Барча туман ҳокимлари Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдалани келиб кўрсин, ўргансин — Президент

Бугун бўлиб ўтаётган йиғилишда Шавкат Мирзиёев кеча Қашқадарёдаги турли объектларга ташрифдан олган таассуротлари билан бўлишди.
Масалан, уч йил олдин Чироқчидан ажралиб чиққан Кўкдала тумани. Ўтган даврда бу ерда 120 километр сув, 210 километр электр тармоғи қурилди, 605 километр тупроқ йўллар таъмирланди, 19 та мактаб, 22 та боғча, 5 та оилавий поликлиника ишга тушди. Ишлаб чиқариш корхоналари 3 карра ошиб, 220 тага етди.
Қисқа даврда Миракининг ўзида 180 миллион долларлик 200 дан ортиқ лойиҳа ишга тушди, 2 минг иш ўрни яратилди. Яна 150 миллион долларлик лойиҳаларда ишлар кетаяпти.
Яккабоғ туман марказида 1 минг 400 хонадонли 54 та кўп қаватли уйлар, «Эко бозор», замонавий савдо ва кўнгилочар маркази барпо бўлди.
«Тўғриси бу менга жуда маъқул бўлди. Мана туман маркази қандай бўлиши керак! Бундай лойиҳаларни ҳар бир туман, ҳар бир маҳаллада қилсак, ўша ҳудудга маданият киради, ислоҳотларимиз жойларгача етиб борганининг яққол натижаси бўлади», — деди давлатимиз раҳбари.
Шаҳрисабз шаҳрида 10 миллион долларлик кўп тармоқли замонавий клиника ишга туширилди. Ҳар бир ҳудудда камида 1 тадан мана шундай хусусий клиника очилишига кўмаклашиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун давлат 140 миллион доллар ресурс ажратишга тайёр.
«Қисқа қилиб айтганда, Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдалада ишга тушган янги лойиҳалар «Ислоҳотлар штаби»га тайёр андоза. Республикадаги барча туман ҳокимлари Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдалани келиб кўрсин, ўргансин, ўзида ҳам мана шундай янги-янги лойиҳаларни қилсин», — деди президент.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter