Барҳаёт садоқат. Беш ўғлидан айрилган аёл
![Барҳаёт садоқат. Беш ўғлидан айрилган аёл](https://static.xabaruz.com/crop/2/3/720_460_95_2332149081.jpg)
«...Кимдир бизни сотди. Немислар партизанлар отряди қаерда жойлашганидан хабар топишди. Ўрмонни, унга олиб борадиган барча йўлларни ўраб олишди. Биз қуюқ чангалзорларга яшириндик; ботқоқликлар жонимизга ора кираётган эди. Юҳо ботқоқлик! Техниканиям, одамларниям буткул ютадиган ажал коми. Ҳафталаб ҳиқилдоғимизгача сувга ботиб турардик... Сафимизда яқинда фарзандли бўлган радист аёл ҳам бор эди. Гўдак оч, тинмай йиғлайди. Лекин онанинг ҳам қурсоғи бўш, кўкрагида сут йўқ. Агар ёнгинамиздаги жазо отрядининг итлари эшитиб қолса борми... Ўттиз кишининг ҳаммасини муқаррар ажал кутади!.. Сизга тушунарлидир? Қарор қабул қиламиз... Командирнинг буйруғини етказишга ҳеч ким ботинолмай туради, лекин онанинг ўзи ҳаммасини фаҳмлайди. Йўргакни сувга ботиради... Гўдаккина бошқа қичқирмайди... Бизнинг бошимиз хам. На онага, на бир-биримизга қарай оламиз...».
Бу иқтибос беларус адиби Светлана Алексиевичнинг «Уруш аёллар иши эмас» китобига кирмай қолган. Адиб ушбу романни ёзишдан олдин Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган собиқ иттифоқ аёлларининг жасоратини инсониятга кўрсатиб беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Уруш даврида бизнинг фронт ортидаги аёллар ва болаларимизга ҳам осон бўлмаган. Айрилиқ, қайғу-алам, жудолик ҳеч бир хонадонни четлаб ўтмаган. 6,5 миллион аҳолидан 1,5 миллиондан кўпроғи жангларда қатнашган. Ёвуз урушда 500 мингга яқин юртдошимиз ҳалок бўлган, қанча одам бедарак кетган, қанча-қанча инсонлар майиб-мажруҳ бўлиб қайтган. Улар орасида ёш қизлар ҳам бўлгани барчага маълум. Ёшлар ўз яқинларининг тинч-осуда яшашини истагани учун қаҳрамонларча ҳалок бўлишган. Фронт ортида ҳам фашизмга қарши кураш олиб борилди. Қўлда қурол олиб жангга кирмаган бўлса-да, жонини жабборга бериб, далада, завод-фабрикаларда ўзи емай-ичмай кеча-ю кундуз меҳнат қилган ота-боболаримизни, оналаримизни асло унутишга ҳаққимиз йўқ. Айнан уларнинг чексиз сабр-тоқати туфайли бугун биз бахтли яшамоқдамиз...
Яқинда таниқли адиб Алиназар Эгамназаровнинг «Оқловдан сўнг» номли китобидаги «Беш жангчининг онаси» очеркини изтироб билан ўқидим. Муаллифнинг Иккинчи жаҳон уруши даврида юртдошларимиз матонатига бағишланган очеркидан катта бир роман ўқигандек таъсирландим.
«Зангиота туманининг Хонобод маҳалласида Зулфия Зокирова деган аёл яшаб ўтган. Шу аёлнинг беш ўғли фронтдан қайтмаган экан: Холматов Исоқжон, Холматов Аҳмаджон, Холматов Мамажон, Холматов Ваҳобжон, Холматов Юсуфжон. Зулфия ая уруш бошланганда оиладаги барча эркакларни фронтга жўнатиб, қайинсинглиси ҳамда тўрт келини билан қолган.
Мамажон 1941 йилнинг июлида, Аҳмаджон ундан бир ой кейин фронтга кетишди. Кузга бориб Ваҳобжон билан Юсуфжонни ҳам кузатишди. Энг охирида, 1944 йилнинг март ойида бўйдоқ ўғил Исоқжон жўнаб кетди. Аҳмаджондан атиги битта хат келади. Унда «Мактубни йўлда ёзаяпман, ҳозирча менга хат ёзманглар, биз Сталинград томонга кетаяпмиз. Етиб боргач, аниқ манзил билан яна хат ёзаман», — деган эди. Шундан кейин аскардан дарак бўлмади.
Мамажондан ора-сира хат келиб турди. У хатларида «Москвани ҳимоя қилаяпмиз, оташ-оловнинг ичидаман» деб ёзарди. 1943 йилнинг охирида уйига ярадор бўлиб қайтиб келди. Бироз ўзига келгач, колхозда бригадир бўлиб ишлади. 1944 йилнинг ёзида яна фронтга кетди. Ундан охирги мактуб уруш тугашидан caл аввал келди. «Карнай-сурнайнинг товуши келиб турибди, ҳадемай, охирги катта тўйга (жангга) кирамиз. Шундан омон чиқсам, дийдор кўришиб қоламиз», — деганди ўша мактубида. Шундан кейин кўп ўтмай ундан қорахат келди.
1943 йилнинг ёз кунларида Юсуфжон Ленинградда ҳалок бўлгани ҳақида қорахат келди. Кенжаси, севимли ўғли ҳалок бўлганини эшитиб Зулфия опа фарёд кўтарди. Кейин бошқа ўғиллари ҳалок бўлганлиги, бедарак йўқолганлиги ҳақида кетма-кет хабарлар келди. Уларни Зулфия опага билдиришмади. Зулфия опа ҳаммадан ҳам Юсуфжонга кўп куйди. Тўрттасидан туёқ қолди, Юсуфжоним чимилдиқ кўрмай бенишон кетди деб йиғлади.
Ўша пайтларда далада меҳнат қилган кишилар кимлар эди? Қари-қартанглар, ўсмир болалар, эри фронтда жанг қилаётган аёллар эди. Зулфия бувининг тўрт келини — Лазокат, Ҳамронисо, Ҳидоят, Роҳат Холматовалар ҳам битта бригадада меҳнат қилишган. Қишлоқда эркаклар урушга кетгани сабабли энг оғир ишлар аёлларнинг зиммасида эди.
— Қайнонам ҳамиша мен билан бирга яшаган, — дейди Мамажоннинг рафиқаси Ҳидоят Холматова. — Ўғиллари дом-дараксиз кетгач, у киши қаттиқ куйди. Лекин буни бизга сездирмасликка ҳаракат қиларди. Келинларимнинг ўз ташвиши ўзига етарли, яна уларни кўз ёшим билан эзиб нима қиламан деган бўлса керак-да. Раҳматли қайнонам ҳушёр, сезгир аёл эди. Лекин биз у кишининг ич-ичидан куйиб кетаётганини сезиб турардик, қандай бўлмасин кўнглини кўтаришга, тасалли беришга ҳаракат қилардик.
Қайнонам кўпинча кечаси билан ухламасди. Ярим кечаси ҳовлида худди биров эшитиб қоладигандай, паст овоз билан ўғилларининг номларини бирма-бир айтиб йиғлаб юрганини уч-тўрт марта кўрганман. Баъзида қўни-кўшнилар уйимизга кириб, «Кампир бечорага қийин бўлди-да!» деб бошларини сарак-сарак қилиб чиқиб кетишарди. Қишлоқда ким урушдан қайтса, ойим биринчилардан бўлиб бориб кўрарди. Улар билан кўришаркан: «Мамажонни кўрдингми, Юсуфжонни кўрдингми?», — деб саволга тутарди.
Урушдан кейин бир куни кампир тўрт келинни ёнига ўтқазди-да, шундай деди:
— Ўргилиб кетай сенлардан, мен барчангдан розиман. Лекин бир қарз гапни ўзимдан соқит қилмоқчиман. Тўртовинг ҳам эрдан ёш қолдиларинг. Энди жойи чиқса турмуш қилинглар, мингдан-минг розиман. Мени ҳеч ўйламанглар, оғирлигимни ер кўтаради, ризқимни худо беради.
Шунда ҳамма овсинлар йиғлаб юборишди:
— Йўқ, ойи, — деди Ҳидоят келин. — Биз яна эрга тегиб, болаларимизни бегоналарга муте қилмаймиз. Доим сизнинг паноҳингизда яшаб, уларни ҳам ота, ҳам она бўлиб тарбиялаймиз. Болаларимиз вояга етиб, ўзларидан кўпайса, юрагимиздаги яралар битиб кетади.
Шунда кампир келинларини йиғлаб дуо қилган экан.
Зулфия ая ҳали яна яшаши мумкин эди. Лекин умрининг сўнгги йилларида кетма-кет икки фалокат рўй берди — 1957 йилда трамвай зинасидан йиқилиб, бели синди. Бир йил шифтга қараб ётди. Тўрт овсин кампирга навбатма-навбат қарашди. Энди кўлтиқтаёқда юрадиган бўлганида яна бир кўнгилсиз ҳодиса бўлди — якка-ю ягона қизининг эри автомобил фалокатида ҳалок бўлиб, олти невараси отасиз қолди. Кампир бу жудоликни кўтаролмай яна ётиб қолди.
— Қайнонам оғир ётган кезлар ипак қурти боқилаётган кунлар эди, — дейди келини Ҳамронисо опа. — Бош қашишга вақт йўқ. Шундай бўлса ҳам тез-тез кампирнинг олдига чиқиб турдим. Олдида бирпас ўтирсам, у киши: «Бор, болам, қуртга қара, тезроқ кўмишнинг пайидан бўл, мен тузукман», — дерди. Вафотидан сал олдин яна хабар олишга чиқдим. Ёнига ўтириб:
— Ойи, тузукмисиз? — дедим.
— Шукур, тузукман, — деди. Кейин сўради: — Қуртинг нима бўлди?
— Кўмдим, ойи, қутулдим, — дедим.
— Ҳайтовур, — деди. Кейин дарвоза томонга хиралашган кўзлари билан қаради-да, — биттаси бўлсаям келмади-я... — деди.
У кишининг сўнгги сўзлари шу бўлди. Бироз ўтгач, кўзларидан икки томчи ёш оқди-да, ҳаёт билан мангу видолашди. Лекин умрининг сўнгги они, сўнгги дақиқасигача умид ва интизорлик билан яшади, беш азамат ўғлидан бирортасини бўлса ҳам кўриш, уларнинг қай бири билан бўлса ҳам бир дақиқа суҳбатлашиш илинжида яшаб ўтди. Бундай айрилиққа чидаш, умид билан кутиш инсондан нақадар катта куч ва матонат талаб этади...
Яна қайсидир журнал ва ёки газетада урушда кўплаб ярадор аскарларни ўлимдан қутқариб, жанг майдонидан елкасига ортмоқлаб олиб чиққан ўзбек ҳамшира қизи ҳақида ўқиган эдим. Ҳамшира қиз ўлимдан қутқарган ярадорлардан бири — ўзбек йигити урушдан омон қайтгач ўша қизни излаб топади. Гарчи қиз икки оёғидан ажраб қолган бўлса-да, йигит шу қизга уйланади. Ана қаҳрамонлик, ана жўмардлик...
Шундай қаҳрамонлик кўрсатган ҳамюртларимизнинг жасорати олдида бош эгамиз. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уларни яна бир бор ёдга оламиз.
Мансурхон Тоиров
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2016 йил, 18-сон.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter