Айрим товарларга божхона имтиёзлари жорий этилди
«Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони (ПФ–6318-сон, 30.09.2021 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, Ўзбекистонга олиб киришда қуйидаги товарлар ва транспортлар учун божхона божи бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2024 йил 1 январгача узайтирилади:
- белгиланган рўйхат бўйича юридик шахслар томонидан, шу жумладан лизинг шартномаси асосида олиб кириладиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари;
- нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун янги тез тиббий ёрдам автомобиллари;
- белгиланган рўйхатларга кўра тематик хиёбонлар, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, қурилиш ва бошқа материаллар;
- ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ортиқ бўлмаган, йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган 8 ва ундан ортиқ ўриндиқларга эга транспортлар;
- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, транспорт-логистика хизматлари кўрсатишга мўлжалланган, белгиланган рўйхатлардаги омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар, эҳтиёт қисмлар;
- дор (осма) йўллари, тоғ-чанғи кўтаргичлар, фуникулёрлар ва бошқа ўхшаш объектлар, «банжи-жампинг» ва «зиплайн» аттракционлари, бошқариладиган (дирижабль, ҳаво шари) ва бошқарилмайдиган аэростатлар, гондолалар, «рафтинг» ва «флайбординг» учун ускуналар, механизмлар ва эҳтиёт қисмлар.
Ўзбекистонга олиб киришда қуйидаги товарлар 2021 йил 1 октябрдан 2024 йил 1 январгача божхона божидан озод қилинади:
- белгиланган рўйхат бўйича таълим ташкилотлари учун ўқув лаборатория ва махсус асбоб-ускуналар ва жиҳозлар;
- тақиқланмаган ўйин автоматлари, видеоўйинлар учун ускуналар ва боулинг учун автоматик ускуналар;
- белгиланган рўйхат бўйича юридик шахслар томонидан, шу жумладан лизинг шартномаси асосида олиб келинадиган янги стоматология ва косметология асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter