Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Берлин-Оққўрғон» Зулфиқор Мусоқовнинг сўнгги фильми бўлади. У режиссёрликдан кетишга қарор қилди

«Берлин-Оққўрғон» Зулфиқор Мусоқовнинг сўнгги фильми бўлади. У режиссёрликдан кетишга қарор қилди

Фото: «Халқ сўзи online»

«Халқ сўзи online» нашри таниқли кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқовдан интервью олди. Суҳбат давомида Мусоқов ўзи суратга олаётган «Берлин-Оққўрғон» фильми ва режиссёрлик фаолиятига оид саволларга жавоб қайтарган.

Мусоқовнинг айтишича, Ўзбекистон, Германия ва Россияда суратга олинаётган фильм сценарийсини ўзи икки йилда ёзган. Унда бош ролни «FOCUS» санъат мактабининг актёрлик бўлими талабаси Ҳасан Шуҳратов ўйнаган. Бу — унинг илк роли.

Фото: «Халқ сўзи online»

Айнан унда кўтарилган мавзу туфайли, яъни боболаримизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабаси шарофати билан ҳаммамиз шу ерда ўтирибмиз, улар ота-оналаримизнинг ҳаётини сақлаб қолишган. Гапнинг очиғи, шахсан мени инсон,фуқаро ва ижодкор сифатида баъзи одамларнинг эҳтиёткор,конфет қоғозига ўраб  «бу мавзу ҳозир керакми?» деган саволининг ўзи жуда қаттиқ ранжитади. Ҳар галгидай, айтаётган гапларим ҳавога гапиргандай бўлиб қолиши маълум.

Лекин барибир гапиришим керак. Бу сценарийга қарши бўлган одамнинг умуман санъатга алоқаси йўқ. Позицияси темир-бетондай қотиб қолган. Нималарга алоқаси борлиги - алоҳида мавзу. Керак бўлса, бошқа вақт мен бу ҳақда бафуржа гапириб беришим мумкин. Шахсан менда битта инсоний ва ижодий позиция бор. Раҳматли Малик Қаюмов айтгандилар, «Сен тажриба орттириб, ўнта фильмдан кейин, албатта, ўзбекларнинг урушдаги жасоратини кўрсатгин» деган эдилар...Балким шунинг учун «Ватан» ва «Қўрғошин» фильмлари  туғилгандир. Ҳар бир миллат, ҳар бир халқнинг тарихида энг кўп қурбон бўлган замонлар бўлган. Ватанимизда на Искандар Зулқарнайн, на Чингизхон пайтида, на «инқилоб» замонларида қурбон бўлганлар сонини Иккинчи жаҳон урушида қирилиб кетганларга на нисбий,на фоизли ва на умумий жиҳатдан тенглаштириб бўлмайди: 475 минг 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган эркаклар ва шулар сонидан 2 фоизга тенг хотин-қизлар нобуд бўлди. Менинг энам Майрам бувининг 24 синфдошидан бирортаси қайтиб келмаган, 4,5 миллион аҳолидан 1,5 миллион одам мажруҳ — кўр, оёғи ёки қўли йўқ ногирон булиб қайтишди...

Зулфиқор Мусоқов

Режиссёрнинг айтишича, фильм номи у туғилиб ўсган жой билан боғлиқ. «Чунки ота-онамнинг туғилиб ўсган жойлари Тошкентдан 55 чақирим нарида Оққўрғонда, у ерда бобом,энам ва отамнинг қабрлари бор», — деди Мусоқов.

Фото: «Халқ сўзи online»

Суҳбат давомида Зулфиқор Мусоқов ушбу фильм унинг сўнгги режиссёрлик иши эканини айтган.

Бу гапни биринчи бор «Аччиқ чой» кўрсатувида айтувдим... Ҳар бир ижодкорнинг ўз йўли бор. Жуда катта жисмоний ва асабий куч талаб қиладиган амалий режиссурадан спортчиларга ўхшаб ўз вақтида,обрўси бор вақтда кетиш керак...Бу табиий жараён. Қариган чоғида мухлислар олдида шарманда бўлиш керакми? Худога шукр, озми-кўпми, суратга олган бир нечта фильмларим одамларнинг  юрагидан жой олибди. Бу бахт эмасми? Сценарийлар ёзаман. Бундай тўхтамга келишимнинг иккинчи сабаби — айнан кино соҳасидаги бугунги нопрофессионал муҳитни мен ўзимга ҳеч сингдира олмаяпман...

Зулфиқор Мусоқов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг