9 ёшли қизни ким ўлдирганди? Андижонлик аёл терговда қийноққа солинганини маълум қилди
2020 йил 21 июнь. Андижон вилояти Асака туманида 9 ёшли норасида қиз ўта шафқатсизлик билан ўлдириб кетилади.
Ушбу шов-шувли жиноят ишини Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси олиб бориб, жиноятни марҳуманинг қўшниси Асрорахон Ҳамдамова содир этган деб топади.
Аммо, 10 ой умрини қамоқда ўтказган андижонлик Асрорахон Ҳамдамова суд залидан озод этилди.
У ва унинг адвокати Kun.uz журналисти билан суҳбатда қийноқ, ноҳақликлар ва далилларнинг сохталаштирилгани ҳақида сўзлаб берди.
Қилмаган оғир жиноятни ҳеч қандай босимсиз бўйинига олиши учун одам жинни ёки тентак бўлиши кераклиги, оқланган аёлнинг ақли расо эканми, демак, шўрлик «қотилликка иқрор бўлиши учун» қийноққа солинганига шубҳа қилмаслик кераклиги ҳақида аввалроқ алоҳида тўхталган эдик.
Қуйидаги ҳикоя эса тахминларни оқламоқда.
Асрорахон Ҳамдамова ҳикояси
— Қундузойнинг (марҳума қиз) онаси Дилноза опа билан ўртамизда олди-бердимиз бор эди. Тўйларга борганда Дилноза опа ҳам мени тиллаларимни тақиб борарди. Мен фарзанд кўриб, «роддом»дан чиқишимга Дилноза опанинг тилла занжирини тақиб турганман. Узилган тилла занжир ипда боғлаб қўйилган эди. «Роддом»дан чиқиб, уйга борганимда боғланган ипи узилиб кетиб, қаердадир тушиб қолган экан, йўқотиб қўйганман. Тергов даврида терговчиларга шу воқеа қўл келиб қолиб, мени фирибгарликда айблашди ва икки суткага қамаб қўйишди. У ерда орган ходимларининг хонасига олиб кириб, яна терговни бошлашди.
Умид ака: «Бўлди, қизни сенинг эринг ўлдирибди», деди. Менинг эрим қилмаган, эрим буни исботлаб бўлди, эрим ҳеч қачон бунақа иш қилмайди, деганимда: «Йўқ, сенинг эринг қилмаган, лекин ҳаммасини бўйнига олиб бўлди», деди. «Шунинг учун сен бўйнингга ол», деб устимдан кулишди. Шунақа гаплар билан менга тазйиқ ўтказишиб, ёмон аҳволга тушириб қўйишди.
Кейин мени девор бурчагига турғазиб қўйиб, ёмон гаплар билан ҳақорат қилишди. Умид Каримов: «Бўйнинга қўяман, айтиб берасан ҳаммасини» деди. Кейин ёнимга келиб: «Агар бўйнингга олмайдиган бўлсанг», дея менга қўллари билан тегинди. Қўли билан тегингандаёқ мен ўзимни йўқотиб қўйиб, оёғимдан белимгача увишиб, баданимдан қон кетди.
Жиноят содир этилиши бўйича ҳолатни ўзлари қоғоз чизиб беришди ва мендан шулар бўйича гапиришимни талаб қилишди. Пичоқни қаердан олганим, уйга қандай кирганим, қотиллик содир бўлган вазият, барча-барчасини орган ходимларининг ўзлари тузган режа бўйича гапириб беришимни талаб қилишди.
Аслида мен терговда ҳеч нарсани гапира олмаганман. Ходимлар ўргатган гаплари миямдан чиқиб кетиб қолаверган. Прокуратурада видеога олинадиган вақтда ҳам менга ўргатиб бўлиб, гапириб бер, деб бақирганда ҳам ўргатган гаплари қўрққанимдан эсимдан чиқиб қолаверган. Видеони ўчириб туриб, бошқатдан ўргатиб, гапиртиришган.
Бир гал шундай ҳолат бўлдики, Санжар ака столда ўтирганимда қаёқдан келиб урганини билмай қолдим. Пешонамда кўкарган жойлари анчагача кетмади. Эгила олмай қолгандим. Тазйиқ ва жисмоний зўравонликлар ҳақида психолог опага айтгандим, аммо фойдаси бўлмади.
Кўрсатувларни воқеа жойида кўздан кечириш тергов ҳаракатига олиб боришганида умуман ўзимда эмас эдим. Чунки тез ёрдам чақирилганда менга укол қилишган ва сув ичиришганди. Мен бу жараённинг тасвирларини судда кўрдим. Тўғриси, бунақа аҳволга ҳеч қачон тушмаганман.
Тергов даврида ҳам руҳий, ҳам жисмоний тазйиқлар қўлланилди, бесабаб калтаклашди, айбсиз бўла туриб, аёл бошимга 10 ой умрим қамоқхонада ўтди. Ўша вақтларда ичимдан нималар ўтгани ўзимга ва ёлғиз Аллоҳга аён. Ҳозир эслагим ҳам келмайди. Аллоҳга шукр, оқланиб чиқдим, дейди у.
Адвокатнинг ҳикояси
2020 йил 3 июлдан бошлаб Асрора Ҳамдамованинг ҳимоясига киришган «LAWYER MASDAR» адвокатлик фирмаси адвокати Ойбек Абдураҳмонов машаққатли кечган тергов ва суд жараёнларини қуйидагича тасвирлайди.
— Асакадаги бу мудҳиш воқеа, яъни 9 ёшли қизча – Қундузой Исроилованинг шафқатсизларча ўлдирилиши бутун Ўзбекистонни ларзага солди. Мен 2020 йил 3 июлдан қотилликда гумон қилинаётган Асрора Ҳамдамованинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жараёнида шунга амин бўлдимки, А.Ҳамдамованинг ҳаракатларида умуман жиноят аломатлари бўлмаган. Нафақат биз, балки одил суд ҳам ишни ўрганиб чиқиб, аниқ бир тўхтамга келди.
Қотиллик содир этилган куни марҳума Қундузойнинг онаси Дилноза Аҳмадалиева А.Ҳамдамованинг келин бўлиб тушган уйида бўлган. Дилноза Аҳмадалиева ва Асрора Ҳамдамова гаплашиб турганида, Асрора онасининг уйига бормоқчи эканини ва сочини турмаклатиш учун қўшни «салончи» аёлни телефон орқали чақирмоқчи эканини айтади. Бундан ташқари, Асрора турмуш ўртоғи билан ҳам боғланиши керак бўлган. Асрорахонда телефон йўқлиги сабаб, Дилноза Аҳмадалиева уйида қизи Қундузойда телефон борлигини ва А.Ҳамдамовага олиб чиқиб, ишлатиши мумкинлигини айтади. Асрора тўрт-беш дақиқада кириб чиққан. Бу Дилноза Аҳмадалиеванинг кўрсатмалари билан тасдиқланяпти.
Шуни айтиб ўтиш керакки, кўп ноаниқликлар мана шу – А.Ҳамдамованинг марҳуманинг уйига кириб чиқиш вақти билан боғлиқ Мен ўзим тажриба сифатида ўша жойнинг ўзида, улар гаплашиб турган жойдан марҳуманинг уйи дарвозасига бориб-келишни метрлаб, қадамлаб ўлчаб чиқдим. 3 дақиқа-ю, 15 сония вақт кетди. У мана шу вақт оралиғида турган жойидан хонадонга бориб, хонама-хона кириб, моддий қийматликларни тортмалардан излаган бўлиши керак. Бу умуман мантиққа ва ички ишлар ходимларининг хронометражига ҳам тўғри келмаяпти.
Асрорахон бу қотилликни содир этадиган бўлса, у хонадоннинг камида 30 метр ичкарисига кириб туриб, хонадондан пул маблағини, моддий қимматликни қидириши керак. Бу эса айтилаётган вақтга умуман тўғри келмайди.
Асрорахон 10 ойдан ортиқ муддат қамоқда сақланган. Уч ойлик қўлида гўдаги бор аёл кишини қамоқда сақлашга қонун йўл қўймайди.
Марҳума Қундузой Исроилованинг орқа пешовидан олинган тампонда эркак кишининг сперматозоиди аниқланган. Бир қанча фуқаролардан мансублигини аниқлаш мақсадида намуналар олинган.
Тергов жараёни кетаётган пайтда, Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи Шерзод ака: «Бу сперматозоид ҳақида эшитасизлар. Бизда маълумот бор. Ҳозир сизларга ошкор қила олмаймиз, бу ишни ўспирин бола қилган. Сперматозоид ўспирин болага тегишли. 17-18 ёшли йигит. Биз аниқлаб бўлганмиз», деганди.
Аслида тергов жараёни санкция олингандан кейин 3 ой муддат давомида тугаши керак эди. Бизга қарорни беришгач билдикки, Асрорага марҳумнинг хонадонида бир йил муқаддам ўғрилик жинояти содир бўлгани ҳолати бўйича айблов эълон қилинган.
Бу ҳам ҳеч қандай исботини топмаган.
Яна бир айблов Д.Аҳмадалиеванинг тилла занжири (цепочка) йўқолгани билан боғлиқ. Шу йил 19 мартда Асрора чақалоқ кўрган ва туғуруқхонадан чиқишида Д.Аҳмадалиеванинг «цепочка»сини олиб йўқотиб қўйгани ҳолати. Бу айблов ҳақида шуни айтиш мумкинки, адвокатлар «икки карра икки тўрт»дек биладиган ҳолат бўйича айблов қўйилган. Сабаби, фуқаролик ҳолати ва фирибгарлик ўртасида фарқни юристлар яхши билади. Фирибгарлик бу – бировнинг мулкини алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш билан содир этилади. Бу эса икки фуқаро ўртасидаги олди-берди муносабати эди.
Биз Бош прокуратура терговчисига бу ҳолатни айтдик. Терговчи: «Бўпти, қарз экан. 4 миллион сўмни тўлаб қўйсин, айбловдан чиқариб юборамиз», деди.
Бугунги кунга келиб, айнан мана шу айблов бўйича фирибгарлик моддаси билан суд ҳукми чиқди. Биз бу ҳолатга ҳали ўз муносабатимизни билдирамиз.
Шунингдек, қўйилаётган иккита бевосита бир-бири билан боғлиқ 97- ва 164-моддаларга (қасддан одам ўлдириш ва босқинчилик) тўхталсак.
Буларга асосан, гўёки А.Ҳамдамова марҳум қизалоқнинг уйига моддий қийматликлар ва пул ўғирлаш учун кириб, ҳамма хоналарни титиб, ошхона ёнидаги хонада тортмани очади ва у жойдан маълум бир суммадаги пулни олаётганида марҳума Қундузхон уни кўриб қолган. Асрора гувоҳни йўқотиш, жиноятини яшириш мақсадида унга гўёки 19 марта пичоқ урган. Бу ҳолатда сабабий боғланиш йўқ. Ўйлаб кўринг, пулни олаётганини кўриб қолган қизни ўлдиришга арзирли ҳолат эмас-ку?
Гумонланувчини вақтинча сақлаш ҳибсхонасига олиб тушишди, санкция олишди. Оқ қоғозга чизиб ўргатиб, «виводка»га олиб чиқишди. Бўйнига қўйиб, пичоқни кўрсатиб олишди. Қисқаси, А.Ҳамдамовадан «иқрорий кўрсатма»ни олишди. Энди, Асрорахон кўрсатиб берган хўжалик пичоғидан марҳуманинг биологик материали, яъни қонни аниқлашса, А.Ҳамдамова қотиллик жинояти билан узоқ муддатга қамоқ жазоси қўлланиши керак эди. Эҳтиёт чора сифатида аёл қамаб қўйилди.
Орқага йўл қолмаганди. Энди марҳум қизалоқда аниқланган жароҳатлар ва сперматозоидни йўқ қилиш уларнинг асосий вазифаси бўлиб қолди. Жиноят ишида мавжуд бўлган мурдани экспертиза қилиш жараёнида олинган суратларда марҳума қизнинг орқа пешовидан олинган тампонларда сперматозоид аниқланган. Бундан ташқари, орқа пешов суратини кўрган инсон зоти жароҳатлар изидан сесканиб кетади. Мазкур ҳолатларни чеккалаб ўтиб бўлмас эди.
Бундан ташқари, Андижон вилоят судида ишловчи суд-тиббий экспертиза ўтказган аёл кишига тазйиқ ўтказилган деб ҳисоблайман. Чунки у судга келишдан бўйин товлаб юрди. Мана шу аёл тампондан сперматозоидни аниқлаган ва хулоса берган.
Бу хулосаларни биз олганмиз. Шундан сўнг Тошкент қайта экспертиза қилди ва уларга берилган намунадан сперматозоид аниқланмагани ҳақида хулоса берди.
Биринчи экспертиза олган аёлдан: «Менинг ёшим катта, адашдим шекилли», қабилида кўрсатма олишди.
Охир-оқибат ўша аёлни судга олиб келишди. Ва кўп нарса ойдинлашди. Сперматозоидни аниқлашнинг икки хил усули бор экан – «экспресс тест» ва «скарпиян» деган усул. Ҳар иккала услубда ҳам сперматозоид аниқланган экан. Бу усуллар бир-бирини инкор қила олмаслиги аниқланди. Бундан ташқари, инсондан ажраладиган ҳеч қайси бошқа суюқлик сперматозоиднинг таркибини бера олмас экан. Судда бу ҳолат аниқ айтиб кетилди.
Биз шу нарсага амин бўлдикки, ҳар бир процесс, суд тергови А.Ҳамдамованинг айбсизлигини исботлади. Асрорага қарши бирор далил-исбот топилмади. Тўғри, гувоҳлар, яъни ўша ерда ишлаётган усталар, унинг хонадонга кириб-чиққанини кўришган, лекин қўлида пичоғини ёки кийимида қон изларини кўришмаганини айтишди.
Умумий қилиб айтадиган бўлсак, қотиллик жинояти содир этилди. Ҳақиқий қотилни излаш бошланди. Андижон вилояти ИИБ қотиллик жиноятлари билан ишлаш бўлими хронометраж ўтказиб, марҳумнинг онаси ва бошқаларни сўроқ қилиши жараёнида марҳумни охирги марта кўрган А.Ҳамдамова бўлиб чиқяпти. Шундан сўнг унга тазйиқ, қўрқитиш, алдаш йўллари билан босим ўтказиб, қамоққа тиқиб олиб, «виводка»га олиб чиқиб, бўйнига қўйишган. Улар маълум бир маънода мақсадига ҳам эришган. Балки, юқоридан «жиноятни очасан» деган буйруқ бўлгандир.
Қотиллик ишларида экспертиза хулосаси биринчи ўринда туради. Қамалишидан манфаатдор тараф, пичоқнинг дастасидан биологик материал чиққанига эътибор қаратди. Айнан мана шу детални аниқлаштириб олиш учун суд яна бир ойга чўзилди. Яна экспертиза ўтказилди. Бу сафарги экспертиза ҳам Асроранинг фойдасига ишлади. Барча иш ҳужжатларининг юз фоизи ҳимоямдаги шахснинг манфаати тарафида чиқди. Ҳақиқат юзага чиқди.
Фикримча, бу ерда ҳақиқий қотил – эркак киши. Чунки ҳодиса жойида сперматозоид аниқланган. Қотил кўчада юришини ҳеч ким ҳоҳламайди. Гўдакни қийнаб ўлдирган ҳақиқий қотил албатта топилиши керак.
Яна бир ҳолат. Ўтган йил 23 июн куни Асака туман прокурори ўринбосари Эгамбердиев томонидан айнан воқеага гувоҳ бўлган вояга етмаган Абдураҳмон Обиджонов сўроқ қилинганида, у бир шахсни гилос дарахти устида кўрганини айтиб ўтган. Лекин, терговчи мазкур ҳолатни айблов хулосасида акс эттирмаган, — дейди адвокат Ойбек Абдураҳмонов.
***
Шу билан бирга, таъкидланишича, Асрора Ҳамдамованинг биринчи инстанция судида оқлангани унинг шу иш бўйича жавобгарликдан тўла халос бўлганини англатмайди. Сабаби суд ҳукми ҳали кучга кирганича йўқ. Бундан ташқари, прокуратура ёки бошқа манфаатдор шахсларнинг суд ҳукми устидан апелляция шикояти киритиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас...
Ҳали ёшига тўлмаган чақалоғи бўлса-да, қарийб 10 ой вақт қамоқда ўтирган аёл ва унинг адвокати сўзлари эса ҳамон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг руҳий ва жисмоний тазйиқлари, тергов органининг ноқонуний ҳаракатлари давом этаётганини кўрсатмоқда. Ва бу ҳолат жиддий ўрганилиши ҳамда айбдорлар жазога тортилиши кераклигини англатади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter