Бахт ва муваффақият калити нима?
Машҳур олим Томас Эдисон ўзининг овозини ёзиб олиб, эшитадиган аппарат кашф этгач, моделлар ясайдиган конструкторга мурожаат қилди. Унга қаламда ёзилган ғояларини кўрсатди ва мазкур аппаратнинг ҳаракат қиладиган моделини ясашни сўради.
─ Бу мутлақо мумкин эмас! ─ деди уста расмга назар ташлар экан. ─ Мен ҳеч қачон бу матоҳни ишлашга мажбур қила олмайман.
─ Нега бундай деб ўйлайсиз? ─ сўради Эдисон.
─ Чунки ҳозиргача ҳеч ким гапирадиган аппарат яратгани йўқ, ─ деб тушунтирди моделлар конструктори.
Эдисон бош ирғаб, бу ҳукмга кўниши ва гапирадиган машина ғоясидан воз кечиши мумкин эди. Аммо унинг тафаккури бунга йўл қўймади.
─ Мана шу расмда тасвирланган моделни ясанг, ─ деб талаб қилди Эдисон. ─ Агар ишламаса, менинг гаровда ютқазганим бўлсин.
Ғоя ва режаларини ўзидаги ишонч билан мустаҳкамлаган киши муваффақиятсизликларнинг биринчи аломатлари нишона берган заҳоти ортга чекинган одамларга нисбатан анча-мунча афзалликларга эга бўлади.
Уста ишга киришди ва у тайёрлаган аппарат ишлаб кетди.
Муваффақият ўзига ишонмаган кишига ҳеч қачон яқин йўламайди. У ҳамиша бирор нарсани билган, истаган ва қўлга киритишга қатъий ёндашган инсон билан ёнма-ён юради, «мутлақо мумкин эмас» деган сўзга асло кўнмайди.
Америкада муваффақият қозонган менежерлардан бири суғурта иши билан машғул барча агентларидан бир нарсани талаб қилган. Уларнинг ҳар бири камида беш дақиқа ойнага қараб, шундай сўзларни такрорлаши керак эди: «Сен дунёдаги энг ажойиб агентсан, буни шу бугун исботлайсан, эртага ҳам, ҳар доим ҳам».
Ва ҳар бири ўзининг хотини билан келишган, шунга мувофиқ улар эрини қуйидаги сўзларни айтиб, ишга кузатиши лозим эди: «Сиз дунёдаги энг буюк суғурта агентисиз, буни шу бугун исботлайсиз!»
Ушбу суғурта агентлари ўз соҳаларида энг пешқадам ўринни эгалладилар. Ваҳоланки, суғуртани ҳеч ким ўз ихтиёри билан сотиб олмайди, агентлар уни сотишлари шарт.
Инсон ботиний онги мисли кўрилмаган имкониятларга эга, уни ҳар бир одам ривожлантириб, керакли йўналиш бера олади. Афсуски, кўпгина одамлар бунга ишонмайди. Ботиний онгни бошқариш, у билан гаплашиш ва унга буйруқлар бериш мумкин. Агар уни бамисоли кўринмас одам десак, етарли даражада хоҳиш ва куч-қувватга эга бўлиб, нима талаб қилинса, борини амалга оширишга қодир.
Ботиний онгнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у ҳаммага ишонади, унга нима дейилса, шунга мувофиқ ҳаракат қилади.
Ботиний онг фақат сўзларга ишониб, уларга мувофиқ ҳолатга тушибгина қолмайди. Ҳайратланарли жиҳати, у ўй-фикрларга ҳам мувофиқ келади, айниқса, ишонч ёки қўрқув ҳиссиётлари билан йўғрилганларга мос бўлади.
Ботиний онгга фикр ёки сўзлар такрорланса, яхши бошқарилади. Унинг ана шу ўзига хос хусусиятини бахт-саодат калити деб ҳисоблаш мумкин.
Биз оддий восита ёрдамида ботиний онгдан ҳар қандай мақсадни қўлга киритишда фойдаланишимиз, уни ишлашга мажбур қилишимиз мумкин. Ботиний онг, шунингдек, инсон нима учун ўзини камбағаллик, йўқчилик, бахтсизлик ва касалликларга, яъни нимани истамаса, айнан шунга маҳкум бўлишини ҳам изоҳлаб беради. Муваффақият қозонган киши ўз онгини шундай йўналтирадики, ботиний онг олдида зарурий мақсад ва вазифаларни таъминлаш имконияти юзага келади.
Онгнинг бу тизими самарали эканлиги сабаби, унда истамайдиган нарсани ўзига жалб этиш имконияти қолмайди. Ботиний онгдаги кўришнинг аниқ технологияси унчалик муҳим эмас. Такрорлаш бўладими ёки бирор тимсолнинг аниқ тасаввурими, энг асосийси, бу ботиний онгга қадар етиб борсин.
Сиз бахтли-саодатли бўлмоқчимисиз? Муваффақият калитини қўлга киритмоқчимисиз? Ботиний онгдан фойдаланинг, уни ўзингизга нисбатан ишончни ривожлантиришда қўллай билинг. Ана шунда бу тизимни барча ишларингизда ишончли ёрдамчига айлантира оласиз.
(Наполеон Хилл китобидан)
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter