Банклар ҳеч қачон ўйламайдиган муаммо
Ақл саросимага тушганида, аниқ-тиниқ фикр юритиб бўлмайди. Тажрибали одамлар буни яхши билишади. Улар безовталикни ақл-фаросатлари қўрқув ва ташвиш билан хафагазак бўлмаган бошқа кишилар ёрдамида бартараф этадилар.
Буюк турғунлик йилларининг бошларида Жон Кольер менинг ҳузуримга бир муаммо билан келди. У шунчалик безовта эдики, ҳатто касал бўлиб қолганди. Муаммонинг ечими аллақачон Кольернинг калласида, лекин фикр-ўйларини жамлаб ололмас, чуқур англай олмас эди.
Жаноб Кольер Бостондаги пойафзал фабрикасининг хўжайини эди. Буюк турғунлик йиллари бошлангач, у қарз олган банк ишлаб чиқариш ускуналарини Кольердан олиб қўйди. Ваҳоланки, ҳали пуллар жуда зарур эди. Кольернинг қарз олиш учун бошқа ҳеч қандай таъминот қолмади.
Мен жаноб Кольерга бир нечта оддий саволлар бериб, қуйидаги ҳақиқатни билиб олдим: у пойафзал ишлаб чиқариш соҳасида йигирма йилдан ортиқ тажрибага эга. Фаолиятининг дастлабки давриданоқ истеъмол тармоғининг муҳим корхоналарига эга бўлган. Шу билан бирга у Бостоннинг энг йирик ибодатхоналаридан бирида диний қўшиқлар ижро этар ва пировард натижада оилавий ҳаётда бахтиёр эди.
Мен буларнинг барчасини ҳисоб-китоб қилиб, Кольернинг ҳаётий муваффақиятга сазовор эканлигини англадим ва унга шундай дедим:
─ Сиз етарли даражада ҳаётий қадрият эгасисиз, улар биринчи даражали аҳамиятга эга.
─ Ҳа, буни биламан, ─ деди у. ─ Аммо мен хонавайрон бўлдим.
─ Шу қадар қадр-қимматга эга инсон ҳеч қачон ўзини хонавайрон деб ҳисобламаслиги керак, ─ дедим унга. ─ Улар энг яхши кафолатлардир.
─ Аммо банклар бундай деб ўйламайди-да.
─ Ҳа, банклар бундай деб ўйламайди, ─ таъкидладим мен. – Аммо бошқа йўллари ҳам борки, айнан шундай ўйлайдиган одамларни топиш мумкин. Мен сизга бир нарсани таклиф қилмоқчиман. Ўзингиз билган тегишли молиявий сармояларга эга ва пойафзал савдоси билан шуғулланувчи, маҳсулотингизни харид қилувчи ўн кишини бир жойга йиғинг. Бизнесингизни яна оёққа турғазиш учун улардан қарз бериб туришларини илтимос қилинг.
Мен гапимни тугатар-тугатмас, жаноб Кольернинг кўзларидан саросима ва қўрқув ифодалари ғойиб бўлди. У жилмайди ва ён дафтарчасини олиб, ниманидир ёза бошлади. Сўнгра менга узатди. Унда беш кишининг фамилияси ёзилган, улардан ҳар бири Кольернинг маҳсулотига талабгор истеъмолчи эди.
─ Мана, ─ деди у, ─ каминага ёрдам беришга келадиган одамлар ана шулар. Улар бир неча йиллардан буён мендан оёқ кийими сотиб олишади. Молларимни билишади ва менга ҳам, маҳсулотимга ҳам ишонишади. Бу одамлардан керакли молиявий ёрдамни оламан. Пойафзалларга, яъни мендан сотиб оладиган барча молларга катта чегирмалар қўйиб, уларга тақдим этаман.
Мен жаноб Кольерга бир пайтлар Генри Форд ўзининг «Форд-мотор» компаниясида худди шундай ҳаракат дастурини қўллаганини айтиб бердим. Ҳа, Форд ўзининг автомобилларини ким сотиб олган бўлса, улардан, яъни ўзининг дилер (мижоз)ларидан тегишли айланма маблағ олган эди.
─ Энди ҳаммаси ойдай равшан, ─ деди жаноб Кольер. ─ Аммо мени хижолатга солгани шуки, нега ҳузурингизга келишдан олдин шулар ҳақида ўзим ўйлаб кўрмаган эканман?
Бу савол бошқаларни, ўз муаммоларига ўзлари жавоб топа оладиганларни ҳам хижолатга солади. Аммо улар буни англаш ўрнига ўзгаларнинг ёрдамига муҳтож бўладилар.
Жаноб Кольер Бостонга қайтиб кетди.
Орадан етти ой ўтгач, мен ундан мактуб олдим. Кольер ўз режасини қандай амалга оширганини ёзган эди. Хатга жуда чиройли чўнтак соати илова қилинган ва унга қуйидаги сўзлар ўйиб ёзилган эди: «Менинг ўзимга иккинчи «мен»имни таништирган Наполеон Хиллга».
Мазкур битик юқоридаги воқеанинг бутун моҳиятини ифода этарди. Камина қўллаган барча воситалар жаноб Кольерни қуршаб олган қўрқувдан халос этди. Ваҳоланки, у зарур пайтда ўз олдига беҳуда чекловлар қўйган эди.
Ўйлайманки, сиз, азиз ўқувчи ҳам тегишли хулоса чиқардингиз. Бу олдимиздаги шундай кашфиётки, бизни хушнуд этади. Шу билан бирга, кўмакка шай сармоядорлар ҳам берган кўмакларидан хурсанд бўладилар. Ахир, энг муҳими ишонч, шундай эмасми?
(Наполеон Хилл китобидан).
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter