Беларусь Электрон хизматлар миллий маркази билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги делегациясининг ТИБО-2021 халқаро форумидаги иштироки доирасида Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ва Беларусь Республикаси Электрон хизматлар миллий маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ушбу меморандум Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Содиқов ва «Электрон хизматлар миллий маркази» республика унитар корхонаси директори Р.Градусов ўртасида Минск шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида имзоланди.
Меморандумдан асосий мақсад – Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида электрон ҳукумат соҳасида амалий ҳамкорлик ва тажриба алмашишни йўлга қўйишдан иборат.
Меморандум доирасида томонлар ўзаро манфаатли устувор йўналишларда, шу жумладан электрон ҳукумат инфратузилмасини, ахборот тизимлари ва ресурсларини ривожлантириш, электрон давлат хизматлари миллий порталини ривожлантириш каби бир қатор йўналишларда биргаликда ишлаш ва тажриба алмашишга келишиб олдилар.
Маълумот учун: «Электрон хизматлар миллий маркази» республика унитар корхонаси Беларусь Республикасида электрон ҳукумат асосини ташкил этувчи энг муҳим идоралараро ахборот тизимларининг инфратузилма операторидир. Ушбу марказнинг асосий вазифалари орасида фуқаролар ва ташкилотлар учун электрон хизматлар кўрсатиш ҳамда электрон хизматлар кўрсатиш давлат тизимини қуриш ҳисобланади. Марказ 2012 йилда Беларусь Республикаси Президенти ҳузуридаги Оператив-таҳлил маркази ҳузурида ташкил этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter