. Шу билан масала ҳал дегани эмас, жуда узоқ вақт учадиган самолётга ёнилғини ҳавода қуйиш керак бўлган, ҳеч қанақанги қўшимча бак ҳам бунга ечим бўлолмасди. Ўйлаб-ўйлаб самолётни пастлатиб учиб, ерда шитоб билан кетаётган юк машинасидан ёнилғини тортиб олишга қарор қилишади.

Кейинчалик ўзини оқлаган ғоя шундай эди: юк машинаси учиб бораётган самолётга яқинлашади, учувчилар уни пасайтиришади, сўнгра шлангни самолёт бакига улаб, ёнилғини насосда тортиб олишади.

Фото: Howard W. Cannon Aviation Museum

Дарвоқе, «заправка» пайти экипаж овқат, сув ва бошқа зарар нарсаларни ҳам олган. Ҳожатга «чиқиш» масаласини эса Тимм ва Кук табиат қўйнида фойдаланиладиган махсус кўчма ҳожатхона билан ҳал қилишган — Неваданинг ҳаммаёғи чўл..., буёғига изоҳ шарт эмас.

Учувчилар навбат билан самолёт кабинасининг орт қисмидаги жойда ухлашган, бироқ буни ором олишга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Кам ухлаш, чарчоқ ва сиқилиш охир-оқибат экипаж аъзоларини телбага айлантираёзган.

Парвознинг 36-куни ҳалок бўлишларига сал қолган. Штурвалда ўтирган Тимм ухлаб қолади, автопилотда турган самолёт чамаси бир соатлар 1,2 километр баландликда учади. Бир неча кун ўтиб, автопилот ишдан чиқади, энди учувчилар «рулда» асло ухлай олишмасди.

Парвознинг 65 куни тугашига озгига қолганида, сабр коса тугаган учувчилар самолётни қўндиришга қарор қилишади.

Чапдан ўнгга: Роберт Тимм, Престон Фостер (актёр ва самолётни ердан бошқарувчи), Уоррен Док Бэйли (Hacienda хўжайини) ва Жон Кук.
Фото: Howard W. Cannon Aviation Museum

Кейинги воқеалар:

Cessna 172 шундан сўнг бир неча йиллар меҳмонхонанинг кўзга кўринарли қисмида турди. Қизиқиш пасайиб кетгач, канадалик бир кишига сотиб юборилди. 1992 йилда уни Ҳовард Кэнон авиация музейи сотиб олди, борсангиз ўша ерда кўрасиз.

Фото: Wikipedia

Тим Кук меҳмонхонадаги ишига (механик) қайтди. 1976 йилда 50 ёшида вафот этган.

Жим Кук учувчилик фаолиятини давом эттиради. 1995 йилда 70 ёшида вафот этган.

Кукнинг вафотидан бир йил ўтиб, 1996 йили Hacienda меҳмонхонаси бузиб ташланиб, ўрнида машҳур Mandalay Bay меҳмонхонаси қурилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг