Аёл қадри улуғланган юртда тинчлик ва фаровонлик барқарор бўлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи.
Ассалому алайкум, азиз ва мўътабар онахонлар!
Мунис опа-сингиллар!
Дилбар қизларим!
Шукуҳи ва қувончи тамоман ўзгача бўлган бугунги тантанамизда иштирок этаётган сиз, нафосат олами вакилларини, бутун мамлакатимиз аёлларини Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий табриклайман. Барчангизга чуқур ҳурмат-эҳтиромимни ва энг эзгу тилакларимни билдираман.
Аввало, оилангиз ва яқинларингиз бахтига, қолаверса, аёл қадрини эъзозлаб яшайдиган эл-юртимиз бахтига соғ-омон бўлишингизни, доимо мана шундай гўзал баҳорий кайфиятда юришингизни тилайман.
Муҳтарам юртдошлар!
Халқимиз азал-азалдан Она сиймосини, Аёл зотини Яратганнинг улуғ неъмати, тенгсиз мўъжизаси, деб билади, уни ҳамиша ардоқлаб-асраб яшайди. Юртимиз заминидаги “Бибихоним”, “Қизбиби”, “Модарихон”, “Қирққиз” мажмуаси каби табаррук меъморий обидалар ҳам ана шундай азалий юксак эътибордан далолат беради.
Айни пайтда биз инсоният тараққиётига унутилмас ва беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизни дунёга келтириб, меҳр билан тарбиялаган, уларни улуғвор ишларга руҳлантириб, камарбаста бўлган фозила аёлларимиз билан албатта фахрланамиз.
Маълумки, ҳар қандай жамият ва давлатнинг қай даражада халқпарвар ҳамда адолатли экани унинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва ғамхўрлиги билан белгиланади.
Халқимизни рози қилишдек олий мақсадга эришиш учун хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Шу ўринда эътиборингизни айрим мисолларга қаратмоқчиман.
“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” деган эзгу тамойил асосида, 2021 йилда 900 мингга яқин хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдамлар кўрсатилди. Бу мақсадлар учун бюджетдан 2 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Хусусан, 18 мингта аёлларга уй-жой харид қилиш учун 400 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Боқувчисини йўқотган аёлларнинг фарзандлари учун боғча харажатларини бюджетдан қоплаш тартиби жорий этилди.
Яна бир муҳим рақамга эътибор беринг. Фақатгина 2021 йилнинг ўзида хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2 триллион сўмдан зиёд кредит ва субсидиялар ажратилди. Натижада 320 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз доимий иш ва даромадга эга бўлдилар.
Мамлакатимизда жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш бўйича ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, 2021 йилда эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 мингдан зиёд қизлар олийгоҳларга давлат гранти асосида қабул қилинди, яна шунча талаба қизларга контракт пуллари тўлаб берилди.
Аёллар таълимига алоҳида эътибор бераётганимиз туфайли ўтган йили олий ўқув юртларига қабул қилинган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.
Агар бундан олти йил аввал олийгоҳларда 110 минг нафар қизларимиз таҳсил олишган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 400 минг нафарга етди ёки уларнинг улуши 2016 йилдаги 38 фоиздан айни пайтга келиб қарийб 50 фоизга етди.
Бу натижалар ҳам ушбу йўналишдаги ислоҳотларимизнинг амалий ифодаси, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам фикримга қўшиласизлар.
Ҳар қандай халқнинг етуклик даражасини, аввало, аёлларнинг илмий-маданий камолоти белгилаб бериши, оқила ва ўқимишли оналар миллатнинг буюк келажагини яратишлари ҳаммамизга яхши аён. Шу боис донишмандлар:
“Битта қиз болани ўқитсангиз — бутун оилани ўқитган бўласиз”, деб бежиз таъкидламаганлар.
Қизларимизнинг замонавий билимлар ва касб-ҳунар эгаси бўлиб, жамиятда ҳамда ўз оиласида муносиб ўрин топиши учун бошлаган ишларимизни бундан кейин ҳам изчил давом эттирамиз. Бу борада, аввало, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш миллий дастурини қабул қиламиз. Ушбу ҳужжат доирасида пойтахтда хотин-қизлар учун алоҳида университет ва жойларда унинг техникумларини ташкил этамиз. Барча талаба қизларга таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш тартиби жорий қилинади.
Ушбу ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида илмий изланиш ва кашфиётлари билан юртимиз равнақига катта ҳисса қўшиб келаётган олима аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларини янги босқичга кўтарамиз.
Маълумки, бугунги кунда опа-сингилларимиз орасида ўнлаб академик ва профессорлар, фан докторлари ва фан номзодлари, юзлаб истеъдодли тадқиқотчилар бор. Илм-фан билан шуғулланиш, илмий янгилик яратиш – бу игна билан қудуқ қазишга баробар.
Мен ўзим шу соҳадан чиққаним учун бу ишнинг нақадар қийин ва мураккаб эканини яхши биламан. Шунинг учун ҳам оила ташвишлари ва фарзанд тарбиясини илмий тадқиқот билан бирга олиб бораётган, бу борада амалий ютуқ ва натижаларга эришаётган олима аёлларни шахсан мен чинакам матонат ва жасорат соҳибалари деб биламан ва юксак қадрлайман.
Зукко ва билимдон хотин-қизларнинг илм-фанга бўлган қизиқиш ва иштиёқини ошириш мақсадида биз бир қанча муҳим чора-тадбирлар белгиладик. Жумладан, келгуси ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган барча қизларнинг контракт пулларини тўлиқ бюджетдан қоплаб бериш учун ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилади; докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.
Бу ишларни тизимли равишда ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузурида “Олима аёллар жамияти” тузилади. Ушбу жамият мамлакатимизда ва хорижда илм-фан соҳасида юксак ютуқларга эришаётган олима аёлларимизни жипслаштириб, уларнинг ақл-заковат нурини ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига кириб бориши учун ўзига хос парвоз майдонига айланади.
Заҳматкаш олималарнинг машаққатли ва шарафли меҳнатини муносиб рағбатлантириш, улар учун ҳар жиҳатдан қулай шароит яратиш мақсадида “Олима аёллар жамияти”га ҳар йили 50 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Умуман олганда, юқорида айтилган барча мақсадларга жорий ва келгуси йил учун 1,8 триллион сўм йўналтирилади.
Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!
Хабарингиз бор, яқинда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича ўтказилган йиғилишда ҳам бу борада олдимизда турган энг муҳим масалаларни атрофлича муҳокама қилиб олдик. Шу асосда муҳим Фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Ушбу вазифаларни тизимли ва самарали амалга оширишни таъминлаш мақсадида Бош вазир ўринбосари лавозими қайта тикланди ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди.
Республикадаги 9,5 мингга яқин маҳалла раисининг хотин-қизлар ва оила бўйича ўринбосарлари ҳам қўмита тизимига ўтказилди. Ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилинди.
Шу тариқа опа-сингилларимизнинг муаммолари, дарду ташвишлари билан доимий шуғулланадиган адолатли ва самарали тизим яратилди.
Энди мамлакатимизда аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ёндашувлар ҳам тубдан қайта кўриб чиқилади. Жумладан, эҳтиёжманд аёлларга зарур шароитлар яратиш, хотин-қизлар саломатлигини тиклаш ва муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ жойларда яшайдиган аёлларнинг касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш бўйича муҳим тадбирлар амалга оширилади.
Мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасида ишлаётган хотин-қизлар сонини янада кўпайтириш мақсадида “Бизнесчи аёллар” дастури қабул қилиниб, унинг доирасида 8 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Шунингдек, жорий йилда ипотека кредитлари бўйича бериладиган субсидияларнинг 40 фоизи хотин-қизлар учун ажратилади. Бу муҳтож аёлларни 12 мингта қулай уй-жой билан таъминлаш имкониятини беради.
Тарихимизда илгари бўлмаган бундай кенг кўламли ишлар ижроси учун 15 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда.
Барча ҳудудларимизда жамоатчиликка, аввало, ёшларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган, обрў-эътиборли аёлларни ўз сафида бирлаштирган “Оқила аёллар” ҳаракатини сизлар билан бирга ташкил этсак, бу эзгу ҳаракат том маънода жамиятимиз овозига, маҳалла виждонига айланади, деб ўйлайман.
Шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча меҳнат жамоаларида хотин-қизларнинг муаммоларига самарали ечим топиш учун “Аёллар кенгашлари” тузилмоқда.
Бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: хотин-қизлар ва оила масаласи – бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир.
Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади. Дуогўй момоларимиз, муштипар оналаримиз ва азиз опа-сингилларимиз бу эҳтиром ва эътиборнинг албатта қадрига етадилар. Аёл қадри, инсон қадри улуғланган юртда эса, тинчлик ва фаровонлик, аҳиллик ва барака албатта барқарор бўлади.
Ҳурматли байрам тадбири қатнашчилари!
Ҳозирги кунда хотин-қизлар мамлакатимиздаги демократик жараёнларнинг, халқчил ислоҳотларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
Биз республикамиз бошқарув тизимида, парламент ва маҳаллий кенгашларда, турли соҳаларда билимдон ва фидойи опа-сингилларимизнинг улушини кўпайтиришга алоҳида аҳамият қаратамиз. Уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада кучайтириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, она Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган сизлар каби минг-минглаб жонкуяр аёллар, фаол қизларимизга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик изҳор этишга ижозат бергайсиз.
Шу билан бирга, бугунги файзли даврамизда иштирок этаётган дипломат хонимларни – хорижий давлатларнинг ҳурматли элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларини ҳам чин дилдан самимий қутлайман. Сизларга ўзаро манфаатли ва кўпқиррали муносабатларимиз ривожига қўшаётган муносиб ҳиссангиз учун алоҳида ташаккур изҳор этаман.
Айниқса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Марказий Осиё масалалари бўйича махсус вакили Наталия Герман хоним олияларини бугунги байрамда иштирок этаётганликлари учун алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Бугунги байрам билан ушбу меҳмонимизни ҳам самимий табриклаб, минтақамизда яқин қўшничилик ва кўпқиррали ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги масъулиятли ишларида улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Азиз опа-сингиллар!
Биз жонажон Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишни ўз олдимизга буюк мақсад қилиб қўйганмиз. Бу эзгу ва шарафли йўлда энг аввало, оиланинг муқаддас қадриятларига ва чин мураббий бўлган оналаримизнинг теран маънавиятига таянамиз.
Шу боис мен сизларга мурожаат этиб айтмоқчиман.
Биз мамлакатимизни ҳар томонлама юксалтириш учун янги тарихий даврга қадам қўйдик.
Фарзандларимиз қалбига улуғ мақсадлар, олижаноб ғояларни сингдириш – барча Ўзбекистон оналарининг шарафли бурчидир.
Юксак фазилатли, мард ва жасур, ватанпарвар ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш албатта сизларга боғлиқ. Бу – ёруғ келажакка йўналтирилган энг катта инвестиция ва битмас-туганмас бойликдир.
Шу ўринда шижоатли ва дилбар қизларимга ҳам кўнглимдаги бир фикрни айтмоқчиман.
Бугун биз эркин ва очиқ жамиятда яшамоқдамиз. Бу имкониятдан тўғри фойдаланиб, давр билан ҳамқадам бўлишимиз, замонавий илм ва касб-ҳунарларни эгаллаб, илғор тараққиёт ютуқларини ўзлаштиришимиз, айни вақтда миллий ўзлигимизга содиқ қолишимиз керак. Сизлар эл-юртимизнинг ана шундай юксак умиди ва ишончига муносиб бўласизлар, деб ишонаман.
Қадрли ватандошлар!
Маълумки, турли соҳаларда ўз иқтидорини намоён этиб келаётган истеъдодли қизларимизни ҳар йили мана шу қутлуғ байрам арафасида Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирлаш яхши анъанамизга айланган.
Бугун Зулфияхонимга муносиб издош сифатида эътироф этилиб, совриндорлар сафида турган яна 28 нафар зукко фарзандларимни кўриб, қалбим чексиз фахр ва қувончга тўлмоқда. Сизлар каби юксак марраларга интилувчан қизларимни чин юракдан табриклаб, намунали фаолиятингиз ва етакчилик фазилатларингиз билан тенгдошларингизга ўрнак бўласизлар, деб ишонаман.
Шунингдек, ушбу файзли лаҳзаларда кўп йиллар давомида давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, фидойи меҳнати билан ўз соҳасида катта ютуқ ва натижаларга эришаётган бир гуруҳ аёлларимизни юксак давлат мукофотлари билан тақдирлаймиз.
Сизларнинг ҳар бирингиз ўз ғайрат-шижоатингиз, тафаккур ва тажрибангиз билан Янги Ўзбекистонимиз равнақи ва она халқимиз фаровонлиги учун беқиёс хизмат қилмоқдасиз.
Эл-юрт эътибори ва чексиз меҳрини қозонган ҳар қандай киши ўзини бахтиёр ҳис этишга ҳақлидир.
Шу маънода, давлатнинг юксак мукофотларига сазовор бўлиш, бу аввало, халқнинг назарига тушиш, унинг дуосини олиш демакдир.
Бугунги қувончли айёмда сизларга, азиз опа-сингилларим ва мунис қизларимга ана шу мукофотларни топшириш менга улкан мамнуният бағишлайди.
Муҳтарама опа-сингиллар!
Суюкли қизларим!
Барчангизни яна бир бор бугунги баҳор ва нафосат, гўзаллик ва латофат байрами билан самимий табриклайман.
Сизларга дунёдаги энг бебаҳо бойлик – оилавий бахт-саодат, тинчлик-хотиржамлик, фарзандлар ва набиралар камолини кўриб юриш қувончи ҳамиша ёр бўлишини тилайман.
Иқболингиз баланд, умрингиз узоқ, ҳаётингиз фаровон бўлсин!
Қалбингиз доимоо баҳордек яшнаб турсин!
Ҳамиша соғ-омон бўлинглар!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter