Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлам...

Айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлам...

Аёлларни ечинтирган ички ишлар ходими ҳақида тармоқларда турли фикрлар билдирилаяпти. Ким учундир бу янгилик, ким учун эса оддий ҳолга айланган... Бундан бир неча йил олдин... деб шунга ўхшаш баъзи кўрган ва билган воқеалар ҳақида гапирмоқчи бўламану...

«Кичкина табиб» номли ўзбек фильмини эслайсизми? Бой ва мансабдор Шуҳрат Шодмоновнинг уйида бир соқов хизматкор юради. Бўлаётган айрим жиноятларни кўриб ҳам гапирмай юради. Бир куни ёлғиз қолиб ўкириб-ўкириб, ўксиб-ўксиб, қўлларини кўкрагига уриб-уриб йиғлайди. «Тилим бор, лекин гапиролмайман, гапирмасликка сўз берганман, қасам ичганман, нима қилай?», — деб уввос солади.

Ўша ҳолат, ёш бўлганим учунми, бироз эриш туюлган. Баъзи инсонлар тилини тийишга, кўзини юмишга, қулоқларини ёпишга умрининг охиригача мажбур ва маҳкум бўлишини англаб турибман. Ўзи учун бўлмаса ҳам яқинларининг ҳаёти учун жуда кўп нарсаларни унутиши лозим экан. Бироқ бизнинг қусурли томонимиз ҳам шундаки, қўшнимизнинг уйига ўт кетса челак кўтариб югуришдан кўра унинг тешилганини баҳона қиламиз. Ҳатто автоҳалокат юз бериб оғир яраланиб ётган юртдошимизни шифохонага олиб боришдан бош тортамиз: савол-жавоби кўп, ташвиш орттирамиз. Чархпалак айланиб навбат ўзимизга келганда ёрдам сўраб қўл чўзамиз.

Бу мавзу доирасида, яъни хўрланиш, зўрланиш, зўравонлик билан айбдор қилиш ҳақида бироз кейинроқ тўхталмоқчийдим. Аммо вақти келиб бу унсиз нидолар қоғозга тўкилганда кеч бўлиб қолмасмикан деган хавотир қийнади мени. Бугун буни бегона, ўғри аёл деб қўл силтасак эртага онамиз, опамиз, синглимиз, аёлимиз ва қизларимизга ҳам шундай муносабатда бўлмасликларига ким кафолат беради?

Шу ўринда тарихдан бир қатор мисоллар келтириб ўтмоқчиман. Бундан фақат ўз мамлакатининг аёллари қандай эъзозланганига гувоҳ бўламиз.

Умар розияллоҳу анҳу даврида бир аёл душманларга асир тушиб, бунинг хабари қисқа вақт ичида етиб келади. Умар (р.а) «Агар шу асирни қўйиб юбормасанг шундай лашкар билан бораманки, уларнинг учи сенинг мамлакатингга кириб борганда бир учи бу ердан чиқиб кетмаган бўлади» деган маънода мактуб йўллайди. Ёки бўлмаса ўша вақтда рақибнинг ҳарбий қудратини текширишга юборилган айғоқчилар аввало аёлларини қандай ҳимоя қилишига эътибор бериб, у юртнинг заиф ёки қудратли эканлигини билиб олишган. Бундан кўриниб турибдики, аёллар ким бўлишидан қатъи назар заифа, ҳимояга муҳтож инсонлардир.

Афсуски, айни пайтда уларнинг аҳволи аянчли. Ҳолларига маймунлар йиғламоқда. Уларнинг ҳурматини жойига қўя олмаганимиз учун айримлари чет давлатларда бегона тўшакни гуллатаётган бўлса, айримлари юртимизнинг ўзида таҳқирланмоқда. Аждодларимиз ундай бўлган, бундай бўлган деб кўксимизга урамиз. Қани, биз уларга муносиб бўлаяпмизми? Уларнинг насиҳатларига қулоқ тутаяпмизми? Уларнинг йўлидан юриб, ҳалол-ҳаромни тушунай, фарзларни адо этай деганларнинг қанча-қанчаси ёт оқим аъзоси деган тамға билан жувонмарг бўлишди. Яқин-яқингача аёлимни ҳимоя қиламан, асраб-авайлайман, эъзозлайман дея рўмол ўратганниям турли туҳматлар билан қамашар эди. Қутурган ит каби эгасиниям танимай қолган айрим ходимлар то Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келгунга қадар халқнинг қонини ичиб келганини энди бутун халқимиз билади ахир.

Каттақўрғондаги воқеа аввало мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсига салбий таъсир кўрсатади. Президент турли қийноқларни йўқотиш, қонунларни ислоҳ қилиш, одил суд тизимини жорий этиш учун жон-жаҳди билан курашса-ю, бир тирриқ бузоқ ҳаммасини бир пулга чиқарса.

Бу иш юзасидан ва ходимга кўрилган чора бўйича Ички ишлар вазири халққа изоҳ бериши керак.

Сарвар Хуррамов,
журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг